Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилон шаҳрида ҳамда Бувайдада яшовчи 7 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга Давлатимиз раҳбари совғаси – квартиралар калитлари топширилди

×

 2022-12-01 15:43:20    207

PDF yuklash
Chop etish


Марғилон шаҳрида 7 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга Давлатимиз раҳбари совғаси – квартиралар калитлари топширилди. Тадбирда вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров, вилоят секторлари раҳбарлари, жамоатчилик вакиллари иштирок этдилар.

Президентимиз томонидан юртимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, уларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилмоқда. Бугун 6 нафар марғилонлик ҳамда 1 нафар бувайдалик ёшлар ҳам ушбу амалий ғамхўрлик натижасида ўз уйларига эга бўлдилар.

Рухшона Маҳмуджонова, Оятилло Юсуфжонов, Маҳмуджон Муродилов, Алина Сачнёва, Гулшода Пирматова, Хайринисо Хошимова ва бувайдалик Алимардон Абдужалиловлар Давлатимиз раҳбари томонидан ажратилган маблағ ҳисобига харид қилинган ва ўз номларига расмийлаштирилган 1 хонали квартиралар калитларини вилоят ҳокимидан қабул қилиб олдилар.

Янги хонадон эгаларининг қувончлари бир олам, улар берилаётган эътибор ва ғамхўрликлар учун Президентимизга чексиз миннатдорчиликларини изҳор қилдилар.

Ҳозирда Рухшона ва Оятилло ўқув курсларида касбга ўқитилмоқда. Алина ва Гулшода касб-ҳунар мактабларида таҳсил олмоқда. Маҳмуджон шаҳардаги гилам ювиш корхонасида иш бошқарувчи бўлиб ишлайди. Хайринисо 2 ёшли фарзанди тарбияси билан банд. Алимардон эса оилали, бир нафар фарзанди бор, устачилик билан шуғулланади.

Президентимизнинг эзгу ва хайрли қарорлари билан ўтган йили вилоятимиз бўйлаб 18 ёшга тўлган 29 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёшларга кўп квартирали уй-жойлардан квартира тақдим этилган бўлса, бу йил 17 нафар йигит-қиз таъмирланган ва тўла жиҳозланган уй-жойлар эгасига айланишмоқда.