Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Суд тизимида “тергов судьяси” лавозими жорий этилади
2024-06-11 18:52:08 12023
Бугунги кунда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларида аввало, инсон қадрини улуғлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш каби устувор вазифалар ётади.
Муҳтарам юртбошимиз томонидан куни кеча қабул қилган “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони судлар фаолиятида очиқлик, шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатини янада кучайтиради.
Ушбу фармонга мувофиқ:
-тергов судьяси лавозими учун штат бирликлари судларнинг мавжуд штат бирликлари ҳамда 2025-2027 йиллар учун ажратиладиган қўшимча штат бирликлари ҳисобига шакллантирилади.
Мазкур фармон билан Судьялар олий кенгашига Олий суд билан биргаликда 2025 йил 1 январига қадар тергов судьяси лавозими жорий этиладиган судларнинг юқори малакали ва масъулиятли кадрлар билан тўлдиришини таъминлаш юклатилди.
Ҳозирда жиноят ишлари бўйича судлар ваколатига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишлар, жиноят ишлари, мансабдор шахсларнинг чиқарилган қарорлари устидан берилган шикоятлар ҳамда судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш билан боғлиқ ишларни кўриб чиқиш ваколати мавжуд бўлиб, якка тартибда иш олиб борувчи туман (шаҳар) судларида фаолият юритувчи бир нафар судьянинг ўзига жуда кўп ишларни кўриб чиқиш вазифасини белгилар эди.
Эндиликда, 2025 йил 1 январдан бошлаб, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судларида иш бошлайдиган тергов судьялари жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида процессуал қарорларга санкция бериш масалалари яъни:
қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш билан боғлиқ илтимоснома;
қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш масалалари билан боғлиқ илтимоснома;
паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш тўғрисидаги илтимоснома;
мурдани эксгумация қилиш ҳақидаги илтимоснома;
почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
тинтув ўтказиш ҳақидаги илтимоснома;
телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш ҳақидаги илтимоснома;
мол-мулкни хатлаш тўғрисидаги илтимоснома;
мажбурлов чоралари юзасидан:
айбланувчини лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги илтимоснома;
шахсни тиббий муассасага жойлаштириш ҳақидаги илтимоснома;
айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаси;
ушлаб туриш муддатини 48 соатга қадар узайтириш ҳамда прокурорнинг гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади.
Шунингдек, тергов судьяларига маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш ваколати ҳам юклатилмоқда.
Фармонга мувофиқ, тергов судьяси ўз фаолиятини мустақил амалга ошириб, фақат қонунга бўйсуниши ҳамда тергов судьясига одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлмаган ҳар қандай вазифалар юклатилишига йўл қўйилмаслиги;
тергов судьяларини лавозимга тайинлаш ва лавозимидан озод қилиш, шунингдек, судьялар корпусини шакллантириш қонунда белгиланган тартибга мувофиқ амалга оширилиши;
тергов судьясининг ташкилий фаолиятига раҳбарлик тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ҳарбий суд раислари томонидан амалга оширилиши ҳамда қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлаш тергов судьяси фаолиятининг асосий йўналишларидан бири этиб белгиланди.
Қабул қилинган мазкур фармонга асосан янги киритилаётган ўзгартиришлар фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини тўлиқ таъминлаган ҳолда, жиноят ишлари бўйича судларнинг иш юкламасини камайтирилишига ҳамда судьяларнинг жиноят ишларини кўриб чиқиш жараёнларида қонуний, асосли ва адолатли қарор қабул қилишларида кенг имконятлар яратади.
Ҳусанбой Омонов,
Жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судининг судья ёрдамчиси