Shrift o'lchami Rang Rasm

МАРҒИЛОН ШАҲРИДА ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР УЧУН ПРЕСС-ТУР ВА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

×

 2022-09-10 13:13:31    250

PDF yuklash
Chop etish


Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳокимлик бошқармаларининг Ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда блогерлар даставвал “Марғилон шаҳридаги маҳалла фуқаролар йиғинларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда “Ҳоким ёрдамчилари” томонидан олиб борилаётган ишлар” мавзусида ташкил этилган Матбуот анжуманида шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов билан юзма-юз мулоқот олиб бордилар.
Анжуман давомида шаҳар ҳокими ҳамда Марғилон шаҳар Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш маркази раҳбари Умиджон Юсуповлар шаҳарда аҳоли бандлиги ва даромадларини оширишда “Ҳоким ёрдамчилари” томонидан олиб борилаётган ишлар хусусида ҳисобот беришди.
Хусусан ҳоким ёрдамчилари томонидан ҳозирги даврга қадар ҳудудларда кредит олиш истагини билдириб тадбиркорликни йўлга қўймоқчи бўлган фуқароларнинг 1339 нафарига ижобий тавсиялар берилиб 30,8 млрд.сўм кредит маблағлари ажратилди.
Бундан ташқари Марғилон шаҳрида январь-август ойларида ишсиз ахолини касб-ҳунарга ўргатиш мақсадида жами 821 та фуқароларни ўқитишга эришилди. Шундан аёллар 545 нафарни ёшлар эса 276 нафарни ташкил қилади. Ўқишни тамомлаб, сертификат олган 218 нафар хотин қизлар ва ёшларга тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиши учун мехнат қуроллари берилди.
Қолаверса, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида хоким ёрдамчилари томонидан 5505та хонадонлардаги аҳоли даромадини ошириш бўйича қатор ёрдамлар кўрсатилди.
Шуни мамнуният ила қайд этиш мумкинки, Марғилон шаҳрида 2022 йил 1-ярим йилликда амалга оширилган ишлар бўйича хоким ёрдамчилари фаолияти KPI натижаларида ижобий деб топилиб, 25 нафар хоким ёрдамчилари ишлари аъло баҳоланди.
Матбуот анжуманидан сўнг ОАВ вакиллари учун Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Марғилон шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги қуриб битказилган 2 та 9 қаватли турар-жой биноларига пресс-тур ташкил этилди. 
Журналистлар ушбу кўп қаватли уйларда аҳоли вакиллари учун яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишдилар. 
Ҳар бир турар жой биносининг қиймати қарийб 18 млрд сўмдан бўлган ушбу уйлардаги хонадонлар кенг ва шинам шаклда лойиҳалаштирилган, замонавий лифт билан жиҳозланган. Шунингдек, 1,2 км узунликда электр тармоғи ва 1 км табиий газ тармоқлари тортилди ҳамда ичимлик суви иншооти барпо этилди.
Шу билан бирга, уй-жой сотиб олиш истагида бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошланғич бадални шакллантириш учун 30 млн сўм қийматида субсидия ажратилиши, 20 йиллик ипотека кредитининг бошланғич 5 йили давомида фоиз тўловларининг давлат томонидан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилганлиги ҳам Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт эканлигининг яна бир ёрқин мисоли дейиш мумкин.
Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати