Shrift o'lchami Rang Rasm

“Атлас байрами” V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали

×

 2022-10-17 14:58:17    214

PDF yuklash
Chop etish


Қўштепа туманидаги “Ҳунармандлар маркази”да Анъанавий ҳунармандчилик, этнодизайн ва тадбиркорлик бўйича назарий ва амалий ўқув машғулотлар бошланди
2022 йилнинг 20–22 октябрь кунлари Марғилон шаҳрида “Атлас байрами” V халқаро анъанавий тўқимачилик фестивали бўлиб ўтади. Фестиваль Туризм ва маданий мерос вазирлиги, UNESCO ишлари бўйича Ўзбекистон Миллий комиссияси, UNESCO’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, UNFPA’нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, “Ҳунарманд” уюшмаси, Фарғона вилояти ҳокимлиги, Марғилон шаҳар ҳокимлиги ва Марғилон ҳунармандчиликни ривожлантириш маркази томонидан ташкил этилмоқда.
Фестивалдан олдин, яъни 16–19 октябрь кунлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳунармандлари ва дизайнерлари учун анъанавий тўқимачиликнинг ҳар хил турларига бағишланган анъанавий ҳунармандчилик, этник дизайн ва тадбиркорлик бўйича тўрт кунлик тренинглар ўтказилиши режалаштирилган. Ушбу тренглар кеча 16 октябрь куни Қўштепа туманидаги “Ҳунармандлар маркази”да ўз фаолиятини бошлади.
Бугунги назарий ва амалий ўқув машғулотлар бизнес-тренер, Фарғона вилояти “Қалб нури” аёллар ва уларни оилаларини ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб қувватлаш маркази директори Дамира Тухтасинова, бизнес-тренер, “Тадбиркор аёл” Наманган уюшмаси раиси Лола Абдухалимовалар томонидан олиб борилмоқда.
Шунингдек, иштирокчилар амалий машғулотларда ҳам иштирок этишади. Анъанавий каштачилик, жияк тўқиш ва табиий ранглар бўйича ташкил этилган амалий машғулотларни анъанавий жияк тўқиш ва табиий ранглар билан ишлаш устаси Алишер Ахмадалиев,  фэшн-дизайнер, “Maru” бренди асосчиси Мархамат Умаровалар олиб боришади.
Фестивалда илк бор иштирок этишим, – дейди Павел Бенков номидаги Республика ихтисослаштирилган рассомлик мактаби каштачилик факултети 9-синф ўқувчиси Лазиза Зайниддинова. – Фестивал чинакам маънода миллий ва халқаро ҳунармандлар, ишлаб чиқарувчилар, анъанавий тўқимачилик бўйича мутахассислар, дизайнерлар ва мода мутахассисларини бирлаштиради. Албатта, бу тадбирлар биргаликда ўзаро тажриба алмашиш ва ўрганиш учун платформа яратади ҳамда Ўзбекистондаги бой ва қадимий ҳунармандчилик анъаналари ҳақида маҳаллий ва халқаро хабардорликни оширишга ёрдам беради. 
Машғулотлар таниқли санъатшунослар, дизайнер ва мутахассислар томонидан олиб борилмоқда. Турли вилоятлардан ва Қирғизистондан келган ҳунармандлар, дизайнер ва тадбиркорлар билан ўзаро фикр алмашмоқдамиз. Албатта бу бизни келгусида янада кўпроқ изланишга ва ижод қилишга ундайди.