Shrift o'lchami Rang Rasm

МЕҲР НУРИ ЁҒАР ДОИМ ЮЗИНГИЗДАН УСТОЗЛАР!

×

 2022-09-27 16:49:34    4

PDF yuklash
Chop etish


1-октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” байрами ҳар йили бутун мамлакатимиз бўйлаб кенг тантана тарзида нишонланиши анъанага айланган.
Бу байрам, аввало, ўзининг билим ва тажрибаси, истеъдод ва маҳорати, инсоний фазилатларини, кўз нури ва қалб қўри, бутун борлиғини аямасдан, беминнат хизмат қиладиган устоз ва мураббийларимизга нисбатан халқимизнинг азалий ҳурмат-эҳтиромининг яққол намунасидир.
Аём муносабати билан шаҳримиздаги Маданият маркази юз-кўзлари илму маърифат нурлари билан суғорилган устоз ва мураббийлар билан тўлди. Байрам тарзида ташкил этилган концерт дастури аввалида дунёдек бепоён бағри қучоқ-қучоқ гуллар билан безанган азиз муаллимларни шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов самимий муборакбод этар экан, эртанги кунимиз эгалари бўлган баркамол авлодни халқимиз, юртимиз корига ярайдиган, мамлакатимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўша оладиган даражада илму ҳунарли этиб тарбиялашда кўрсатаётган самарали меҳнатлари учун устозларимизга бутун ҳамшаҳарларимиз номидан ўзининг чуқур миннатдорчилигини изҳор этиб ўтди ҳамда шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирлади. 
Республика Маънавият ва маърифат маркази Фарғона вилоят бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймонов ҳам барча қадрли устозларни айём билан қизғин қутлади.
Байрам дастури соҳирнафас санъаткорларнинг дилрабо куй-қўшиқларию устоз-мураббийларнинг дилбар хиромлари билан янада ўзгача тус олди. Айниқса беғубор болажонларнинг бийрон тилида “Меҳр нури ёғар доим юзингиздан устозлар”, дея янграган шеър шукуҳи йиғилганлар кўнглига кўчди.
Минг-минглаб мурғак қалбларга эзгулик ёғдусини сочадиган мўътабар зот  - ўқитувчи ва мураббийларимизга бугунги касб байрамингиз муборак бўлсин, деймиз!
Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати