Shrift o'lchami Rang Rasm

Ёдгор САЪДИЕВ: Муваффақиятга чуқур билим ва тинимсиз меҳнат орқалигина эришиш мумкин!

×

 2021-09-16 17:21:43    198

PDF yuklash
Chop etish


Марғилон шаҳридаги Маданият уйида ўзбек маданияти ва санъати дарғаси, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, эл орасида катта обрў-эътиборга эга актёрлардан бири Ёдгор Саъдиев билан учрашув ўтказилди

Самимий ва очиқ мaулоқот руҳида бўлиб ўтган учрашувда фахрий меҳмон Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан мамлакатимизда маънавий-маърифий ишларни тизимли ташкил этиш, бу борада аҳоли, айниқса, ёшларнинг интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтириш, уларни ватанпарварлик, халққа муҳаббат ва садоқат туйғуси билан яшайдиган баркамол авлод этиб тарбиялаш, ёшларнинг таълимга, китобхонликка, санъатга қизиқишини ошириш йўлида амалга оширилаётган ишлар самаралари, шунингдек, ўз ижодий йўли, актёрлик фаолияти ҳақида тўхталар экан, муваффақиятга чуқур билим ва тинимсиз меҳнат орқалигина эришиш мумкинлигини алоҳида таъкидлади.

Ё.Саъдиев 1946 йилда Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Тошкент давлат театр ва рассомчилик институтини тамомлаган. Фаолиятини Ўзбек миллий академик драма театрида бошлаган. Отахон театрнинг устоз актёрлари назарига тушган Ёдгор Саъдиев эпизод ролларда узоқ қолиб кетгани йўқ. "Қароқчилар", "Уйланиш", "Бой ила хизматчи", "Юлдузли тунлар", "Алишер Навоий", "Келинлар қўзғолони" каби спектаклларда 60 дан зиёд эсда қоларли роллар ижро этди. Театр саҳнасида омади чопган Ёдгор Саъдиевга кино ҳам бегона бўлмади. "Дилбарим", "Минорхўрлик Жўра овчи", "Енгилмас", "Ўн уч терак кўчаси", "Қизил қумлар" номли фильмларни кекса томошабинлар яхши эслашади. Ҳозирги кунда Ўзбек Миллий академик драма театри  раҳбари сифатида фаолият юритиб келмоқда.

      Халқимиз серқирра устоз ижодкор Ёдгор Саъдиев ижросидаги нафақат, қойилмақом ролларни мириқиб томоша қилади, балки унинг кўнгилга хуш ёқувчи дурдона қўшиқларини ҳам юракдан мириқиб тинглайди.

         Тадбир давомида ҳам томошабинлар Ёдгор Саъдиев ижросида янграган қўшиқларга хиром айладилар.

 Марғилон  шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати