Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“ЎЗБЕК ТИЛИ БАЙРАМИ” КЕНГ НИШОНЛАНДИ!
2020-10-21 16:08:47 348
Бугун мамлакатимизда миллатимизнинг улуғ байрами – “Ўзбек тили байрами” кенг нишонланмоқда.
Бу тарихий санани ҳар йили 21 октябрь куни фахр ва қувонч билан нишонлаймиз.
Бу байрамни давлат миқёсида нишонлашдан мақсадимиз шуки, ватанимизнинг дахлсиз тилини ҳурмат қилиш ва эъзозлаш, давлат тили ҳақидаги қонун-қоидаларнинг ҳуқуқий асосини мустаҳкамлаш ва амалиётга тадбиқ этишга кўмаклашишдир.
Бугун шаҳримиздаги “Ижодкорлар боғи” эрта тонгдан қалби айём шукуҳига йўғрилган адабиётсеварлар, соҳа фидоийлари билан тўлди.
Дастлаб, шаҳар ҳокими Адҳамжон Зиявитдинов ҳамда бир гуруҳ шаҳар фаоллари боғ марказида жойлашган Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов ҳайкали пойига эҳтиром рамзи сифатида анвойи гуллар қўйишди.
Тантанали байрам тадбири шоир номидаги Ижодкорлар мактабида давом этди. Шаҳар ҳокими тадбир иштирокчилари, хусусан барча ҳамшаҳарларимизни байрам билан самимий муборакбод этиб, “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” мавзусида ижодий ишлар танловида ғолиб деб эътироф этилган ижодкор ёшларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғаларини топширди.
Ижодкорлар мактаби ҳамда шаҳардаги 8-сонли болалар Мусиқа ва санъат мактаби ўқувчиларининг бебаҳо тилимизни мадҳ этувчи шеърлари, дилрабо куй-қўшиқлар ҳамда саҳналаштирилган ижодий чиқишлари тадбирга янада кўтаринки кайфият улашди.
Бир сўз билан айтганда, жамиятнинг ҳар бир фуқароси ўз она тилига, миллат ва уларнинг ўтмишига ҳурмат билан қараши муҳим аҳамиятга эга.
Бу билан она тили миллат саройи пойдеворининг биринчи ғишти ва миллий давлатчиликнинг асосларидан бири эканлигини айтиш мумкин. Зеро, Ўзбек тили халқимизнинг барча буюк маънавий қадриятлари, қадимий цивилизация ва маданиятимизнинг биз фахрланадиган ифодасидир.
Бизнинг миллий вазифамиз ва ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз эса она тилимизни ўрганиш, уни энг қимматли қадрият сифатида ҳимоя қилиш, бу тилнинг ажралмас меросини, кенг билимларини авлоддан-авлодга етказиш, уни ўрганиш, бошқаларга ўргатиш ва унинг ҳикматидан баҳраманд бўлишдир.
Алишер АНВАРОВ,
Шаҳар ҳокими маслаҳатчиси