Yuridik va jismoniy shaxslar tomonidan veb sayt orqali bo'lgan murojaatlar
Jami murojaatlar: 38Ishonch telefoni statistikasi
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди
2022-01-19 14:37:16 330
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси қонунларининг ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари, қарорлари ва фармойишларининг, ҳукумат, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларининг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
Ўзбекистон Республикасининг Президенти томонидан имзолангунига қадар Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонунларининг, Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларини ратификация қилиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлигини аниқлайди;
Қорақалпоғистон Республикаси Конституциясининг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига, Қорақалпоғистон Республикаси қонунларининг Ўзбекистон Республикасининг қонунларига мувофиқлиги тўғрисида хулоса беради;
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ беради;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг муайян ишда қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан киритилган мурожаатини кўриб чиқади;
конституциявий суд ишларини юритиш амалиётини умумлаштириш натижалари юзасидан ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ва Ўзбекистон Республикаси Президентига мамлакатдаги конституциявий қонунийликнинг ҳолати тўғрисида ахборот тақдим этади.
Конституциявий суд конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари муайян ишда қўлланилган ва Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ бўлмаган қонунда бузилган деб ҳисобловчи фуқаролар ҳамда юридик шахсларнинг шикоятларини ҳам кўриб чиқади.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари билан берилган ваколати доирасида бошқа ишларни ҳам кўради.
Конституциявий суд ўз ваколатларини амалга ошираётганда бошқа судларнинг ёки ўзга органларнинг ваколатига кирадиган барча ҳолларда ҳақиқий ҳолатларни аниқлаш ва текширишдан ўзини тияди.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.
Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.
Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг устунлиги, мустақиллик, коллегиаллик, ошкоралик, тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги конституциявий суд ишларини юритишнинг асосий принципларидир.
Қуйидагилар Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил.
Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Конституциявий судга мурожаат ёзма ёки электрон шаклда юборилади. Электрон шаклда юборилган мурожаат электрон ҳужжат айланиши тўғрисидаги қонунчилик талабларига мувофиқ бўлиши керак. Коллегиал органнинг Конституциявий судга мурожаатига ушбу органнинг тегишли қарори илова қилинади.
Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.
Конституциявий суднинг қарорлари, хулосалари ва бошқа тўхтамлари оммавий ахборот воситаларида ҳамда Конституциявий суднинг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
«Ўзбекистон Республикаси қонунчилик тўплами», «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталари, «Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг Ахборотномаси», шунингдек Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик маълумотлари миллий базаси Конституциявий суднинг қарорлари эълон қилинадиган расмий манбалардир.
Конституциявий суднинг қарорлари ва хулосалари қабул қилинган кундан эътиборан уч кун ичида расмий эълон қилиниши лозим ҳамда расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради. Бошқа қарорлар қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Конституциявий суднинг қарорлари тарафларга ва конституциявий суд ишларини юритишнинг бошқа иштирокчиларига юборилади. Конституциявий суднинг қарорлари Конституциявий суд раисининг топшириғига мувофиқ бошқа ташкилотларга ҳам юборилиши мумкин.
Конституциявий суднинг ҳужжати қатъий ва унинг устидан шикоят қилиниши мумкин эмас.
Конституциявий суднинг қарори қуйидаги ҳолларда ўз ташаббуси билан қайтадан кўриб чиқилиши мумкин:
қарор чиқарилган пайтда Конституциявий судга номаълум бўлган янги очилган ҳолатлар муносабати билан;
қарор қабул қилинишига асос бўлган конституциявий норма ўзгарган тақдирда;
Конституциявий суд мазкур қарорни конституциявий суд ишларини юритишнинг белгиланган тартиби бузилган ҳолда қабул қилинган деб топган тақдирда.
Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.
Хусниддин Бойназаров
Марғилон туманлараро иқтисодий
судининг судьяси