Shrift o'lchami Rang Rasm

“Яшил макон” лойиҳаси амалда "СЕНДАН ФАРЗАНДИНГГА БОҒ ҚОЛСИН, ЮРТДОШ!"

×

 2023-10-18 19:55:32    623

PDF yuklash
Chop etish


«ЯШИЛ МАКОН»НИНГ КУЗГИ МАВСУМИДА ФАОЛ ИШТИРОК ЭТАЙЛИК!

 Марғилон шаҳри маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар, хотин-қизлар ва ёшлар вакилларининг шаҳримиз аҳолисига

МУРОЖААТИ

Ҳурматли марғилонликлар!

Дунё яралибди-ки, борлиғи, зийнати яшилликдир. Зеро, зангор яшиллик ичра бурканган мафтункор гўзал табиат унинг бағрини гулларга, ифорларга тўлдиради, олам гултожи бўлмиш – инсон руҳиятини азим тоғлар монанд юксалтиради. Минг  шукур, она табиатни кўз қорачиғидек асраган уни ғоят қадрлаган, уни Ватандек севолган табаррук аждодларнинг авлодларимиз. Қадим-қадимларда ҳам ота-боболармиз, момоларимиз борлиқ табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлишган. Ўзлари макон айлаган ерларнинг суви тоза, атрофи сердарахт, энг асосийси, ҳавоси мусаффо бўлишига эътибор қаратганлар.

Баралла айта оламиз, кўчат экиб боғ яратиш бизга ота мерос қадриятдир. Зеро, қадим аждодларимизнинг илк китоби саналмиш «Авесто»да ҳам яшил табиат улуғланган. Тўрт унсур сув, олов, тупроқ ва ҳаво муқаддас саналган. Дунёни забт этган буюк саркарда бобомиз Амир Темур ўз салтанатида 12 та бири биридан гўзал боғлар яратган. Боғи Дилкушо, боғи Эрам…. кабилар жаҳон аҳлини ҳайратларга солгани рост.

Зотан, «Янги ҳаёт учун, янги Ўзбекистон учун» яшайлик шиори остида олдга шахдам одим ташлаётган муҳтарам Президентимизнинг алоҳида саъй-ҳаракатлари ҳам мамлакатимиз шаҳар ва қишлоқларини кўкаламзорлаштириш, дарахт ва буталарни муҳофаза қилиш ҳамда яшил майдонларни кенгайтиришдир. Илдизлари заминга чирмашган, япроқлари мовий булутлар бағрига бош қўйган муаззам дарахтлар қуршовидаги ям-яшил маконда умргузаронлик қилмоқ одамизот учун беқиёс саодатдир аслида.

Давлатимиз раҳбари, она-табиатни асраб-авайлашни, бу борада нафақат бугунни, балки узоқ келажакни ҳам ўйлаб иш тутишни, ёш авлод қалбида она табиатга дахлдорлик ва меҳр-муҳаббат ҳиссини тарбиялашни таъкидлаганларида “Авлодларимиз биздан кейин ҳам муносиб табиий муҳитда яшаши керак” деган ғояни илгари сурган эдилар. Дарҳақиқат, онажон юртимизда бошланган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси ҳам ана шу эзгу мақсадлар йўли хизмат қилиши шубҳасиздир.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йил 11 октябрда ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам мазкур масала бўйича бир қатор муҳим таклифлар билдириб, устувор вазифаларни белгилаб бердилар. Жумладан, 25 октябрдан 1 декабрга қадар юртимизда долзарб “кузги дарахт экиш мавсуми” эълон қилинди.

Шу ўринда айтиш керак, 2023 йил баҳор мавсумида “Яшил макон” лойиҳаси доирасида шаҳримиз фуқаролари, корхона ва ташкилотлар билан бирга 496 минг туп кўчатлар экилди.

Жорий йил куз мавсумида 288 минг туп дарахт ва кўчатлар экишни режалаштирилиб, экиладиган кўчатлар турлари бўйича шаҳримиз фаоллари, жамоатчилик, соҳа мутахассислари билан манзилли дастур ишлаб чиқилган.

Албатта, бу бежиз эмас. Шаҳримизда 700 дан зиёд корхоналар рўйхатга олинди, аҳоли сони ҳар йили 3 мингдан ортиқроққа кўпаймоқда, фуқароларимиз минглаб транспорт воситаларини сотиб олмоқдалар. Бу эса экологияга ўз таъсирини кўрсатмай қолмайди.

Шу сабабли ҳам, нафақат корхона ва ташкилотлар, балки ҳар бир аҳоли хонадонларига, ички кўчаларга, тадбиркорлик субъектлари ҳудудларига кўчатлар экиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Бунда, асосан маҳалла фуқаролар йиғинларида 167 минг туп дарахтлар экишни режалаштириб олдик.

Бир туп дарахт кесса, ўрнига ўн туп кўчат эккан халқимизнинг «Яхшидан боғ қолар», «Бирни кессанг ўнни эк», «Кўчат экиб, боғ ярат!» каби ўнлаб ибратомуз мақоллари ҳам табиатсевар элимизнинг яшил оламга бўлган чексиз меҳр ва эътиборларини англатади.  Бугун барча ҳамшаҳарларимизни “Янги Ўзбекистон – яшил маконда обод, ораста  ва фаровон яшайлик!” деган олижаноб ғояни қўллаб-қувватлашга, бу умуммиллий ҳаракатнинг амалий натижасини ҳар бир оила ва маҳаллада кўрсатиб, ҳавас ва иштиёқ билан бу савобли ишда иштирок этишга чақирамиз. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, ҳамжиҳатлик ва фидойилик билан ҳаракат қилсак, ҳамиша навқирон ва қўҳна мафтункорликда бетимсол Марғилонимиз вилоятимиздаги энг гўзал гўша, чинакам водий марваридига айланади. Азиз  юртдошим! Марғилонимизнинг экологик тозалигига, зангор яшиллигига ўзимизнинг муносиб ҳиссамизни қўшайлик! Эзгу ишда фаол ва ташаббускор бўлинг!

Қадрли маҳалла фаоллари, кўчабоши ва уйбошилар!

Айни вақтда, айрим маҳаллаларда, кўча ва гузарларда бўш турган, қаровсиз, дарахт экилмаган жойлар ҳам кўп. Эндиги вазифамиз ушбу жойларни боғ-роғларга айлантиришда маҳалла аҳлининг ҳамжиҳатлигини кучайтириш, ҳудуд ободлиги ва аҳоли фаровонлигига хизмат қиладиган лойиҳаларни кенгайтиришдан иборатдир. Бунинг учун ҳар бир маҳаллада “маҳалла боғлари”ни яратишимиз, яшил ҳудудларни кўпайтиришимиз, шахсий намуна сифатида дастлаб ўз хонадонимиз ва кўчамизни обод этишимиз, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини омма ўртасида кенг ёйишимиз  лозим.

Экилган ҳар бир ниҳолни парваришлаш ва сақлашда бутун жамоатчилик, маҳалла фаоллари, таълим ва тарбия масканлари, бошқарув-сервис компаниялари жонбозлик кўрсатиши лозим. Бунинг учун “маҳалла еттилиги”, кўчабоши ва уйбошилар ҳамда хонадон эгаларини масъул сифатида бириктириш мақсадга мувофиқдир.

 

Муҳтарам нуроний отахонлар!

Сизларнинг бой ҳаётий тажрибангиз ёшларнинг умр йўлларида маёқ, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша ижобатдир.

“Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда, аҳоли томонидан кўчатларни намунали экишни ташкиллаштиришда янада фаоллик ва ташаббус кутиб қоламиз. Сизларнинг шахсий намунангиз, панду насиҳат, тавсия ва кўрсатмаларингиз барчамиз учун муҳим.

Нуронийларимиз қўлларига белкурак ушлаб ниҳол экишни бошласалар, албатта юртимизга барака ёғилади, шаҳримиз муаззам дарахтзор водийга  айланади.

 

Ҳурматли деҳқон ва фермерлар, томорқа ер эгалари!

Ерга меҳр бериш, унинг ҳар бир қаричидан унумли фойдаланиш, кўчат экиб, боғ яратишда сизларнинг олдингизга тушадигани йўқ.

Бу савобли ишларни давом эттириш учун ҳар бир хонадон эгаси ўз томорқасига, маҳалла гузари ва кўчасига 10 тупдан кўчат экса, шаҳримиз бўйлаб ўртача 10 миллиондан зиёд дарахт бунёд бўлади.

Фермерларимиз “Бир дала – бир маҳсулот” тамойили асосида ўз ҳудудига тут, ток, терак ва бошқа кўчатларни экса, ҳар бир қарич еримиз боғ-роғларга айланади.

 

Қадрли зиёлилар, фан, адабиёт, санъат намояндалари ва  спортчилар!

Жонажон Ватанимиз тараққиётига ҳисса қўшадиган ташаббусларни қўллаб-қувватлашда сизларнинг фаол иштирокингиз муҳимдир.

Сиз каби эл таниган ижод аҳлига, зиёлилар ҳамда спорт юлдузларига Марғилон ёшлари ўзгача ҳавас билан қарайди.

Шундай экан, шаҳримизда амалга оширилаётган кузги дарахт экиш мавсумида сизлардан янги-янги ташаббуслар, амалий ҳаракатлар ҳамда шахсий намуна кутиб қоламиз!

 

Босган излари бўстон мўътабар онахонлар, азиз опа-сингиллар!

Хонадонимиз, маҳалламиз файзу таровати сиз билан гўзалдир!

Табиат ҳам она каби муқаддасдир! Она ва табиат тушунчалари бир-бирига ҳамоҳангдир. Онани қандай эъзозласак, табиатни ҳам шундай қадрлашни фарзандларимиз онгу шуурига чуқур сингдирайлик!

Токи, зурриёдларимиз ота-боболаримиз сингари боғу бўстонлар яратувчиси, она табиат ҳимоячиси бўлсин! Шундагина табиатни асл ҳолидек сақлаб, уни келажак авлодга безавол етказишга эришамиз.

Айни вақтда, “Оналар – яшил макон учун” ғоясининг анъанага айланиб бораётгани, маҳаллаларда “Оналар боғи” ташкил этилаётгани қувонарлидир. Бу ишларда маҳаллалардаги “Оқила аёллар” ҳаракатининг ҳам муносиб ўрни бор. Галдаги вазифамиз – ушбу хайрли тадбирларни халқимиз орасида кенг ёйишдан иборат.

 

Азиз ёшлар!

Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.

Она заминимизга меҳр беринг! Нурли ва шабнамдек шаффоф келажак учун бугундан бошлаб ўз хонадонингиз, кўчангиз, маҳаллангизда ниҳолингизни экинг, ҳудудда “Ёшлар боғи”ни ташкил этишда ташаббус кўрсатинг!

Асло унутманг, сиз  буюк Ўзбекистон фарзандисиз, сизнинг ҳиссангиз – бу оилангиз, маҳаллангиз, шаҳримиз ва бутун халқимизнинг фаровонлиги учун хизмат қилади, шаҳримиз кўркига кўрк қўшади.

 

Қадрли ҳамюртлар!

Дарахт экиш ва уни парваришлаш биз учун ўлмас анъана ҳамда қадри абад, боқий қадриятдир!

Ҳар биримиз келажак авлод олдидаги бурчимизни теран ҳис қилган ҳолда, “Яшил макон” лойиҳасини умумхалқ миллий ҳаракатига айлантирайлик! Чунки шу яшил маконда ўзимиз, яъни мен, сиз, фарзандларимиз ва набираларимиз безавол умр кечирадилар!

Токи, шу замин тупроқларини кўзларимизга тўтиё айлаб, унинг мусаффо ҳавосидан нафас олиб турган эканмиз, биздан фарзандларимизга осмонўпар дарахтларида турфа қушлар макон қурган, сайроқи булбуллар ошиён айлаган, боқсанг кўзинг қувнайдиган обод, зангор  яшилликка бурканган афсонавий  гўзал Ватан мерос бўлиб қолсин!

Азиз Ватандошим, сиз бугун нечта ниҳол экдингиз!?... УНУТМАНГ!Ахир қўҳна оламнинг файзи, зеболиги яшил либосга бурканган борлиқ, зангор  булутли самодир!