Shrift o'lchami Rang Rasm

Халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгаши сессиясида

×

 2020-08-27 15:28:17    281

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Миромонович Мирзиёев бошчилигида жорий йилнинг 20 август куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида шаҳар ҳокимларининг аҳолининг эҳтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш (“темир дафтар”) тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш борасида амалга ошираётган ишлари натижадорлигини Халқ депутатлари Кенгашларида ҳар ойда муҳокама этиб боришлари белгиланган эди.

Ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Олтинчи чақириқ Халқ депутатлари Марғилон шаҳар Кенгашининг ўн учинчи сессияси бўлиб ўтди.

Унда шаҳар Кенгаши депутатлари, шаҳар ҳокимининг ўринбосарлари, сектор раҳбарлари ва масалага дахлдор ташкилот раҳбарлари иштирок этди.

Сессияга Марғилон шаҳар ҳокими, 1-сектор раҳбари А.Зиявитдинов раислик қилди.

У ўз сўзида кун тартибидаги масала – Марғилон шаҳрида аҳолининг эхтиёжманд қатламини қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликни ривожлантириш, бюджет даромадларини ошириш ва хорижда меҳнат қилган ишсиз фуқароларни ишга жойлаштириш юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳақида қисқача ахборот бериб ўтди.

Хусусан, шаҳримиз тадбиркорлари томонидан “Саховат ва кўмак” жамғармасига қарийб 1.4 млрд.сўм маблағлар молиялаштириб берилди.

Ушбу маблағлар ҳисобидан шаҳардаги эҳтиёжманд аҳоли қатламига сезиларли даражада ёрдам кўрсатилди, жумладан:

-      372.0 млн.сўм миқдорида нақд пул кўринишида моддий ёрдам кўрсатилди

-      қиймати 816.0 млн.сўм бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди

-      12.0 млн.сўм миқдорида дори-дармон маҳсулотлари олиб берилди

Бундан ташқари,  карантин даврида, натура кўринишида қарийб 600.0 млн.сўмлик қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатилди.

Шу билан бирга, Муҳтарам Президентимизнинг жорий йил 30 август кунги ПФ–6038-сонли фармонларига асосан, Ҳайит байрами арафасида 1.0 млн сўмдан, қўшимча равишда, байрамдан кейинги кунларда эҳтиёжманд оила аъзоларининг ҳар бирига 220.0 минг сўмдан, жами 4.9 млрд.сўм миқдорида моддий ёрдам кўрсатилди.

Ҳудди шунингдек, эхтиёжманд оилалар учун йил бошида ҳар ойда 1745 та оилага ижтимоий нафақалар тўланган бўлса, август ойига келиб, нафақа олувчилар  сони 4007 тага, яъни 2.3 баробарга ошиб, ойлик тўловларнинг миқдори 617.0 млн.сўмдан 1.4 млрд.сўмга ошди.

“Темир дафтар”даги оилаларнинг бандлиги таъминланмаган меҳнатга лаёқатли аъзоларини иш билан таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида умумий ҳисобда 2 739 нафар ишсиз фуқароларнинг бандлиги таъминланди.

Сессия давомида шаҳардаги сектор раҳбарларининг кун тартибидаги масала юзасидан ҳисоботлари тингланди.

Шундан сўнг шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази раҳбари Иқболжон Ғофуров ҳамда Халқ депутатлари шаҳар Кенгашининг «Маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш, иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш ва тадбиркорликни ривожлантириш масалалалари бўйича доимий комиссияси» раиси Осимхон Ахматшаевлар музокара учун сўзга чиқиб, шаҳарда аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш борасида олиб борилаётган ишлар самарадорлигини янада юксалтириш хусусида ўзларининг фикр ва мулоҳазаларини билдириб ўтдилар.

 Сессия якунида кун тартибидаги масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати