Shrift o'lchami Rang Rasm

Даъво аризасини кўрмасдан қолдириш - асослари

 2022-03-04 17:29:31    974

PDF yuklash
Chop etish


         Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси (бундан буён матнда –Кодексдеб юритилади)нинг 10-бобида даъво аризасини кўрмасдан қолдириш асослари, тартиби ва оқибатлари белгиланган.

Жумладан, Кодекснинг 107-моддасига кўра, суд қуйидаги асослар мавжуд бўлган тақдирда даъво аризасини кўрмасдан қолдиради:

- фуқаролик ишлари бўйича суд, иқтисодий суд, ҳакамлик суди иш юритувида айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан иш мавжуд бўлса;

- ишда иштирок этувчи шахсларнинг ушбу низони ҳакамлик судига кўриш учун топшириш тўғрисидаги келишуви мавжуд бўлиб, ҳакамлик судига мурожаат қилиш имконияти бой берилмаган бўлса ва агар ишнинг иқтисодий судда кўрилишига қарши бўлган жавобгар низонинг мазмуни бўйича ўзининг биринчи аризасидан кечиктирмай низони ҳакамлик судининг ҳал қилувига ўтказиш тўғрисида илтимоснома берса;

- даъво аризаси имзоланмаган бўлса ёки уни имзолаш ҳуқуқига эга бўлмаган шахс томонидан ёхуд мансаб мавқеи ёки фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилмаган шахс томонидан имзоланган бўлса;

- қонунчиликка ёки шартномага кўра қарз банк ёки бошқа кредит ташкилоти орқали ундириб олиниши керак бўлишига қарамай, даъвогар жавобгардан қарзини ундириб олиш учун банкка ёхуд бошқа кредит ташкилотига мурожаат этмаган бўлса;

- даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу шу тоифадаги низолар учун қонунда ёки тарафлар шартномасида назарда тутилган бўлса;

- даъвогар низони жавобгар билан медиация тартиб-таомилини амалга ошириш орқали ҳал қилиш тартибига риоя этмаган бўлса, башарти бу мазкур тоифадаги низолар учун қонунда ёки шартномада назарда тутилган бўлса;

- медиация тартиб-таомилини амалга ошириш ҳақида илтимоснома билан арз қилган тарафлар уни амалга ошириш муддати тугаганидан сўнг суд мажлисига узрли сабабларсиз келмаса;

- тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилган бўлса;

- даъвогар биринчи суд мажлисига келмаган ва ишни ўзининг иштирокисиз кўрилиши тўғрисида арз қилмаган бўлса;

- юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чиққанлиги аниқланса;

- даъвогарнинг манфаатларини кўзлаб прокурор, давлат органи ва бошқа шахс томонидан тақдим этилган даъводан даъвогар воз кечган бўлса;

- жавобгарга нисбатан банкротлик тўғрисида иш қўзғатилган бўлса ва жавобгарга нисбатан тақдим этилган талаб қонунга кўра банкротлик тўғрисидаги иш доирасида кўрилиши лозим бўлса.

Шунингдек, Кодекснинг 108-моддасига асосан даъво аризасини кўрмасдан қолдиришда суд даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисида ажрим чиқариши, мазкур ажримда ишда иштирок этувчи шахслар ўртасида суд харажатларини тақсимлаш тўғрисидаги, давлат божини бюджетдан қайтариш ҳақидаги масалалар ҳал қилиниши, ажримнинг кўчирма нусхаси эса ишда иштирок этувчи шахсларга юборилиши ҳамда даъво аризасини кўрмасдан қолдириш тўғрисидаги ажрим устидан шикоят қилиниши (протест келтирилиши) мумкинлиги белгиланган.

Даъвогар даъво аризасини кўрмасдан қолдириш учун асос бўлиб хизмат қилган ҳолатлар бартараф этилганидан кейин судга даъво аризаси билан умумий тартибда янгидан мурожаат қилишга ҳақлилиги Кодекснинг 109-моддасида кўрсатилган.

Марғилон туманлараро иқтисодий суди томонидан ўтган 2021 йил давомида 15 та даъво аризалари кўрмасдан қолдирилган бўлиб, хусусан10 та даъво аризаси тарафлар ўртасида медиатив келишув тузилганлиги учун, 4 та даъво аризаси даъвогар биринчи суд мажлисига келмаганлиги учун ҳамда 1 та даъво аризаси даъвогар низони судгача ҳал қилиш (талабнома юбориш) тартибига риоя этмаганлиги учун кўрмасдан қолдирилган.

Судга мурожаат қилишда Кодексда белгиланган тартибларни тадбиркорлик субъектлари ва аҳолига тушунтириш борасида жойларда судьялар томонидан ҳуқуқий тарғибот тадбирлари режалар асосида ўтказилмоқда, мисол учун ўтган 2021 йилда 124 та давра суҳбатлари ташкил этилиб, 8 маротаба телевидение ва 7 маротаба радиода чиқишлар қилинган ҳамда 16 та газеталар ва 3 та журналларда ҳуқуқий мавзуда мақолалар чоп этилган.

 ХУСНИДДИН БОЙНАЗАРОВ

Марғилон туманлараро иқтисодий

судининг судьяси