Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
#Тараддуд_қизғин “АТЛАС БАЙРАМИ” МИЛЛИЙ МАТОЛАР ФЕСТИВАЛИ
2022-09-24 09:43:06 241
Маълумки, жорий йилнинг 20-22 октябрь кунлари Марғилонда “Атлас байрами” бешинчи миллий матолар фестивали бўлиб ўтади.
Фарғона вилояти ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Марғилон шаҳар ҳокимлиги томонидан бошқа халқаро ҳамкорлар билан биргаликда ташкил этиладиган ушбу фестиваль Марғилон ипакчилигининг довруғини дунёга танитишда, ҳунар ва санъатга меҳри баланд инсонларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашишида муҳим ўрин тутиши билан аҳамиятлидир.
Куни кеча ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади бошчилигидаги таниқли мутахассислар ва экспертлардан иборат делегация Марғилон шаҳрига етиб келди. Меҳмонларни вилоят ҳокими ўринбосари Хуршид Аҳмедов ҳамда шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдиновлар қарши олиб, фестивалнинг асосий тадбирлари ўтказиладиган Ижодкорлар боғи майдони, Ҳунармандлар маркази, Эркин Воҳидов номидаги Ижод мактаби ҳамда Рақамли технологиялар маркази фаолияти билан яқиндан таништирдилар.
Ташриф давомида меҳмонлар фестивал дастури доирасида ўтказиладиган илмий-амалий конференцияни ташкил этиш бўйича ФарДУ профессор ўқитувчилари билан келишиб олишди.
Ушбу фестивалда Марғилонга Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши қарори билан Ҳунармандлар шаҳри мақоми берилиши кутилмоқда.
- “Атлас байрами“ фестивали миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш, уни халқаро миқёсда ҳам кенг тарғиб қилиш, уста ҳунармандлар билан тажриба алмашиш, мамлакатда туризмни ривожлантириш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар бандлигини таъминлашга хизмат қилмоқда, -дейди ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади хоним.
Фестивалда Россия, Хитой, Испания, Франция, Монголия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва бошқа мамлакатларнинг усталари, рассомлари, соҳа мутахассислари иштирок этади.
Таъкидланишича, жорий йилда фестивал дастури сезиларли равишда кенгайтирилган. Унда бутун Ўзбекистондан иштирок этадиган ҳунармандлар ўз маҳоратини намойиш этади.
Ёш ҳунармандлар учун таниқли усталар иштирокида анъанавий каштадўзлик, табиий бўяш, либослар дизайни бўйича маҳорат сабоқлари ташкил этилади.