Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Cуд-ҳуқуқ тизими ислоҳотлари
2024-07-05 14:23:47 13159
Бугунги кунда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.
Бугунги кунда, жиноят ишлари бўйича судларга маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати берилган.
Бу ўз ўрнида, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида якка тартибда фаолият юритаётган бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини юкламоқда ва бу фуқаролар томонидан ўринли эътирозларга сабаб бўлаётган эди.
Муҳтарам юртбошимиз томонидан куни кеча қабул қилган «Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиради.
Ушбу фармонга мувофиқ Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдиришини таъминлаш юклатилди.
2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари, яъни, қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги ва бошқа илтимосномаларни кўриб чиқади.
Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда.
Бу билан жиноят ишлари бўйича биринчи инстанция судлар судьялари ўртасида иш ҳажми мутаносиблигини тўлиқ таъминлашга эришилади.
Судьялар томонидан жиноят ишларини кўриш давомида иш бўйича исботланиши лозим бўлган барча ҳолатлар синчковлик билан тўла ва холисона текшириб чиқилиши, судланувчиларнинг барча важлари текширилиши ва тарафлар томонидан келтирилган илтимосномаларни тўлиқ кўриб чиқилиши учун замин яратади.
Фармонга мувофиқ, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.
Бунда тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши, тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилиши ҳамда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинч-тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қабул қилинган мазкур фармонга асосан янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтирилишига ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишларида кенг имкониятлар яратади.
М.Марахимов,
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг раиси
Л.Хазраткулов,
судья