Shrift o'lchami Rang Rasm

Болалар она бағрига қайтишди!

×

 2024-06-20 18:56:48    154

PDF yuklash
Chop etish


Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳрида яшовчи Дилшоджон ва Наргизахонлар (исм-шарифлар ўзгартирилди)лар бир олам орзу-умидлар билан оила қурган эди. Лекин, бир фарзандли бўлишгач, ўзаро келишмовчиликлар сабабли оилага дарз кетди.
Орзулари саробга айланган Наргиза келин бўлиб тушган уйидан икки нафар вояга етмаган фарзандларини ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлди.
Ҳали 6 ҳамда 9 ёшнинг остонасида турган норасида жигарбандларини ота қўлига ташлаган онаизор уларнинг келажакларини ўйлаб, ҳуқуқ ҳимоячиларидан ёрдам сўради. Фуқаролик ишлари бўйича Сўх туман судига мурожаат этди.  
Тарафлар ва холислар иштирокида бўлиб ўтган суд мажлисида бу масала атрофлича ўрганилиб, одил қарор қабул қилинди. 2018, 2015 йилда туғилган болаларнинг она парваришига муҳтожлигини инобатга олиб, уларни она тарбиясига қайтариш зарурлиги белгиланди.  
Суднинг ижро ҳужжати МИБ Марғилон шаҳар бўлими иш юритувига қабул қилиниб, ижро ҳаракатларига киришилгач, Дилшоджон яна бир “ҳунар” кўрсатишга уринди.  
–Жамиятимизда оилавий ажримларнинг ортаётгани, фарзандлар тарбияси ҳамда уларнинг моддий таъминоти оғриқли масалалардан бирига айланди, – дейди МИБ Марғилон шаҳар бўлими бошлиғи Отабек Каюмов. – Миллий ўзлигимизга хос бўлмаган оилавий ажримлардан бегуноҳ фарзандлар кўпроқ азият чекиши ташвишлидир. 
Мазкур ҳолатда давлат ижрочилари жавобгарни бир неча марта огоҳлантиришига қарамай, Дилшоджон ўғил ва қизини она тарбиясига беришга жиддий қаршилик қилди. Маъмурий жавобгарликка тортилиб, қонунда кўрсатилган ҳуқуқ ва мажбуриятлари тушинтирилди.  
Айни пайтда бола она тарбиясига соғ-саломат олиб берилиб, ижро ҳужжати ижроси тугатилди.

  Отабек Каюмов,

МИБ Марғилон шаҳар бўлими бошлиғи