Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
“Ўзбекистон – 2030" стратегияси – Янги Ўзбекистонни барпо этиш дастуруламали
2023-10-25 13:51:51 9633
Шу йил 11 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармон билан “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тасдиқланди. Унда бешта устувор йўналиш бўйича 100 та муҳим мақсад ўз аксини топган. Ҳар бир инсонга ўз салоҳиятини рўёбга чиқариш учун муносиб шароитлар яратиш, барқарор иқтисодий ўсиш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш, сув ресурсларини тежаш ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш, қонун устуворлигини таъминлаш, халқ хизматидаги давлат бошқарувини ташкил этиш ҳамда мамлакатни хавфсиз ва тинчликсевар давлатга айлантириш ишларини давом эттириш асосий йўналишлар сифатида белгиланган.
Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, стратегияни ишлаб чиқишда янги таҳрирдаги Конституциямиз асос вазифасини бажарди. Айнан янги таҳрирдаги Конституцияда давлат органлари фаолиятининг асосий мезони бу – инсон ҳуқуқлари, инсон эркинликлари экани кўрсатилган.
Эътиборли жиҳати, эндиликда давлат бошқаруви рақамли ҳукумат тизимига босқичма-босқич ўтилмоқда. Бевосита бу система қуйидан бошлаб юқорига қараб амалга оширилади. Қуйи деганим, маҳаллаларда электрон давлат нуқталарини шакллантириб бориш назарда тутилмоқда. Чунки маҳалла фуқаролар учун энг яқин нуқта ва бу ерда ўша айтилаётган хизматлар амалга оширилади. Биламизки, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳокимлар Халқ депутатлари Кенгашига раислик қилмаслиги ҳақида алоҳида норма белгиланди ва мана шу норманинг амалдаги ижросини таъминлаш учун ҳам мазкур стратегияда аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилган.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясидаги яна бир асосий мавзулардан бири бу суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ.
Суд-ҳуқуқ соҳаси ислоҳотларини бевосита 3 та йўналишга бўлиш мумкин.
Биринчиси, суд-ҳуқуқ системасини рақамлаштириш йўналиши. Бу ерда биринчи навбатда фуқаролар судларга мурожаат қилган пайтда ҳар бир босқичнинг рақамлаштирилишига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни, ортиқча оворагарчиликларнинг олдини олиш ва фуқаролар суд билан тезкор боғланишини таъминлаш учун ҳам бу йўналиш муҳим ҳисобланади. Масалан, фуқарога жиноий иш қўзғатилган пайтда судлардаги жараённи кузатишга ва мавжуд вазият билан танишишга эҳтиёж бор эди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, суд жараёнини тўлиқ электронлаштириш ва вазиятни доимий кузатиб туриш тизими шаклланади.
Иккинчи йўналиш сифатида коррупциянинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Яъни 2030 йилга қадар бутун қонунчилик коррупциядан ҳоли бўлади. Бу ҳам давлат олдида турган энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Дейлик, давлат харидлари билан боғлиқ соҳаларда ёки манфаатлар тўқнашуви муносабатларида коррупцион ҳолатларнинг олдини олиш ва бу соҳани ҳам рақамлаштириш асосий мақсад сифатида қаралмоқда.
Учинчи йўналиш сифатида Конституцияда белгиланган актлар, “Миранда қоидаси” каби нормаларни амалдаги қонунчиликка сингдиришни ҳам стратегиянинг асосий мақсадларидан бири сифатида қарашимиз мумкин. Умуман олганда, бу йўналишлардан асосий мақсад, судларни, умуман, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни халққа янада яқинлаштириш, халқ билан ўзаро узвий боғлиқликни шакллантириш ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон – 2030” стратегияси тўғрисида”ги фармони ҳамда “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини 2023 йилда ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори Янги Ўзбекистон шароитида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва ўзгаришларни изчил давом эттириш, соҳа ва йўналишларни янада ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Шу маънода мазкур ҳужжатлар юртдошларимизнинг Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича хоҳиш-иродасини рўёбга чиқариш, соғлом, билимли ва маънавий баркамол авлодни тарбиялаш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни кафолатли таъминлашда муҳим ўрин тутади.
Айниқса, янгиланган конституциявий-ҳуқуқий шароитларда мамлакатимиз тараққиётининг асосий йўналишларини такомиллаштириш ва улкан ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш долзарб аҳамият касб этади. Шундай экан, юқоридаги ҳужжатлар доирасидаги қатор мақсад-вазифалар келгуси 7 йил давомидаги тараққиётимизга замин, ҳуқуқий дастуриламал бўлади.
Ш.Тошмирзаев
Фуқаролик ишлари бўйича Марғилон
туманлараро суди раиси