Shrift o'lchami Rang Rasm

Ижро масалаларига оид муҳим янгиликлар!

 2022-04-22 16:45:34    202

PDF yuklash
Chop etish


2022 йил 11 апрель куни “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-762-сонли қонун эълон қилинди ва кучга кирди.
Асосий янгиликлардан бири “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги қонунга киритилган янги қоидалар.
Масалан, Қонунга киритилган 8-2-модда, айрим тоифадаги ҳужжатларни МИБ органларига тақдим этилгунига қадар ижро қилиш масаласи. Соддароқ қилиб айтганда, ундирувчи ижро ҳужжатини аввал, яъни МИБдан олдин ваколатли давлат органига ёки ваколатли мансабдор шахсга (яъни, ундириб бериш имконига эга бўлган шахсга) ёки қарздорнинг ўзига топширади. Мисол учун, қарздор юридик шахсдан пул ундириш ҳақида ижро варақаси бўлса, ижро ҳужжати унинг ҳисоб-варағи жойлашган банкка топширилади, ишга тиклаш ва иш ҳақи ундириш масаласи бўлса, ижро ҳужжати ваколатли иш берувчига топширилади, қарздор давлат органи, давлат ташкилоти ёки мансабдор шахси бўлса, ижро ҳужжати шу орган, ташкилот ёки мансабдорга топширилади. 
Ундирувчидан ижро ҳужжатини қабул қилиб олган ушбу шахслар ижро ҳужжатида бошқача муддат кўрсатилмаган бўлса, ижро ҳужжати тақдим этилган кундан эътиборан 15 кун ичида, банклар эса кейинги иш кунидан кечиктирмай ижрони амалга оширади, яъни масалан, тўлов қилади.
❗️Ишга тиклаш ҳақидаги ижро ҳужжати қарздор томонидан бу ҳужжат тақдим этилган куннинг ўзида ўша иш берувчи томонидан дарҳол ижро этилади.
Энг қизиғи, ундирувчи томонидан тақдим этилган ижро ҳужжатлари юқоридаги муддатларда ижро қилинмаса, ундирувчи ижро ҳужжатини МИБга топширади ва шунда МИБ ҳам мажбурий ижрони амалга оширади, ҳам айбдор шахсларни жавобгарликка (маъмурий ёки жиноий жавобгарликка) тортиш чорасини кўради. (8-2-модда.)
Яна бир янгилик ижро иши юритишнинг соддалаштирилган тартиби (43-1, 43-2-моддалар). Бундай соддалаштирилган ижро ишида давлат ижрочиси томонидан қарор қабул қилинмайди. Ундирув қарздорнинг яшаш жойига ёки мол-мулки жойлашган жойга бормаган ҳолда, ахборот-коммуникация технологияларини қўллаган ҳолда, масофадан туриб амалга оширилади.
Бунда агар қарздор ижрочи томонидан юборилган хабарномага асосан 5 кун ичида қарздорликни ихтиёрий бартараф этмаса, ижрочи пулларни қарздорнинг банк ҳисобварағидаги пул маблағларидан, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдоридан кўп бўлмаган суммалар бўйича қарздорнинг иш ҳақи, пенсияси ёки стипендияси ва шунга ўхшаш даромадлари ҳисобидан ундириб олади.
Соддалаштирилган ижро ишлари қарздор жисмоний шахслардан маъмурий жарималарни, солиқ ва бож тўловларини ундиришда қўлланилади. Фақат мана шу турдаги қарздорликлар бўйича, бошқаларига чалғиманг.
Бош прокуратура хузуридаги Мажбурий ижро бюросининг Марғилон шаҳар бўлими