Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилон шаҳрида Суд-ҳуқуқ масалалари бўйича оммавий қабуллар ўтказилди

×

 2022-04-21 18:24:05    238

PDF yuklash
Chop etish


Фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилиш мақсадида Марғилон шаҳридаги “Ижодкорлар боғи”да Президент Администрацияси, Халқ қабулхоналари, Олий суд, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда Давлат божхона қўмитаси раҳбар ходимлари иштирокида оммавий қабул ўтказилди. 
Самимий мулоқотлар “Инсон қадри учун” деган эзгу тамойилни амалда ифода этиб, турли оворагарчиликларнинг олдини олиш, мурожаатларга ўз вақтида ва тезкор ечим топишда муҳим аҳамиятга эга бўлаётгани қувонарлидир.
Сайёр қабулда Олий суд раиси ўринбосари Халилулло Тўрахўжаев, Бош прокурор ўринбосари Светлана Артикова, Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳёжон Абдулҳаков, Судьялар Олий Кенгашининг судьяси Баҳром Собиров, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари Хуршид Аҳмедов ва Комила Кавлановалар, шаҳар ва туманлар сектор раҳбарлари иштирокида фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлари тингланди, улар тегишлилигича ўрганилди. Аксарият мурожаатлар қабул давомида ҳал этилди, қолганларининг ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди, тушунтириш талаб этиладиган масалалар юзасидан мурожаатчиларга ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори ўринбосари Светлана Ортиқова томонидан 47 та мурожаат ўрганилиб, уларнинг аксариятига ечим топилди. Марғилон шаҳар, “Надирмат” МФЙда истиқомат қилувчи Гулчеҳра Қўчқорова оилавий тадбиркорликни ривожлантириш учун кредит олиш ниятида эканини маълум қилди.
Мурожаатчининг имкониятлари ўрганилди ва унга “Халқ банки” томонидан 30 миллион сўм кредит расмийлаштирилишига кўмаклашилди.Олий суд раиси ўринбосари Х.Тўрахўжаев томонидан жиноят, фуқаролик ишлари ҳамда маъмурий судларга доир 66 та мурожаат кўриб чиқилди. Шу ернинг ўзида 35 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилиши таъминланди.
Шунингдек, 5 нафар шахснинг алимент ундириш ҳақидаги аризалари қаноатлантирилди. 
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири ўринбосари Яҳё Абдулҳақов оммавий қабулда 20 дан ортиқ мурожаатчилар билан самимий суҳбатлашди. Шу куни бевосита ички ишлар идоралари ёрдамида 9 нафар ёшларга илк маротаба фуқаролик паспорти расмийлаштириб берилди.
Шунингдек, 2 нафар мурожаатчининг кўп йиллик орзуси ушалди ва улар Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилинди.
-Бугун шахсан ўзим ва барча яқинларим учун унутилмас кун бўлди,-дейди Феруза Ўринова. –Чунки Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиш менинг узоқ йиллик орзуим эди. Бундан буён мен ҳам Ўзбекистоннинг барча ҳуқуқларига эга бахтли фуқаросиман. Бу юксак ишончга муносиб бўлиш учун сидқидилдан меҳнат қилиб, юрт корига ярайдиган маънан ва жисмонан етук фарзандлар тарбиялаш ниятидаман.