Shrift o'lchami Rang Rasm

МАРҒИЛОН ШАҲРИДА ЖУРНАЛИСТ ВА БЛОГЕРЛАР УЧУН ПРЕСС-ТУР ВА МАТБУОТ АНЖУМАНИ ЎТКАЗИЛДИ

×

 2023-01-26 18:28:27    227

PDF yuklash
Chop etish


Вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, ҳокимлик бошқармаларининг Ахборот хизматлари раҳбарлари ҳамда блогерлар даставвал “Марғилон шаҳрида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги” мавзусида ташкил этилган Матбуот анжуманида шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов билан юзма-юз мулоқот олиб бордилар.
Анжуман давомида Марғилон шаҳрида “Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида бажарилган ишлар ва келгусида амалга ошириладиган вазифалар ҳақида иштирокчиларга батафсил маълумот берилди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳаси доирасида биргина Марғилон шаҳрининг ўзида 2022 йилда қарийб 13 млрд.сўм маблағлар ажратилиб, шундан 1-босқичда қиймати 6,68 млрд.сўм бўлган 21 та лойиҳалар фуқароларнинг овоз бериш йўли орқали ғолиб деб топилди. 
Хусусан, “Туғруқ уйи”га қарийб 1 миллиард сўмлик тиббий жиҳозлар олинди, 3 та маҳаллалардаги электр таъминотини яхшилаш мақсадида трансформаторлар ва 72 та темир-бетон таянчлар ўрнатилди, 2 та маҳаллалардаги 1,7 км ички йўлларга асфальт ёткизилди, 1 та замонавий пиёдалар ўтиш йўли қурилди, 1 та барак типидаги уй таъмирланди, 2 та мактабгача таълим ташкилоти ва 4 та умумтаълим мактаблари жорий таъмирдан чиқарилди.
“Ташаббусли бюджет” лойиҳасининг 2-босқичида эса жами қиймати 6,4 млрд.сўмлик 11 та лойиҳалар ғолиб деб топилди.
Жумладан, «Ёвқочар” МФЙдаги Болалар шифохонасига рентген аппарати олиб келинди. Ҳозирги кунда эса “Гулистон” МФЙдаги 6-оилавий поликлиника таъмирланмоқда, қолаверса,  Янги Марғилон шаҳарчаси Тез тиббий ёрдам бўлимининг таъмирталаб ҳолга келиб қолган бинолари тўлиқ таъмирдан чиқарилмоқда.
Матбуот анжуманидан сўнг ОАВ вакиллари учун Марғилон шаҳрида амалга оширилган янги ва улкан лойиҳа – “Иссиқлик манбаи”га пресс-тур ташкил этилди.
Истеъмолчиларга иссиқлик энергияси етказиб бериш сифатини ошириш ва узлуксизлигини таъминлаш мақсадида, Марғилон шаҳридаги «Гулистон», «Зуҳро», «Милтиқсоз», «Чилонзор» «Саҳоват» маҳалла фуқаролар йиғинларидаги 130 та(5711 та хонадон) иссиқлик  ва иссиқ сув билан таъминлаш бўйича улкан лойиҳа амалга оширилмоқда. 
Бугунги кунда, «Гулистон», «Зуҳро», «Чилонзор» маҳаллаларидаги 123 та кўп қаватли уйлар тўлиқ иссиқлик энергияси билан таъминланди. Қолган «Милтиқсоз» ҳамда «Саҳоват» маҳаллаларидаги уйларни иссиқлик билан таъминлаш ишлари амалга оширилмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, ҳар бир квартирага замонавий иссиқлик радиаторлари 3 йилга бўлиб тўлаш шарти билан ўрнатиб берилди.
Мазкур лойиҳанинг анъанавий лойиҳалардан асосий фарқи – бу ерда жаҳон тажрибаси асосида инновацион технологиялардан кенг фойдаланилаётганлигидир. Бугунги кунда хонадонлардаги иссиқлик 60-62 градусни ташкил этмоқда.
Ушбу технологиянинг афзаллиги ҳар қандай ўта совуқ об-ҳаво таъсирида ҳам энерго йўқотишларсиз, кўп квартирали уйларга етарли босим ва ҳароратда иссиқлик узатилади. Ҳар бир кўп квартирали уйнинг ертўла қисмида замонавий иссиқлик элеватори(ИТП) мавжуд бўлиб, бир меъёрда барча хонадонларга иссиқлик беришини таъминлайди.
Лойиҳанинг пировард мақсади замонавий тежамкор ва кам энергия сарфлайдиган технологияларни жорий этиш асосида фойдаланишга қаратилган. Ўтказилган таҳлиллар натижасида, Марғилон шаҳридаги 130 та кўп қаватли уйларнинг 1 йил давомидаги 15,4 млн.м3 табиий газ, 29,5 млн.кВт электр энергияси иқтисод қилинишига ҳамда қарийб 14,5 млрд.сўм маблағлар аҳоли тежаб қолинишига эришилади.