Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилон шаҳрида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ва матбуот анжумани ўтказилди

×

 2022-02-23 15:09:37    254

PDF yuklash
Chop etish


Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳокимлик бошқармаларининг ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда блогерлар даставвал шаҳардаги Бобур маҳалласида жойлашган тадбиркор Абдурашид Холматов раҳбарлигидаги “SMART KIDS” номли мактабгача таълим ташкилоти фаолияти билан танишдилар. Рус ва инглиз тилларини чуқур ўргатишга ихтисослашган ушбу таълим ташкилотида ҳозирги кунда 75 нафар болажонлар тарбияланмоқда. ОАВ вакиллари ушбу таълим масканида тарбияланувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, турли тўгарак машғулотларини кўздан кечирдилар. 

Журналистларнинг кейинги ташриф манзиллари шаҳардаги “Юксалиш” маҳалла фуқаролар йиғинида янги қуриб битказилган “Қувонч” номли мактабгача таълим ташкилоти бўлди. Хусусий тадбиркор Саодатхон Минаварова ташаббуси билан замоанвий дизайн асосида қад кўтарган 100 ўринли ушбу ташкилотнинг қуриб битказилишига жами 3 млрд сўм маблағ сарф этилди. 

- Бу ерда болажонлар учун яратилган шарт-шароитларни кўриб қувондик, -дейди вилоят матбуот тарқатувчи МЧЖ раҳбари Хатимахон Ғофурова. - Гимнастика, карате сингари турли спорт тўгараклари, ментал арифметика, шунингдек, логопед хизмати ҳам йўлга қўйилган экан. Машғулотлар инглиз ва рус тилларида олиб борилиши эса ҳавасимизни яна бир карра оширди.

Меҳмонлар шунингдек, шаҳардаги “Пичоқчи” МФЙда ҳоким ёрдамчиси кўмагида ташкил этилган Тикувчилик цехи фаолияти билан ҳам  танишдилар. Хусусий тадбиркор Мадинахон Шукурова бошчилигидаги ушбу цехнинг ишга тушганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ, бироқ ютуқлар кўзга кўринарли. Ҳозирги кунда маҳалла ҳудудидаги 24 нафар хотин-қизлар иш билан таъминланган. 

Пресс-турдан сўнг ОАВ ходимлари Тадбиркорлар уйида шаҳарда “2021 йил якунлари ва 2022 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар” мавзусида ташкил этилган Матбуот анжуманида ҳоким билан юзма-юз мулоқот олиб бордилар. Матбуот анжумани давомида иштирокчилар мавзу юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларга тегишли жавоблар олишди. 

Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати