Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Гиёҳванд модда” сотган 16 ёшли қиз қамалди
2024-06-27 17:07:54 11879
Гиёҳвандлик инсониятни таназзул ботқоғи сари бошлаётган энг хавфли воситалардан бири ҳисобланади. Гиёҳвандлик – наркотик моддаларга ўрганиб қолиш, аниқроғи, табиий ёки заҳарли синтетик моддаларни (айрим дори моддалари) вақтинча ёки сурункасига истеъмол қилиш натижасида келиб чиқадиган касаллик. Бу эса ўз навбатида, нафақат гиёҳвандга, балки бутун жамиятга кўплаб зарар етказади.
Гиёҳвандлик шундай балоки, у нафақат бир инсонни таназзулга етаклайди, балки унинг оиласи, яқинларига зиён келтиради, жамиятдаги тинчлик-тотувлик, хотиржамликка путур етказади. Шунинг учун бу иллат қораланади, унга қарши муросасиз кураш олиб борилади. Хусусан, мамлакатимизда ҳам гиёҳвандлик, наркотик моддалар савдоси, унинг ҳар қандай турини етиштириш ва сақлаш каби ҳаракатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилиб, жиноятга жазонинг муқаррарлиги, қонун устуворлиги таъминланиб келинмоқда. Фарғона вилоятида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан ўтказилаётган тадбирлар давомида бу йўналишдаги жиноятларга чек қўйилмоқда.
Афсуски, бу иллат ўз домига эндигина ҳаётга қадам қўяётган вояга етмаган ёшларни ҳам тортаётгани жуда ачинарли ҳолатдир.
2024 йил 17 январь куни соат 14ларда, Марғилон шаҳар ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган “Назорат харид” тадбири давомида
2007 йилда туғилган вояга етмаган К.Ш ўзи яшаб келган Марғилон шаҳар, Дўстлик маҳалла фуқаролар йиғини, Қўрғонтаги тор кўчасидаги яшаш хонадони олдида, “махсус харидор”га 6.26 грамм “гашиш” гиёҳвандлик воситасини 1.000.000 сўмга сотган вақтида ИИБ ходимлари томонидан ушланган ҳамда “махсус харидор”дан Ш.К томонидан сотилган “гашиш” гиёҳвандлик воситаси ва Ш.К дан эса 1.000.000 сўм тадбирда ишлатилган пуллар ашёвий далил тариқасида олинган.
Шунингдек, тадбир давомида Ш.К ўз ихтиёри билан яшаш хонадонида қонунга хилоф равишда ўтказиш учун сақлаб келаётган бир дона елим идишга солинган 6 бўлак, тўқ жигар рангли, ўзига хос ҳидли “гашиш” гиёҳвандлик воситасига ўхшаш моддани топширган ва ушбу модда ашёвий далил тариқасида олинган.
Ш.К. га оид жиноят иши жиноят ишлари бўйича Марғилон шаҳар судида, суд раиси М.Марахимовнинг раислигида, халқ маслаҳатчилари Х.Усмонов ва М.Касимовдан иборат таркибда кўриб чиқилиб, барча ҳолатлар чуқур ўрганилиб, ишнинг ҳолатига қонуний баҳо берилди.
Суд Ш.К га нисбатан жазо тури ва унинг миқдорини тайинлашда, Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги қарори тушунтиришларига амал қилиб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 56-моддасида кўрсатилган жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқлиги ва
55-моддасига асосан жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар сифатида муқаддам судланмаганлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги ва жиноятни оғир оилавий шароит оқибатида содир этганлиги деб ҳисоблаб, у томонидан содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда, уни жамиятдан ажратмасдан туриб қайта тарбиялашнинг имконияти йўқлиги ҳақида хулосага келиб, унга нисбатан у содир этган жиноят учун ЖКнинг 85-моддасини қўллаб, мазкур жиноят учун белгиланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо яъни 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади ва тайинланган жазони тарбия колонияларда ўташни белгилади.
Халқимиз ичида, гиёҳвандликка қарши курашиш, унинг пайини қирқиш фақатгина ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг вазифаси деб ўйлайдиганлар жуда катта хато қилади. Дунё аҳолисининг барча қатламини бирдек ташвишга солиб келаётган гиёҳвандликдек хавфли иллатга қарши курашишда жамиятимизнинг барча аъзолари иштирок этиши лозим. Шундагина бу иллатнинг пайи тезроқ қирқилади.
Музаффаржон Марахимов
Жиноят ишлари бўйича
Марғилон шаҳар судининг раиси.