Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“ОЛАМ НУРГА ТЎЛСИН СЕН БИЛАН, НАВРЎЗ!”
2024-03-20 15:39:12 111
Марғилон шаҳрида Наврўз байрами сайли кўтаринки руҳда ўтказилди
Шу кунларда жаннатмакон диёримизда фасллар келинчаги бўлмиш баҳорнинг бетакрор байрами - Наврўз айёми шукуҳи кезиб юрибди!
Эрта тонгдан шаҳримиздаги Ижодкорлар боғи кўнглида кўклам шукуҳи барқ урган юртдошларимиз билан тўлди. Тантанали тадбирни шаҳар ҳокими Ш. Нисбатхонов табрик сўзи билан очиб, барчани байрам билан самимий муборакбод этди. У ўз сўзи давомида шаҳримиздаги 8-болалар мусиқа ва санъат мактаби кутубхоначиси Марғилонимиз фахри бўлган соҳир овоз соҳиби Розияхон Комилжонованинг оналари Шаҳнозахон Қосимованинг байрам арафасида “Маънавият фидойиси” кўкрак нишонига муносиб деб топилганлигини алоҳида эътироф этди ва кўкрак нишонини ўз эгасига топширди. Шундан сўнг асосий байрам тантаналари бошланди.
Бир ёнда ўлану лапарлар, ёр-ёр саломлар янграса, яна бир ёнда мовий осмон узра тобора юкалиб бораётган варракларнинг ким ўзарга қилаётган парвози болаларнинг юрагидаги ҳаяжонини беҳад оширади.
Белида белбоғи бор йигитларнинг миллий ва спорт ўйинларида ўзаро куч синашаётганини кўрган инсон борки ўзгача ғурур билан кўксига бир уриб қўяди.
Ўзбекистон халқ хофизи Илҳом Иброҳимов, элимиз ардоғидаги санъаткорлар Абдужалил Қўқонов, Нуриддин Асқаров, шунингдек, шаҳар Маданият маркази соҳирнафас санъаткорларининг дилтортар куй-қўшиқларига атласу адрас кўйлаклари ила ял-ял ёниб рақсга тушаётган дилбару лобар хотин-қизларнинг кулгулари бутун боғни тутди.