Shrift o'lchami Rang Rasm

Facebook ижтимоий тармоғи орқали Марғилон шаҳридаги “таъмирталаб” кўчалар ҳақида тарқалган мурожаат бўйича Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизматининг РАСМИЙ МУНОСАБАТИ

 2020-02-27 15:06:19    271

PDF yuklash
Chop etish


Эълон қилинган мурожаатга “А.Яссавий”, “Шифокорлар” ҳамда "Ишчи” кўчалари бир қисмидан олинган расмлар илова қилинган.

4К-860А автомобиль йўлининг 3-6 км қисми, яъни “Ахмад Яссавий” кўчаси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 21 августдаги 653-сонли қарорига мувофиқ реконструкция қилиниши белгиланган.

Мазкур “А.Яссавий” кўчаси муқаддам тор бўлганлиги, автомобиллар ва пиёдалар ҳаракати хавфсизлиги таъминланмаганлиги сабабли йўл минтақасини кенгайтириш лойиҳага киритилган ва йўл бўйлаб жойлашган бино-иншоотларнинг кўча қизил чизиғидаги қисми бузиб олинган.

      Мурожаатга илова қилинган расмларда кўрсатилган ҳудуд “А.Яссавий” кўчасининг “Мустақиллик” ва “Туркистон” кўчалари кесишмалари оралиғидаги қисми бўлиб, ушбу ҳудудда ҳозирда ер ости коммуникация тармоқларини реконструкция қилиш ишлари олиб борилаётганлиги сабабли ҳаракат вақтинчалик тўхтатилган.

Мурожаатда кўрсатилган 1-тиббиёт коллежига “А.Яссавий” кўчасининг ушбу қисмидан эмас, балки ҳозирда коммуникация ишлари якунланган, автомобиль йўлининг иккита йўлак қисми асфальтлаштирилган, пиёдалар йўлаги ажратилиб, шебен билан қопланган ва босқичма-босқич асфальтлаштириб келинаётган ҳудуди орқали борилади.

1-тиббиёт коллежи жойлашган “Шифокорлар” кўчасининг узунлиги 400 метрни ташкил этиб, қарийб 4 йил олдин асфальтлаштирилган.

Ўтган давр мобайнида фуқаролар томонидан тармоққа уланиш мақсадида ўзбошимчалик билан айрим қисмлари, жумладан, коллежнинг иккинчи дарвозаси томонга бурилишдаги қисми ҳамда “Ишчи” кўчаси билан кесишмасидаги қисмига зарар етказилган.

Шундан сўнг, 2019-2020 йиллар куз-қиш мавсумидаги ёғингарчилик даврида асфальт қопламасининг емирилиши ортиб борган ва ҳозирда жами 150 м2 майдонни асфальтлаштириш зарур ҳолатга келган.

Шунингдек, “Ишчи” кўчасининг асосий қисми асфальтлаштирилган бўлиб, 100 м га яқин қисми асфальтлаштирилмай қолдирилган. Бу борада шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси томонидан жорий йилнинг 2-чорагида кўчаларнинг ушбу қисмларидаги асфальт қопламасини таъмирлаш ишлари манзилли дастурга киритилган.