Shrift o'lchami Rang Rasm

ҲИКМАТЛАРГА ЙЎҒРИЛГАН НУРЛИ ЙЎЛ

×

 2023-07-11 13:18:58    129

PDF yuklash
Chop etish


Ахунбабаев Охунжон Абдурахманович

Етмиш ёшингиз муборак бўлсин!

Агар ҳар бир ота-она ўз ҳаёт йўллари давомида бир фарзандни оқил этиб тарбиялаб элга қўша олса, у одамларга  улкан бир  шаҳарни куриб берганчалик яхшилик қилган бўлар экан. Икки ўғилни халққа муносиб фарзандлар этиб камолга етказиб,  соҳа равнақи йўлида сидқидилдан меҳнат қилаётган,  икки нафар ёш ва истеъдодли олим ўғиллар Улуғбек ва Абдуҳакимнинг отаси бўлмиш йирик олим Охунжон Ахунбабаевни эса юртга  икки шаҳар қуриб берган,  беназир яхшиликка сазовор бўлган  ота, дея атай  оламиз  фахр-ла.

Марғилон ўғлони,  табиий ипак толалар  соҳасининг чинакам билимдони, жонкуяри, илм фидойиси О.А.Ахунбабаевга техника фанлари доктори, профессор унвонлари ўз-ўзидан берилгани йўқ. Иқтидорли олим 53 йилдир-ки, Ўзбекистон табиий толалар илмий тадқиқот институтида сидқидилдан самарали меҳнат қилмоқда.  Етук олим салкам 30 йилдир-ки, шу илм маскани - институтнинг малакали, ишчан ва толмас раҳбаридир.

Ота-онасининг чин дилдан тилаган эзгу орзулари амалга ошиб Охунжон  қўлига қалам ва дафтарни маҳкам тутган, синчков ва изланувчан, теран тафаккурли, фидойи ва халқ хизматига ҳамиша камарбаста,  забардаст, илмпарвар олимга  айланди. Йиллар шамолдек шошиб ўтаётир, бугун унинг сочлари илмнинг беҳаловат ва машаққатли йўлларида қордек оппоқ бўлса, илм нури ила ҳамиша нурафшон қалби  шогирдлар камоли учун жонфидо,  пайваста...

Охунжон Ахунбабаев! Бу камтарин ва фидойи инсон нафақат шаҳримиз ва вилоятимиз, балки Республикамиз олимлари орасида ҳам ўз обрў эътибори ва ўзига хос самарали ва илмий  услубига эга маҳоратли маърифатпарвардир.  Ярим асрдан зиёд-ки, у  олим –  сифатида фаолият юритади. Эх-хе бу беҳаловат кунлару бедор тунлар, заҳматларга тўла йиллар давомида у не-не тадқиқотлар устида изланмади, халқчил кашфиётлари билан  қишлоқ хўжалиги ходимлари оғирини енгил қилиб, жонига аро кирмади, дейсиз! Бироқ, барча илм- фан заҳматкашлари каби А. Ахунбабаев  ҳам ҳамиша фидойи ва ҳеч қачон ўз фидойилиги билан  кўксини кермайди.

Инсон умри давомида кўп инсонларга яхшилик қилиши мумкин. Бироқ ҳеч кимнинг яхшилиги олимларникидай холис, донишмандона ва оқил бўлмайди.  Ўз иш фаолияти давомида  юзлаб шогирдларига оталарча ғамхўрлик ила устозлик қилиб келаётган   ўз касбининг моҳир устаси О. Ахунбабаев  умрининг энг асосий дамларини кашфиётга бахш этганлиги айни ҳақиқат. Олим соҳада катта тажриба ҳамда ўз илмий мактабига эга.

О.А.Ахунбабаев институтдаги фаолиятининг биринчи кунлариданоқ ташаббускор, ижодкор рахбар сифатида эл оғзига тушди. У 2002 йилдан буён институтда бажарилаётган Давлат илмий-техник ва инновация дастурлари доирасидаги амалий илмий-техник ва инновация лойихаларини шакллантиришда, уларда қўйилган муаммолар ва масалалар ечимини хал этишда илмий рахбар ва масъул ижрочи сифатида муносиб  хисса қўшмоқда.

О.А.Ахунбабаев ўз вазифасини бажаришга ўта масъулият ва самимият билан  ёндошади. Унинг рахбарлиги ва бевосита иштирокида чуқур тахлил, назарий ва экспериментал тадқиқотлар натижасида табиий ипакдан газлама тўқиш жараёнлари ва техникасининг бир қанча механизмлари модернизациялаштирилган, янгилари яратилган ва табиий ипакдан сифатли креп  газламалар ишлаб чиқариш, юқори самарали ресурстежамкор технологияси ишлаб чиқаришга йўналтирилган. Шунингдек О.А.Ахунбабаевнинг рахбарлигида  тўқимачилик саноати ва илм-фани учун мухим бўлган муаммоли амалий масалалар ўз ечимини топган, табиий ипакдан тўқима шаклланиш жараёнининг математик модели ва оптимал параметрлари аниқланган. Натижада табиий ипакдан газламалар ишлаб чиқаришга мўлжалланган моккисиз тўқув дастгохига дастлабки талаблар ишлаб чиқилиб, шу асосда “Текстильмаш” Чебоксар акциядорлик жамиятида (Россия) моккисиз “СТБ ШН” русумдаги дастгох ишлаб чиқилган.

О.А.Ахунбабаевнинг ташаббуси билан тут плантацияси ва уни барпо этиш усули, ипакчиликни ривожлантириш  йўллари , табиий ипак ва креп газламаларининг янги турлари яратилган ва институт тажриба участкасида ишлаб чиқарилган. Шунингдек, 2003-2005 йилларда ипакчилик саноати махсулотларини сертификатлаштириш асослари, 2004-2005 йиллари табиий ипакдан янги турдаги харидоргир газламалар ишлаб чиқаришни ташкил қилиш ва технологиясини ўзлаштириш, 2007-2008 йиллари сифатли пилла махсулотлари етиштиришда тут ипак қуртининг зот ва дурагайларини тахлил қилиш ва уларни юқори самарадорлиларини ишлаб чиқаришга жорий этиш, 2009-2011 йиллари  табиий ипакдан экспортга йўналтирилган газлама ишлаб чикариш учун илмий хажмдор юқори унумдорли моккисиз тўқув дастгохини яратиш каби Давлат илмий-техник ва инновация дастурлари доирасидаги амалий ва инновация лойихалари бажарилишида О.А.Ахунбабаевнинг хизматлари беқиёсдир.

Етук олимнинг  350 дан зиёд илмий ишлари матбуотда чоп этилган, хаммуаллифликда яратган ихтиролари ва фойдали моделлари учун 34 та патент ва муаллифлик гувохномаларини олган. Ихтирочилик бўйича ўтказилган Республика танловида О.А.Ахунбабаев хамкорлигида яратилган “Калава ипларни бобинага қайта ўраш машинаси”га  “Энг яхши ихтиро учун” номинацияси берилиб, кашфиёт совринли ўринларга сазовор бўлган.

Бундан ташқари, олим О.А.Ахунбабаевнинг илмий ишлари Ўзбекистон Республикаси, Италия, Туркия, Болгария, Корея, Германия ва Россия давлатларининг турли  илмий тўпламлари ва илмий-техник нашрларида чоп этилган. Фан фидойиси, профессор О.А.Ахунбабаев Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги олий аттестация комиссиясининг фаол аъзоси.

Устоз ўзининг кўп йиллик илмий-педагогик фаолияти давомида юзлаб истеъдодли шогирдларни камолга етказди. Устоз рахбарлигида Ш.Дадажонов, Г. Валиев, М.Мирзахонов, Ш.Мухамадрасулов, А.Акрамов, Д. Хабибуллаев ва М.Ниязалиева кабилар ўз илмий ишларини ёқлаб, илм йўлида издошлик қилиб келмоқда.

 Ҳамиша омон бўлинг, сизга саломатлик ва илмий-ижодий баркамоллик тилаймиз, Охунжон ака!

М. САИДМУРОДОВА,

журналист