Shrift o'lchami Rang Rasm

ТАДБИРКОРЛАРГА СУЯНЧ ВА ТАЯНЧ БЎЛАМИЗ!

 2019-11-19 15:56:07    280

PDF yuklash
Chop etish


Марғилон шаҳар ҳокими Мирзоҳид Убайдуллаевнинг шаҳардаги

тадбиркорларга, барча ишбилармон доиралар вакилларига

 

М У Р О Ж А А Т И

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2019 йил 7 ноябрь куни “Жорий йилда давлат бюджетига тушумлар прогнози ижросини таъминлаш, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жойларда янада ривожлантириш” масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда илгари сурилган муҳим ташаббуслар соҳада фаолият юритаётган кишиларнинг кучига куч, ғайратига ғайрат қўшди, десак муболаға бўлмайди.

Маълумки, тадбиркорлар мамлакат иқтисодиётини белгилайдиган эртанги кунимиз фаровон бўлишини таъминлайдиган кишилар ҳисобланади. Улар қанча бой бўлса, юртимиз, халқимиз ҳам шунча бой, турмушимиз фаровон бўлади.

“Ҳар бир тадбиркорга – кўмакдош, елкадош ва мададкормиз!”, деган эзгу ғоя асосида ўтган йиғилишда ҳам Муҳтарам Юртбошимиз айнан шу сўзларни бот-бот такрорлаб, «Бизнес юритиш — 2020» ҳисоботида кўрсатилган камчиликларни бартараф этиш, жумладан, ер ажратиш, қурилиш ва мол-мулкни рўйхатга олиш борасида қулайликлар яратиш, тадбиркорларга ерни онлайн аукцион орқали сотиш, мулкни рўйхатдан ўтказиш бўйича идоралараро электрон ахборот алмашинувини таъминлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Бу борада барча шаҳар ва туман ҳокимларининг Тадбиркорларга Мурожаатнома билан чиқиши ҳақидаги таклифлари бизга жуда маъқул бўлди.

Авваламбор, соҳадаги барча масалалар ҳокимликлар, Кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Савдо-саноат палатаси, Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва банклар билан ҳамкорликда ўзаро ҳурмат ва ўзаро ишонч билан ечилиши жуда тўғри йўл деб ҳисоблаймиз.

Мазкур мурожаатни ишлаб чиқишдан аввал Бош вазир қабулхоналари ҳузуридаги Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгаши шаҳар бўлими аъзолари иштирокида шаҳарда фаолият юритаётган турли тоифадаги тадбиркорлар билан учрашиб, уларни қийнаётган муаммолар, давлат ҳокимияти идораларидан кутаётган шарт-шароит ва хоҳиш-истаклари ўрганиб чиқилди.

Ушбу мурожаатноманинг асосий ташкилотчилари сифатида шаҳардаги тўрттала сектор раҳбарлари ва бошқа ваколатли идоралар раҳбарларининг бевосита иштироки таъминланди ҳамда асосий эътибор қуйидаги масалаларга қаратилди:

Биринчи – Бош вазир қабулхонаси шаҳар бўлимига келиб тушган барча мурожаатларни таҳлил қилиш.

Ўрганишлар давомида маълум бўлдики, шу кунгача қабулхонага тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқаролардан турли масалаларда 69 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 67 таси ҳал этилди, қолган иккита масала эса кўриб чиқиш жараёнида.

Маълумки, тадбиркорларни қийнаётган иккита муҳим масала бор: ер ажратиш ва кредит бериш. Бутун республикамизда амалда бўлгани каби ҳозирги кунда шаҳримизда ҳам ҳақиқий тадбиркор бўлиш истагида юрганларга ер ажратиш очиқ-ошкора равишда, барча учун тенг шароитлар яратган ҳолда, электрон аукцион орқали амалга оширилмоқда.

Шунингдек, кредит бериш тизимини ҳам соддалаштириб, ортиқча қоғозбозлик ва сарсонгарчиликларга барҳам беришга бор эътиборни қаратамиз.

Иккинчи – қайд этиб ўтиш жоизки, бугунги кунда енгил саноат, ипакчилик ва чарм пойабзал йўналишида ҳам шаҳримизда бир қатор корхоналар самарали фаолият юритиб келмоқда.

Хусусан калава ип ишлаб чиқаришга ихтисослашган “Экспо колор прин текс” МЧЖ фаолиятга тўхталсак, корхонада ҳозирги кунда 197 нафар ишчи ўрни таъминланган бўлиб, 2019 йилнинг ўтган даврида корхона томонидан 2318,8 минг АҚШ долларлик калава ип экспорти амалга оширилди. Хозирда корхонада калава ипни бўяшни ташкил қилиш бўйича янги лойиха таклифи устида иш олиб борилаяпти. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун жами 2900 минг АҚШ доллар, шундан 2500 минг АҚШ доллари ҳисобида банк кредити, 400 минг АҚШ доллар хорижий инвестиция киритилиши режалаштирилган. Мазкур лойиҳани ишга тушириш ҳисобига яна 50 та янги иш ўринлари яратилиши кўзда тутилган.

“Турон водий текс” МЧЖ томонидан 2019 йилнинг ўтган даврида 567,6 минг АҚШ долларлик экспорт амалга оширилди. Ҳозирда бу ерда 60 нафар ишчилар фаолият юритмоқда. Корхонанинг сочиқ ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича берган янги лойиҳасини амалга ошириш учун жами 2150 минг АҚШ доллари зарур бўлиб, шундан 1650 минг АҚШ доллари ўз маблағи, 1500 минг доллари банк кредити ҳисобидан амалга оширилади ва шу асосда яна 40 та янги иш ўринлари яратилади.

“Нурли тонг силк” МЧЖда ҳозирги кунда 82 нафар ишчилар фаолият юритиб келмоқда. 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида корхона томонидан 2012 минг АҚШ доллар қийматидаги ипак маҳсулотлари экспорти амалга оширилди. Ҳозирда корхонада ипак маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича янги лойиҳа устида иш олиб борилмоқда. Ушбу лойиҳа қиймати жами 1054 минг АҚШ доллар бўлиб шундан 54 минг АҚШ доллари ўз маблағи, 1 млн АҚШ доллари банк кредити ҳисобига амалга оширилиши режалаштирилган. Лойиҳани ишга тушириш ҳисобига яна 50 та янги иш ўринлари яратилади.

Учинчи – тадбиркорликка кўмак берувчи масъул идоралар ва ҳудуддаги барча раҳбарлар тадбиркорга хизмат кўрсатиши кераклиги, бунда ҳар бир идоранинг кун тартибида устувор масала – тадбиркорлар билан бевосита мулоқот қилиш, уларнинг дардини эшитиш ва муаммоларини сўзсиз ҳал қилиш бўлмоғи лозимлигини тўла англаб етган ҳолда мазкур масала юзасидан бажарилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.

Бундан буён тадбиркорлар жамиятда энг асосий етакчи кучга айланиб, барча маҳаллий давлат идоралари фаолиятига баҳо бериш ҳамда уларнинг фаолияти, энг аввало, тадбиркорларнинг манфаатларига хизмат қилиши устидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатадилар.

Тўртинчи – ҳудуд салоҳияти ва ихтисослашувидан келиб чиқиб, аҳолини тадбиркорликка кенг жалб этиш, уларнинг бизнес ғоялари ва лойиҳаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилди.

Ҳар бир лойиҳа шахсий назоратимиз остида бўлади. Лойиҳани ишлаб чиқишдан, то уни амалга оширишгача бўлган барча жараёнда бевосита кўмак бериш биринчи галдаги вазифамиздир.

Бир нарсани англашимиз керак: Сизнинг лойиҳангиз – шаҳримизнинг эртанги келажаги ва аҳолимиз фаровонлигининг кафолатидир. Сиз туфайли шаҳарда ишсизлик қисқаради, даромадлар ошади, оилаларимиз, аёлларимиз ва фарзандларимиз турмушидан миннатдор бўлиб, ўз юртида ҳаловат топади.

Бешинчи – тадбиркорликнинг ривожланишига ҳалақит қилаётган барча тўсиқ-ғовларни бартараф этиш ва соҳани қўллаб-қувватлашнинг кафолатларини мужассам этган ишончли тизимни йўлга қўйишда қўйидаги ғоя ва фикрларни тадбиркорлар ва жамоатчиликка етказишни мақсад қилдик:

тадбиркорликка ортиқча аралашувларнинг олдини олиш, эндиликда давлат органлари билан муносабатларни текшириш эмас, балки тадбиркорликка фақат ва фақат ёрдамлашиш нуқтаи назаридан қурилади;

ҳар бир тадбиркорнинг мулки дахлсиз, ҳеч бир тадбиркордан турли сабабларни важ қилиб, унинг мулки тортиб олинмаслиги ёки бузилмаслиги кафолатланади. Бунда, тадбиркорларнинг мол-мулкига барча раҳбарлар томонидан “ўз шахсий томорқам” деган қарашга барҳам бериш, тадбиркорлар мол-мулки далхсизлигига тўлиқ ва виждонан риоя қилиш;

тадбиркорлар иштирокидаги турли мажлисбозликларга чек қўйилиши, маҳаллий ҳокимлик идоралари вазифаларини тадбиркорларга юклаш ва уларни ҳомийликка мажбурлаш амалиётига бутунлай чек қўйиш.

Олтинчи - мазкур мурожаатни нафақат анъанавий оммавий ахборот воситалари орқали, балки турли нодавлат телевидение ва радиоканалларда, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар веб-саҳифаларида, босма нашрларда эълон қилинишини назорат қилиб борамиз.

Еттинчи – жамоатчилик ва тадбиркорлар билан доимий равишда мулоқотда бўлиб, самарали “қайта алоқа”ни ташкил этиш, уларнинг мурожаатга муносабати ҳамда кайфиятини ўрганиб борамиз.

Хусусан, оммавий ахборот воситаларида Бош вазир қабулхоналари ҳузуридаги Тадбиркорларнинг жамоатчилик кенгашлари аъзолари, тадбиркорлар ва маҳаллий давлат идоралари раҳбарлари иштирокида мурожаатнинг асосий мазмун-моҳиятини очиб бериш юзасидан туркум муҳокамалар ва интервьюлар уюштириб боришни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз ва ижросини таъминлашга асосий эътиборни қаратамиз.

Бир сўз билан айтганда, тадбиркорликка оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросини қатъий таъминлаш мамлакатимизда хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириб, тадбиркорлик субъектларининг сони ошишига, янги иш ўринлари яратилишига ва ҳаётимизнинг янада обод ва фаровон бўлишига хизмат қилади.

Хусусий мулкнинг ўрни ва ролини тубдан ошириш, хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлидаги тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, иқтисодиётимизда давлат иштирокини камайтириш, ялпи ички маҳсулотда хусусий мулк, жумладан чет эл капитали иштирокидаги улушни янада изчил ошириш мақсади йўлида амалга оширишимиз лозим бўлган долзарб вазифалар эса ҳали олдинда.

Бу борада янги кичик бизнес субъектлари ташкил этиш ва амалда фаолият кўрсатаётган тадбиркорларнинг муаммоларини аниқлаш ҳамда ҳал этишга бор имкониятларимизни ишга соламиз.

Зеро, марғилонликлар, азал-азалдан тадбиркор, ҳунарманд халқимиз анъаналарини улуғлаб келаётган халқ ҳисобланади. Юқорида Муҳтарам Президентимиз томонидан соҳани янада ривожлантириш масаласида берилган топшириқларни эса юксак масъулият билан бажаришни муқаддас бурч деб биладилар.

Марғилон шаҳри ҳудудларида фаолият кўрсатаётган сектор раҳбарларининг телефон рақамлари:

Убайдуллаев Мирзоҳид Миродилович - 1-сектор раҳбари, Марғилон шаҳар ҳокими.

Тел: 73-253-30-00.

Ходжаев Алишер Мансурович - 2-сектор раҳбари, Марғилон шаҳар прокурори. Тел: 73-237-10-07.

Наджимитдинов Бахтиёржон Раҳимович - 3-сектор раҳбари: шаҳар Ички ишлар бўлими бошлиғи.

Тел: 73-253-11-99.

Юсупов Умиджон Ортиқович - 4-сектор раҳбари: шаҳар Давлат Солиқ Испекцияси бошлиғи.

Тел: 73-237-28-51.