Shrift o'lchami Rang Rasm

ДАВЛАТИМИЗ РАҲБАРИ ТОПШИРИҚЛАРИ ИЖРОСИ ДОИРАСИДА МАРҒИЛОН ШАҲРИДА “ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН” МАССИВИ ҚУРИШ ЛОЙИҲАСИ БОШЛАНДИ, ҚИЁФАСИ ЭСКИРГАН МАҲАЛЛАЛАРДА РЕНОВАЦИЯ ДАСТУРИ ДОИРАСИДА КЎП ҚАВАТЛИ УЙЛАР ҚУРИЛИШИГА СТАРТ БЕРИЛДИ

×

 2024-07-22 18:48:27    378

PDF yuklash
Chop etish


Жорий йил 12 июль куни Президент Шавкат Мирзиёевнинг вилоятимизга ташрифи доирасида Қувада Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича устувор вазифалар юзасидан ўтказилган йиғилишда Қўқон, Марғилон шаҳарларида, туманлар марказларида "Янги Ўзбекистон массиви” лойиҳасини маҳаллагача тушириш топшириғи берилганди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллалар қиёфаси эскилигича қолиб кетаётганига танқидий эътибор қаратиб, шаҳар ва туман марказларида 5 тадан эски маҳаллаларни танлаб олиш, уларда 7-10 қаватли уйлар қуриш учун хусусий секторни жалб қилиш, уйларни биринчи галда ушбу маҳалла аҳолисига бериш бўйича кўрсатмалар берганди.

Қисқа муддатда ушбу топшириқлар ижроси юзасидан Марғилон шаҳри Янгиҳаёт кўчасидаги 75 гектар ер майдонида 6 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви қуриш бош режаси ишлаб чиқилди ҳамда “Ипакчи” ва “Қиргули” МФЙлар ҳудудидаги бир қаватли маънан эскирган турар-жой бинолари ўрнига Рeновация дастури доирасида кўп қаватли турар-жой биноларини қурилиши бошланди.

Марғилон шаҳрини кенгайтириш учун Фарғона туманидан ўтган 110 гектар ер майдонининг 75 гектарида 6 минг хонадонли “Янги Ўзбекистон” массиви, лойиҳа қиймати 50 млн. доллар бўлган савдо комплекси ва бизнес маркази, 2 та мактаб, 6 та боғча ва 2 та тиббий клиника, “Ипакчи” ва “Қиргули” МФЙлар ҳудудида мавжуд маънан эскирган жами 155 та якка тартибдаги уй-жойлар ўрнига Реновация дастури доирасида янги турар-жой бинолари қурилиши режалаштирилди. “Ипакчи” МФЙ ҳудудида жами 315 та хонадондан иборат 7 та 9 қаватли, жами 315 та хонадон, “Қиргули” МФЙ ҳудудида жами 1440 та хонадондан иборат 32 та 9 қаватли уй қурилиши белгилаб олинди.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ачилбай Раматов, вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров ҳамда масъул вазирлик вакиллари ушбу қурилиш ишларига старт бериш тадбирида иштирок этдилар.

Бош вазир ўринбосари Ачилбай Раматов қурувчилар ва маҳалладаги хонадон эгалари билан учрашувда бу каби ишлардан мақсад одамларга муносиб турмуш шароитлари яратиш эканлигини қайд этди.

Президент топшириғи бўйича ушбу қурилиш ишлари Марғилонда бошланаётгани ва қолган ҳудудларда ҳам ташкил этилишига тўхталди.

Қурувчиларга биринчи навбатда қурилиш ишлари сифатли бўлиши кераклиги уқтирилди. Хонадон эгалари ушбу турар-жойларга кириб ортиқча сарф қилмасдан яшаши кераклиги талаби қўйилди.

Дастлаб 200-300 хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиб, аҳолига таклиф қилиниши, шундан сўнг талабдан келиб чиқиб уйлар қурилиши давом эттирилиши белгиланди.

Барак уйларда яшовчи фуқаролар кўп қаватли уйлар битгунга қадар яшаш учун уй-жой билан таъминланиши, кейинчалик хонадон эгаларига майдони эски уйларидан кам бўлмаслик шарти билан янги бинодан бепул хонадон берилиши маълум қилинди. Қолган хонадонлар эса ипотека асосида тақдим қилиниши таъкидланди.

Бош вазир ўринбосари билан мулоқотда бўлган хонадон эгалари Президентимизнинг вилоятимиз ривожи учун алоҳида эътиборларини ҳар кун, ҳар жабҳада ҳис этиб туришганини таъкидлаб, давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар, янги уйларда тўйлар қилишни ният қилиб дуога қўл очилди.

Эътиборлиси, ушбу қурилаётган турар-жой биноларига қўшимча равишда аҳолининг маданий ҳордиқ олиши учун кўнгилочар масканлар ҳам барпо этилиши айтиб ўтилди.