Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилонда “Ижод мактаби – ибрат мактаби” мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди

×

 2021-05-19 10:12:33    200

PDF yuklash
Chop etish


Матбуот анжумани аввалида Марғилон шаҳридаги Ижодкорлар боғи олдида Республикадан ҳамда вилоятдан келган меҳмонлар тантанали тарзда карнай-сурнай садолари билан кутиб олинди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги директори Ҳилола Умарова, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси фаоллари, турли дахлдор ташкилотлар, кенг жамоатчилик вакиллари ва ўқувчилар иштирокида Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли шоир ва адиб Эркин Воҳидов ҳайкали пойига гулчамбар қўйилиб, унга юксак эҳтиром кўрсатилди.
Тадбир Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби анжуманлар залида давом этди. Вилоят ҳокими Президентимиз томонидан барча соҳаларга, жумладан, таълимга алоҳида эътибор кўрсатилаётганини таъкидлаб ўтди.
- Давлатни ривожланишида икки соҳа муҳим аҳамиятга эга. Уларнинг бири соғлиқни сақлаш тизими бўлса, иккинчиси таълим ҳисобланади. Чунки соғлиқ бор жойда, сифатли таълим бор жойда фикрлаш бўлади, ўсиш бўлади, олдинга интилиш бўлади. Ижод мактабларига ҳам иқтидорли ёшлар йиғилган. Уларга кўмак бериш, истеъдодларини юзага чиқариш учун амалий ишлар олиб борилмоқда. Вилоятимизда Эркин Воҳидов номидаги ижод мактаби ташкил қилинганига ҳам 3 йил бўлди. Бу йил биринчи қалдирғочлар битиришади. Албатта, улар ҳам шу ерда олган билимларига таяниб, бошқаларга намуна бўлишади, келажакда ўз ўринларини топишади. Биз озгина эътибор бериб ҳам маънан, ҳам моддий ўғил-қизларни қўллаб-қувватласак, улар янада яхши натижаларга эришишади”, - деди вилоят раҳбари.
Таълим масканида ташкил этилган “Ижод мактаби – ибрат мактаби” мавзусидаги матбуот анжумани қизғин савол-жавоблар билан давом этди. Иштирокчиларга Президент мактаблари ва ижод мактабларига қабул, улардаги ўқув жараёнлари ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шундан сўнг ўқувчилар томонидан тайёрланган бадиий чиқишлар, турли тиллардаги шеър ва қўшиқлар йиғилганларда катта таассурот қолдирди. Айниқса, Эркин Воҳидов асари асосида саҳналаштирилган “Олтин девор” спектаклидан парча ўғил-қизларнинг актёрлик маҳоратларини яққол намоён этди. Якунда Республика миқёсида ҳамда вилоятда ўтказилган танловларда, олимпиадаларда ғолибликни қўлга қиритган ўқувчилар ва фаол ўқитувчилар муносиб тақдирландилар.