Shrift o'lchami Rang Rasm

Америкалик делегация аъзолари Марғилон шаҳридаги ипакчилик корхоналари фаолияти билан танишдилар

×

 2023-01-28 14:55:27    247

PDF yuklash
Chop etish


АҚШ Меҳнат вазирлиги Халқаро меҳнат масалалари бошқармасининг Одам савдоси, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнати масалалари бўлими вакиллари Маргарет Жунгк, Сара Соломон ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Сара Бэккерлар Марғилон шаҳридаги "Нурли тонг силк" МЧЖ фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Меҳмонларни шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов бошчилигидаги тегишли корхона ва ташкилот раҳбарлари кутиб олишди.

Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш борасида вилоятимизда, шу жумладан, шаҳримизда амалга оширилган кенг кўламли ишларнинг натижалари билан танишиш мақсадида ташриф буюрга меҳмонлар “Нурли тонг силк” МЧЖ пиллачилик кластерида тайёр ва ярим тайёр ипак маҳсулотларининг тайёрланиш жараёнлари, ишчи-ходимлар учун яратилган шарт-шароитларни кўздан кечиришди.

Корхона 2020 йилда Ҳиндистон, Хитой, Жанубий Корея,  Вьетнам, Миср сингари давлатларга 3 миллион долларлик тайёр ва ярим тайёр ипак маҳсулотлари экспорт қилди. Жараён 2021 йилда ҳам давом этиб, олти ойда яна 1 миллион 200 минг долларлик маҳсулот экспортга чиқарилди.

Кластер томонидан Ўзбекистон, Фурқат, Риштон, Қўштепа туманлари ҳамда Қувасой шаҳрида ўзаро шартнома асосида 561 тонна пилла хомашёси етиштирилди.

Ҳозирги кунда корхона тасарруфида 5 та ҳудудда 1 минг 300 гектардан ортиқ тутзорлар бор. Озуқа базасини яхшилаш мақсадида 70-80 фоизи маънан эскирган тутзорлар ўрнида янги тут плантациялари ташкил этилди. Шу мақсадда биргина ўтган йилнинг ўзида Хитойдан 700 минг долларлик тут кўчатлари келтирилди. Ипак қурти уруғи етиштириш тўлиқ маҳаллийлаштирилди ва замонавий лабораториялар фаолияти йўлга қўйилди.

-Пиллачилик кластери томонидан бир мавсумда 13 минг қути ипак қурти боқилиб, 13 мингта мавсумий иш ўрни яратилади. Бундан ташқари, “Устоз-шогирд” анъанаси асосида оила бекаларини касаначилик асосида ишга олганмиз, - дейди корхона раҳбари Мақсуджон Қосимов.

Корхона республикада биринчи бўлиб Хитойга катта миқдорда шойи, сатин, атлас ва адрас каби табиий ипак маҳсулотлари экспорт қилиш бўйича шартнома имзолади. маҳсулотнин бир қисмини Хитойга жўнатиш режалаштирилмоқда. Яқин истиқболда корхона раҳбарияти Хитой ва Жанубий Корея бозорида мустаҳкам ўрин эгаллашни мақсад қилган.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Сара Бэккер бошчилигидаги делегация аъзоларининг кейинги ташриф манзиллари Ҳунармандлар маркази бўлди.

Хорижлик меҳмонлар хусусий тадбиркор, сенатор Иброҳимжон Султонов раҳбарлигидаги ушбу марказда бўлиб миллий матоларимиздан бўлган атлас ва адрас тўқиш жараёнларини иштиёқ билан кузатдилар.

- Марғилон асл уста ҳунармандлар шаҳри эканлигига бевосита гувоҳ бўлиб турибман, дейди, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакили Сара Бэккер. – Бу ерда биз матога гул чизишдан бошлаб уни тайёр ҳолатга келиш жараёнларига гувоҳ бўлдик, рости ҳайратимиз чексиз.

Дарҳақиқат, марказда маҳсулотларнинг сифати юқори. Асл ипакка табиий бўёқлардан гул чизиб мато тўқилади. Шу боис бу маҳсулотлар харидоргир.

Юз фоиз табиий бўёқлардан тайёрланаётган бетакрор ранглар билан безатилган гиламлар асосан Туркияга, атлас, адрас матолар АҚШ, Италия, Франция, Россия, Қозоғистон, Тожикистон каби мамлакатларга экспорт қилиниб келинмоқда.

Ташриф сўнгида делегация аъзолари “Vodiy marjoni” хусусий корхонасида бўлиб ипакни қайта ишлаш ҳамда миллий матолар ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечиришди.

Хусусий тадбиркор А.Мамажонов ташаббуси билан 2001 йилда ташкил этилган ушбу корхода ҳозирги кунда 25 нафар хотин-қизларнинг бандлиги таъминланган.