Shrift o'lchami Rang Rasm

ПРЕСС-ТУР

×

 2022-11-26 16:57:56    241

PDF yuklash
Chop etish


Фарғона вилоят туризм ва маданий мерос бош бошқармаси ҳамда Марғилон шаҳар ҳокимлиги ташаббуси билан вилоятимизда фаолият кўрсатиб келаётган оммавий ахборот воситалари ходимлари учун Марғилон шаҳридаги бир қатор ҳунармандчилик марказлари ва зиёратгоҳларга ПРЕСС-ТУР ташкил этилди.

Дастлаб ПРЕСС-ТУР иштирокчилари шаҳардаги «Чорчинор» маҳалла фуқаролар йиғини «Бозор» кўчасида истиқомад қилувчи, қарийб 55 йилдан буён ширмончилик билан шуғулланиб келаётган уста нонвой Аҳмаджон Қосимовнинг хонадонида бўлиб ширмой ноннинг тайёрланиш жараёнига бевосита гувоҳ бўлдилар.

Нонвойнинг қалб қўри ҳамда қўл меҳнатлари самараси ила икки юзи қизариб тандирдан янги узилган ширмой ноннинг тотли таъми барчга бирдек манзур бўлди.

ПРЕСС-ТУР иштирокчиларининг навбатдаги ташриф манзиллари шаҳардаги «Ўрда таги» МФЙ ҳудудида жойлашган «Ширмонпаз» масжиди бўлди.

Шаҳар меъморчилиги нуқтаи назаридан диққатга сазовор бўлган ушбу масжид 1906 йилда мулла Алимбой томонидан қурилган. Масжиднинг меҳроб ва шифт қисмлари нақшинкор услубда безатилган. Ҳозирги кунда ушбу иншоотда «Ширмонпаз» масжиди фаолият кўрсатиб келмоқда.

Марғилон халқи азалдан ҳунармандчиликнинг турли йўналишлари, жумладан читгарлик билан шуғулланиб келади. Ҳозирги кунда бутун республика миқёсида ушбу ҳунар турини давом эттириб келаётган 4 нафар устазодалар орасида марғилонлик ҳунарманд Алишер Аҳмадалиев ҳам бор.

ПРЕСС-ТУР давомида журналист ва блогерлар моҳир читгар Алишер Аҳмадалиевнинг матога гул босиш жараёнларини кўздан кечиришди.

ОАВ вакиллари ПРЕСС-ТУР давомида шунингдек, Марғилон шаҳридаги Ҳунармандлар маркази орқа ховлисида миллий услубда янги қуриб битказилаётган Карвонсарой ҳамда Марғилон Темирйўл вокзали иш фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар.