Shrift o'lchami Rang Rasm

МАРҒИЛОНДА ФУҚАРОЛАРНИНГ 2800 ТА МУАММОСИ ҲАЛ ЭТИЛДИ!

×

 2020-11-02 19:17:29    182

PDF yuklash
Chop etish


Хабарингиз бор, вилоят ҳокими ташаббуси билан Марғилон шаҳри аҳолисининг турмуш шароитини янада яхшилаш, моддий ва маънавий кўмакка муҳтож фуқароларни ўз мутахассислиги, қизиқиши бўйича иш билан таъминлаш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, хусусан, шаҳар ҳудудидаги 54 та маҳалла фуқаролар йиғинларида хонадонма-хонадон юриб темир дафтарга киритилган ҳамда ушбу рўйҳатдан чиқарилган оилаларнинг турмуш фаровонлигини ўрганиш юзасидан вилоят ишчи гуруҳи ташкил қилинган эди.

Вилоят раҳбари бошчилигида бугун шаҳар ҳокимлиги мажлислар залида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишда мазкур ишчи гуруҳнинг ҳисоботи тингланди.

Маълум бўлишича, ўтган муддат давомида шаҳардаги 48 та маҳалла фуқаролар йиғинларида ишчи гуруҳ томонидан 28076 та хонадонлар ўрганилиб, 5564 та муаммо ва камчилик борлиги аниқланди. Шундан ҳозирги кунгача 2795 таси ҳал этилди. Ижроси маълум муддат талаб қиладиган мурожаатларни ҳал этиш бўйича мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарларига тегишли топшириқлар берилди.

Вилоят ҳокими топшириғига биноан ишчи гуруҳ вакилларининг асосий эътибори МФЙларда қанча ишсизлар бор, улардан нечтаси 30 ёшгача бўлган ёшлар, қанча ишсиз аёллар бор, чет давлатлардан келган фуқароларнинг бандлик ҳолати, темир дафтарнинг холисона юритилиши, шунингдек, аҳолининг куз-қиш мавсумига тадоригини ўрганишга қаратилмоқда.

Ўрганишлар давомида бир нечта оилаларни “Темир дафтар”га киритиш хусусида ишчи гуруҳ вакиллари томонидан тегишли маҳалла фуқаролар йиғинларига таклифлар киритилди.

Вилоят ҳокими ишчи гуруҳ вакилларига дастлабки ўрганилган хонадонларда аниқланган муаммо ва камчиликларнинг мутасаддилар томонидан қай даражада ҳал этилаётганлигини такрорий ўрганиш юзасидан тегишли кўрсатма ва топшириқлар берди.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати