Shrift o'lchami Rang Rasm

ЎЗБЕКИСТОНДА БИРИНЧИЛАРДАН БЎЛИБ МАРҒИЛОН АТЛАСИ ВА АДРАСИ ГЕОГРАФИК КЎРСАТКИЧ СИФАТИДА РЎЙХАТГА ОЛИНДИ

×

 2023-02-01 16:27:03    221

PDF yuklash
Chop etish


Географик кўрсаткич тадбиркорга нима беради ?
Тўғриси, бир ўқишда «географик кўрсаткич» атамасини тушуниш бироз мушкул. Келинг, аввал мана шундан бошлаймиз.Оддийроқ айтганда, бир маҳсулот ёки воқелик эътироф этилганда ўша маҳсулот етиштирилган ёки ишлаб чиқарилган ҳудуд кўз олдимизда гавдаланади.
Масалан, кулолчилик деганда Риштон ҳунармандлари, узум деганда Олтиариқлик миришкорлар тасаввуримизда намоён бўлади. Мана шу ҳолатни «географик кўрсаткич» га қиёслаш мумкин. Яъни маълум бир географик ҳудудда пайдо бўлган ва уларнинг келиб чиқиш жойи билан боғлиқ хусусиятларга ёки обрўга эга бўлган товарларда пайдо бўладиган белги. Белгиланиш фақат маълум бир ҳудудга нисбатан маҳсулотнинг келиб чиқишини кўрсатсагина географик кўрсаткич сифатида хизмат қилиши мумкин.
Ўзбекистон Республикасида сўнгги 5 йилликда номоддий бойликларга нисбатан вужудга келадиган ҳуқуқий муносабатларнинг ривожланиш жараёни жуда тез суръатларда намоён бўляпти.
Интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 3 мартдаги «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги 757-сон Қонунида ҳам ўз ифодасини топди.
Мавзуга қайтамизФарғона вилоят адлия бошқармасининг кўмаги билан Ўзбекистон Республикасида биринчилардан бўлиб Фарғона вилоятининг Марғилон атласи ва адраси, Қўқон пичоқлари географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилди. Бу амалиёт мамлакатимизда илк бор қўлланиляпти.
Табиий савол туғилади. Расман рўйхатдан ўтказилиши Марғилон ва Қўқон учун, қолаверса, шу ҳудуддаги тадбиркорлар учун нима беради? Унинг қандай аҳамияти бор?
— Ҳозирда тадбиркорларга Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 3 мартдаги «Географик кўрсаткичлар тўғрисида»ги 757-сон Қонуни мазмун моҳиятини тушунтириш борасида тарғибот ишларини олиб боряпмиз, —дейди Фарғона вилоят адлия бошқармаси бош маслаҳатчиси Умиджон Назиров. — Марғилон атлас, адрас ва Қўқон пичоқлари маҳаллий бозорда, чет элга экспорт қилишда маҳсулотларнинг сифатини, сотув барқарорлигини таъминлайди. Рўйхатдан ўтган номлардан рухсатсиз фойдаланаётган ёки контрафакт маҳсулотлар ишлаб чиқарганларга қарши чоралар кўриш имконини беради. Умуман олганда, рўйхатдан ўтганлик рақобатда ва ишлаб чиқаришда устунлик беради.
Кенгроқ экспорт имкониятлари ҳамда брендни мустаҳкамлаш учун хизмат қилади. Агар ушбу маҳсулотлар рўйхатдан ўтмаса давлат ҳимоясида бўлмайди ва унинг контрафакт нусхаларига қарши курашилмайди.
Хорижда бу амалиёт қандай тартибга солинган?Маҳаллий қонунчилик учун географик кўрсаткичлар институти мамлакатимизда нисбатан янги ҳодиса. Интеллектуал мулк соҳаси ривожланган мамлакатларда кенг қўлланилади. Масалан, Туркияда 1995 йилдан бошлаб географик кўрсаткичларни қонунан рўйхатга олиш ва тадбиркорларга гувоҳнома бериш жорий этилди ва ўз самарасини берди. Бугунги кунга келиб Туркияда мингдан ортиқ географик кўрсаткичлар рўйхатдан ўтказилган.
Яна бир мисол, Колумбия қаҳваси ўз географик белгисини ҳимоя қилиш учун ўз плантацияларида етиштирилмаган ёки стандартларга мувофиқ ишлаб чиқарилмаган қаҳва маҳсулотлари учун «Колумбия қаҳваси» атамасидан фойдаланишга рухсат бермайди. Қонунан қаттиқ ҳимоя қилинади.
Марғилон атласи, Марғилон адраси ва Қўқон пичоқларининг географик кўрсаткич сифатида рўйхатдан ўтказилганлиги улар учун ҳуқуқий кафолат яратади. Жумладан, мазкур гувоҳномага асосан фаолият олиб бораётган тадбиркорлик субъектларига уларнинг географик кўрсаткичларидан рухсатсиз фойдаланмаслик ва контрафакт маҳсулотларига қарши кураш имконини беради.