Shrift o'lchami Rang Rasm

#Мустақиллик_иншоотлари ЯНГИ УЙЛАРДА ИСТИҚЛОЛ ШОДИЁНАЛАРИ

×

 2022-08-30 15:56:41    216

PDF yuklash
Chop etish


Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги арафасида Марғилон шаҳридаги “Наврўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида янги қуриб битказилган 2 та 9 қаватли турар-жой биноларини ўз эгаларига тантанали топшириш маросими ташкил этилди. 
Тантанали тадбирни вилоят ҳокими ўринбосари Ҳ.Исақов табрик сўзи билан очиб, мамлакатимизда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар юртимизда янги даврни – янги Ўзбекистон даврини бошлаб берганини алоҳида эътироф этиб ўтди. У ўз сўзида бугунги кунда аҳоли турмуш даражасини яхшиланишига давлатимиз томонидан алоҳида эътибор қаратиб келинаётганлигини таъкидлаб янги қуриб битказилган ушбу кўп қаватли уйларда яратилган шарт-шароитлар ҳам замон билан ҳамнафас ҳаёт кечираётган халқимизга муносиб туҳфа бўлганлигини айтди. 
Президентимизнинг ПФ-6186-сонли Фармонига мувофиқ янги қуриб ушбу турар-жой бинолари “Марғилон ихтисослаштирилган қурилиш-таъмирлаш” масъулияти чекланган жамияти томонидан Марғилон шаҳрининг Фарғона шаҳри ва Фарғона тумани билан туташ қисмида – “Фарғона-Қўқон” автомобиль ёқасида қуриб битказилди.
- Барча хонадон эгалари қатори биз ҳам Истиқлол шодиёнасини янги хонадонда қўшалоқ қувонч билан қарши олдик. Турмуш ўртоғим бахтсиз тасодиф туфайли автоҳалокатга учраб вафот этганидан сўнг фарзандим билан уч йил давомида ижарма-ижара юриб бироз қийинчиликка учрадик, дейди янги хонадон соҳибаларидан бири Ферузахон Мирзаева. – Замонавий дизайн асосида қуриб битказилган барча қулай шарт-шароитларга эга бўлган янги уйни субсидия асосида олган куним эса барча ташвишларимиз бир зумда аригандек бўлди. Уй биноси иш жойимга яқин манзилда қурилганлиги эса яна бир карра қувонтирди. Ҳокимлик вакиллари ва мутасаддиларга ўз миннатдорчилигимни билдараман. 
Ҳар бир турар жой биносининг қиймати қарийб 18 млрд сўмдан бўлган ушбу уйлардаги хонадонлар кенг ва шинам шаклда лойиҳалаштирилган, замонавий лифт билан жиҳозланган. Шунингдек, 1,2 км узунликда электр тармоғи ва 1 км табиий газ тармоқлари тортилди ҳамда ичимлик суви иншооти барпо этилди.
Шу билан бирга, уй-жой сотиб олиш истагида бўлган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бошланғич бадални шакллантириш учун 30 млн сўм қийматида субсидия ажратилиши, 20 йиллик ипотека кредитининг бошланғич 5 йили давомида фоиз тўловларининг давлат томонидан қоплаб бериш тизими йўлга қўйилганлиги ҳам Ўзбекистон – инсон қадри улуғланган юрт эканлигининг яна бир ёрқин мисоли дейиш мумкин.Келгусида ушбу ҳудудда яна 9 ва12 қаватли уйлар, яшил жамоат парки, мактабгача таълим ташкилоти, мактаб ва поликлиника, бизнес маркази қуриш орқали янги замонавий шаҳарча барпо этиш режалаштирилган. 
Тадбир давомида Ўзбекистон халқ ҳофизи Илҳом Иброҳимов ҳамда шаҳар Маданият марказининг ҳушовоз ҳонандалари ижросида янграган дилтортар куй ва қўшиқлар барчага байрам кайфиятини улашди. 
Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати