Shrift o'lchami Rang Rasm

МАРҒИЛОНДА ДАВЛАТ-ХУСУСИЙ ШЕРИКЛИК АСОСИДА ТАШКИЛ ЭТИЛГАН ЯНГИ МАКТАБГАЧА ТАЪЛИМ ТАШКИЛОТИ ФОЙДАЛАНИШГА ТОПШИРИЛДИ

×

 2023-08-30 17:16:16    174

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз икки йиллик байрами арафасида Марғилон шаҳрида давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилган “Ясмин”мактабгача таълим ташкилоти тантанали тадбир билан фойдаланишга топширилди. Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят прокурори Бахтиёр Исмоилов иштирок этдилар.

Тадбиркор Машҳурахон Эгамбердиева томонидан амалга оширилган ушбу ДХШ лойиҳаси доирасида 350 миллион сўм маблағ сарфланиб, 150 нафар кичкинтойни ўз бағрига оладиган янги мактабгача таълим муассасаси ташкил топди. 20 та доимий иш ўрни яратилган ушбу замонавий муассасада кичкинтойларнинг сифатли бошланғич таълим олишлари, ҳар томонлама соғлом ўсиб-улғайишлари учун барча шароитлар муҳайё қилинди.

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров йиғилганларни яқинлашиб келаётган Мустақиллик байрами билан қутлаб, ёшлар ва болаларга эътибор ва амалий ғамхўрлик кўрсатиш, уларни жисмоний ва маънавий баркамол этиб тарбиялаш масалалари Муҳтарам Президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг марказида бўлиб келаётганини таъкидлади. Бу борада олиб борилаётган изчил ишлар натижасида Фарғона вилоятида мактабгача таълим қамрови 2021 йил бошида 65,3 фоизга тенг бўлган бўлса, бугунги кунда 85 фоиздан ортиб, Фарғона бу борада Республика вилоятлари орасида энг яхши кўрсаткичга эга эканлиги қайд этилди.

Очилиш тадбири доирасида лойиҳа ташаббускори ҳомийлигида ҳудудда яшовчи кам таъминланган 10 та оила фарзандларининг суннат тўйлари ҳам ўтказилиб, дастурхон ёзилди, тўй болаларнинг ҳар бирига совғалар топширилди.