Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Марғилон саховати” гуруҳи томонидан 100 нафар болаларга Хатна тўйлари ўтказиб берилди.
2022-03-28 15:27:52 232
Хусусий тадбиркор Аъзамжон Аҳмаджонов бошчилигидаги “Марғилон саховати” гуруҳи аъзолари яна бир савобли ишга қўл уришди. Куни кеча Марғилон шаҳридаги муҳташам “Ош маркази” мажмуасида саховатли инсонлар кўмагида “Ҳар бир болага меҳр ва эътибор” номли акция ташкил этилиб вилоятимизнинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 100 нафар болаларга Хатна тўйи ўтказиб берилди.
Тантанани шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов табрик сўзи билан очиб, мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган шу каби хайрли ишларни алоҳида эътироф этди.
- Бугун бир эмас икки нафар жондан азиз дилбандларимнинг тўйи ўтказилаябди, -дейди қўштепалик Муаззамхон Ортиқова қувонч кўз ёшларини яширолмай. – Фарзандларим отасининг автоҳалокат сабабли юриш имконияти чекланган, ўзимнинг кунлик ишлаб топаётган маблағим рўзғор тебратишга базўр етади. Тўй ўтказишни-ку хаёлимизга ҳам келтиролмасдик...
Орзуларимизни рўёбга чиқаришда яқиндан ёрдам берган, ўғилларимни кўзларига қувонч улашган ташкилотчиларга минг раҳмат.
Хайрия тадбири давомида шунингдек қўштепалик Зиёвуддин ва Сирдарё вилоятилик Хайринисохонларнинг никоҳ тўйлари ҳам ҳомийлар томонидан ўтказиб берилди.Пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги соҳирнафас санъаткорлар ижросидаги куй-қўшиқлар тадбир иштирокчиларига кўтаринки кайфият улашди.
Келин-куёв ва тўй болаларнинг ота-оналари, яқинлари, маҳалла фаоллари, фахрийлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этган тадбирда тўкин дастурхон ёзилиб, марғилонча ош тарқатилди, ҳомийлар томонидан тақдим этилган совға-саломлар ўз эгаларига етказилди.
Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати