Shrift o'lchami Rang Rasm

“МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР” ФЕСТИВАЛИ

×

 2024-04-23 17:56:45    186

PDF yuklash
Chop etish


Фарғона вилоят ҳокимлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ташаббуси билан Марғилон шаҳридаги 2-сонли касб-ҳунар мактабида “Миллий қадриятлар” фестивали ўтказилди.
Фестивални вилоят ҳокими ўринбосари Шерзод Раҳимов, шаҳар ҳокими Шукуруллохон Нисбатхонов ҳамда Республика маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими раҳбари Маъсуджон Сулаймоновлар кириш сўзи билан очиб, ушбу фестивал дастлаб кўҳна ва ҳамиша навқирон Марғилон шаҳрида ташкил этилаётгани ҳам бежиз эмаслиги,  зеро, Марғилон азал-азалдан миллий қадрият ва урф-одатлар бешиги саналганлигини эътироф этиб ўтишди. 
Фестивал иштирокчилари дастлаб миллий қадриятлар, урф-одат ва анъаналаримиз ёрқин намоён этилган ранг-баранг кўргазма асарлари билан яқиндан танишиб, устазода ҳунармандлар томонидан ташкил этилган ҳунармандчилик намуналарини кўздан кечирдилар.
Бир ёнда мазаси тилни ёрар бир-биридан тотли миллий таомларнинг ёқимли тафти, яна бир ёнда эгнида атласу адраслари лов-лов ёниб, ўзбекона иффат ила салом бераётган келинакчакларнинг файзу таровати, айниқса, миллий қадриятларимиз йўғрилган ўлану лапарларнинг жаранги тадбирга янада кўтаринкилик улашди.
Қошларига ўсма суртиб, тўп тош ўйнаётган қизларнинг  севинчи юз-кўзига сиғмайди. Миллий ўйинларимиздан бўлган тош кўтариш ва белбоғли курашда алп ўғлонлар майдонда куч синашдилар. 
Шаҳар маданият маркази санъаткорлари томонидан ижро этилган дилрабо куй ва қўшиқлар барчани бирдек рақсга чорлади. 
Тадбир давомида, шунингдек, моҳир ва ҳаваскор  ошпазлар томонидан тайёрланган паловхонтўралар, энг намунали дея танлаб олинган кўргазмалар ташкилотчилари ҳамда фестивал дастури доирасида ташкил этилган номинациялар иштирокчилари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланиб, ғолибларга фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати