Shrift o'lchami Rang Rasm

“Ватанимиз равнақи йўлида ёшлар бирлашайлик”

×

 2022-02-19 19:46:31    225

PDF yuklash
Chop etish


Марғилон шаҳрининг муаззам ва гўзал ижодкорлар боғида ўтказилган ёшлар форуми, ёшларни фаоллик ва ташаббускорликка чорловчи  ватанга муҳаббат ғояси билан суғорилган чақириқ билан бошланди. Айтиш жоизки, бугун нафақат шаҳримиз балки, бутун Республикамиз бўйлаб ҳар бир маҳаллага ёшлар етакчилари тайинланиб, ёшлар билан ишлашнинг янгича тизими яратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, шунингдек Марғилон шаҳрида ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, истеъдодли йигит-қизларни излаб топиш ва уларни қўллаб-қувватлаш, маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари, китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида шаҳардаги 4 та сектор раҳбарлари ташаббуси билан “Ватанимиз равнақи йўлида ёшлар бирлашайлик” шиори остида Ёшлар форуми ўтказилди.

Ёшлар ўртасида маданият ва санъатни тарғиб қилиш, соғлом турмуш тарзи ва спортни оммалаштириш, ахборот технологияларидан самарали фойдаланиш, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонликни ошириш ҳамда маънавият ва китобхонликни тарғиб қилиш йўналишларида ташкил этилган форум “Соғлом ҳаёт сари беш минг қадам” шиори остида соғломлаштириш тадбири билан бошланди.

 Форум дастури доирасида маҳаллалардаги вақтинча ишсиз ёшларни ишга жойлашишларига кўмаклашиш мақсадида шаҳар Бандликка кўмаклашиш маркази томонидан “Ишга мархамат” акцияси, “Тинчлик- осойишталик олий неъмат” мавзуида иқтидорли ижодкор ёшлар кўргазмаси, “Билим ва истеъдодим Сен учун Ватан!” номли ёш санъатсеварлар, “Истеъдодларни излаймиз” номли ёш мусаввирлар кўрик-танловлари, шаҳардаги маҳалла фуқаролар йиғинлари ёшлари ўртасида “Сектор раҳбарлари соврини учун” “Маҳалламиз пахлавонлари” шиори остида спортнинг футбол, волейбол, шахмат-шашка, қўл тўпи ҳамда стол тенниси турлари, шунингдек, тош кўтариш, арқон тортиш ўйинлари ва бошқа соғломлаштириш тадбирлари ўтказилди.

Шунингдек, ҳарбий қурол-аслаҳалар кўргазмалари намойиши, “ёшларнинг китобга бўлган қизиқишларини янада ошириш ҳамда уларда китобхонлик фазилатларини шакллантириш мақсадида “Мен ўқиган китоб” шиори остида “Заковат” интеллектуал ўйини, “Хорижий тил билимдони” мавзуида билимлар синови тадбирлари ҳам ташкил этилди.

Шаҳар Маданият марказининг хушовоз санъаткорлари ижросидаги дилрабо куй-қўшиқлар ҳамда жозибали рақслар йиғилганларга кўнглига хушнудлик улашди.

Кенг қамровли форум якунида ўтказилган ўндан ортиқ танлов ғолиблари шаҳар ҳокимлигининг фахрий ёрлиқ ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати