Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилон шаҳрида Наврўз байрам тадбири кенг нишонланди!

×

 2022-03-16 17:03:31    247

PDF yuklash
Chop etish


Шу кунларда янгиланиш, яшариш ва гўзаллик байрами, дея ном олган, ҳар биримизнинг кўнглимизга баҳорий илиқлик ҳамда гўзалликни олиб кираётган севимли айёмимиз – Наврўз туфайли табиат кўркам чирой очмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 йилги умумхалқ Наврўз байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” ги қарорига асосан жойларда, хусусан шаҳримиздаги Маданият марказида ҳам «Ассалом, Наврўз — янгиланиш, меҳр-оқибат ва қадр-қиммат айёми!» шиори остида байрам тадбири кўтаринки руҳ ва юқори савияда ташкил этилди. 
Тадбирни шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов табрик сўзи билан очиб, бу йилги Наврўз тантаналари шаҳримизда ўзгача бир руҳда, янгиликларга бой тарзда ўтказилаётганлигини алоҳида эътироф этди. 
Дарҳақиқат, сектор раҳбарлари бошчилигида маҳаллаларда Ёшлар форуми доирасида байрам тантаналари ташкил этилиб, йигит-қизлар ўртасида спортнинг турли йўналишларида мусобоқалар, китобхонлик тадбирлари ўтказилди,  ҳунармандчилик кўргазмалари намойиш этилди. Барча ҳудудларда баҳор таомлари бўлган сумалак, ҳалим, кўк чучвара, кўк сомса каби баҳорий таомлар тайёрланди.
Қолаверса, Наврўз байрами арафасида ҳудудларда кенг кўламли ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари олиб борилди. Хусусан “Яшил макон” лойиҳаси доирасида шаҳримизда ўтган йилнинг ўзида 321 минг тўп дарахт ва кўчатлар экилди. Жорий йилда эса 430 минг тупдан зиёд мевали ва манзарали дарахтлар экиш режа қилиб олинган. Шу кунгача эса ушбу режа  асосида ҳудудларга 200 мингдан зиёд дарахт кўчатларни ўтқазилиб, атроф гўзал боғларга айлантирилмоқда.
Қабристонлар атрофи ва йўлаклари тартибга келтирилиб, ижтимоий кўмакка муҳтож кам таъминланган, ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиниб, меҳр ва эътибор кўрсатилмоқда. 
Бир сўз билан айтганда, минг йиллар давомида маънавий ҳаётимизнинг кўрку зийнати бўлиб келаётган бу ажойиб, хосиятли байрам бугун қалбларимизга яна чексиз қувонч ва завқ бағишламоқда.
Шаҳар ҳокими табрик сўзидан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президентининг соврини учун “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловида фахрли ўринларни қўлга киритиб совриндор бўлган фан ўқитувчиларига 50, 75 ҳамда 100 млн сўмлик пул ютуқлари сертификатини топширди.
Тадбир давомида пойтахтдан ташриф буюрган Фотима Режаметова, Шавкат Комилов, Зуҳриддин Режаметов сингари элимиз ардоғидаги санъаткорларнинг ташрифи ва байрам тилаклари эса тадбир иштирокчиларига чинакам байрам кайфиятини улашди. 
Байрам тадбири шаҳримизда фаолият кўрсатиб келаётган Мусиқали мақом театри ҳамда Маданият маркази санъаткорлари ижросидаги дилрабо куй ва қўшиқлар оҳангида давом этди.