Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилонда лойиҳа қиймати 40 млрд. сўм бўлган йирик савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси иш бошлади

×

 2023-10-16 14:26:09    276

PDF yuklash
Chop etish


Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳрида қисқа муддатларда қуриб битказилган “Ансор” савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуасининг тантанали очилиш тадбирида иштирок этди. Лойиҳа қиймати 40 млрд. сўмни ташкил этган ушбу йирик мажмуанинг очилиш маросимида вилоят секторлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари, марғилонликлар қатнашдилар.
Тадбирни очиб берган Хайрулло Бозоров азалдан савдогарлар ва ҳунармандлар шаҳри, тадбиркорлар юрти бўлган Марғилонда барпо этилган ушбу савдо ва хизмат кўрсатиш мажмуаси марғилонликлар учун хизматлар соҳасида катта қулайликлар яратиш билан бирга, 350 тага яқин доимий иш ўрни яратилгани билан ҳам катта аҳамият касб этишини таъкидлади.
Тадбиркор Ўткир Аҳмедов ташаббуси билан барпо этилган ушбу замонавий мажмуа қурилиши ўтган йилда бошланган эди. Умумий майдони 9500 кв.м. ни ташкил этувчи тўрт қаватли мажмуанинг биринчи қаватида замонавий супермаркет ва электротехника буюмлари савдо дўконлари, юқори қаватларда аёллар гўзаллик салони, бренд либослар ҳамда болалар кийим-кечаклари дўконлари, болалар ўйин майдончалари, фаст-фуд овқатланиш шахобчалари ҳамда ресторанлар фаолияти йўлга қўйилган.