Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
ФАХРУ ИФТИХОРИМ - МАДҲИЯМ!
2019-12-10 14:45:45 251
1992 йил 10 декабрь тарихимизга мустақиллигимизни мустаҳкамлаш даврининг муҳим воқелиги содир бўлган кун сифатида кирди. Хабарингиз бор, ушбу санада “Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси тўғрисида”ги қонун имзоланди. Қонунда белгиланганидек, мадҳиямиз давлат суверенитетининг рамзи ҳисобланади, унга зўр эҳтиром билан қараш ҳар бир фуқаронинг ватанпарварлик бурчидир. Қутлуғ сана муносабати билан бугун шаҳримиздаги Педагогика коллежида байрам тадбири ўтказилди. Тадбирни шаҳар ҳокими ўринбосари Тўланбой Бекназаров табрик сўзи билан очиб мадҳиямиз мамлакат мустақиллиги, халқ озодлиги давлатнинг буюк келажаги ҳақида куйлайдиган, бунёдкорлик ва тадбиркорликка руҳ бағишлашга хизмат қиладиган истиқлол рамзи эканлигини қайд этиб ўтди. Зеро, давлат рамзлари мамлакатимиз суверенитети ва мустақиллигини ифодаловчи, халқимизнинг шаъну шавкати, ғурури, ор-номуси, тарихий хотираси ва орзу-умидларини ўзида мужассам этувчи муқаддас тимсоллардир. Шу боис мустақилликнинг илк кунларидан халқимизнинг озодлик, ҳурлик сингари энг буюк орзу-интилишларини, маънавий қадриятларини ифодаловчи, Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, юртга садоқат, бунёдкорлик ва яратувчанликка ундовчи Бош қўшиқни қабул қилишга асосий эътибор қаратилди. Миллий мадҳиямиз муаззам садолари давлатимиз раҳбарининг турли мамлакатларга расмий ташрифлари чоғида, Ўзбекистонга келган хорижий мамлакатларнинг раҳбарларини кутиб олиш маросимларида, юртимизда ўтаётган умумхалқ байрамларида, йирик халқаро анжуманлар, тинчлик ва дўстлик келишувларида, спорт мусобақаларида ва спортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда энг баланд шоҳсупага кўтарилган пайтида баралла янграмоқда. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов шеъри, Ўзбекистон халқ артисти, атоқли композитор Мутал Бурҳонов мусиқаси асосида яратилган ушбу мадҳиямизда мусаффо осмонимиз, бахтли ва фаровон ҳаётимиз, халқимизнинг асрий орзулари, келажакка ёруғ умиди ва мустаҳкам ишончи теран ифодаланган. Юракларга фахру ифтихор туйғуларини жо этгувчи мадҳиямиз тадбир давомида ҳам жаранг сочди. Шунингдек, коллеж ўқувчилари томонидан ижро этилган она-Ватанни, истиқлолни улуғловчи шеъру қўшиқлар байрамга янада кўтаринкилик улашди.Юртбошимиз омон, халқимиз фаровон экан, мустақил мамлакатимиз юксак тараққиёт, буюк келажак барпо этиш сари одимлашда давом этади, улуғ халқнинг мангу қўшиғи – мадҳиямиз халқимиз, фарзандларимиз қалбидан чуқур жой олиб, олам узра баралла янграйверади. Бу қўшиқ она Ватанимиздан ғурурланишга, мустақиллигимизни мустаҳкамлашга, бугунимизнинг қадрига етишга, янги марраларни забт этишга ундайверади.