Shrift o'lchami Rang Rasm

Марғилон Ёшлар форуми 2020 КЕЛАЖАК БИЗНИКИ, МАРРА БИЗНИКИ!

×

 2020-12-28 16:48:56    172

PDF yuklash
Chop etish


Пойтахтдаги “Ҳумо арена” саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти иштирокида ўтказилган Ўзбекистон ёшлари форуми мамлакатимиз ёшлари ҳаётида чинакам унутилмас кунлардан бири бўлиб қолди.

Умумий ҳисобда 30 мингга яқин йигит-қизлар иштирокида ташкил этилган форумда Юртбошимиз эртамиз эгалари билан юзма-юз мулоқот олиб бориб, уларнинг ташаббус ва ғоялари, таклифларини тингладилар.

Ўзбекитон келажагини ёшлар билан бирга қурамиз, дея ўғил-қизларни эртанги ёруғ истиқбол сари чорлаётган Давлатимиз раҳбарининг ушбу ташаббусларига лаббай деб жавоб бераётган ёшлар сафида марғилонлик йигит-қизлар ҳам бор, албатта.

Бугун шаҳримиздаги Мусиқали мақом театрида ташкил этилган навбатдаги “Ҳоким ва ёшлар” учрашувида Ватанимиз тақдирига бефарқ бўлмаган ана шундай фидойи ёшлар Марғилон шаҳар ҳокими Адҳамжон Зиявитдиновга юртимиз, хусусан Марғилон шаҳри шарафини янада юксалтириш, ёшлар оид давлат сиёсатини амалга ошириш борасидаги савол ва таклифларини билдириб ўтишди.

Учрашув аввалида вилоят ҳокими ўринбосари Файзулло Қосимов ҳамда Марғилон шаҳар ҳокими А.Зиявитдиновлар Муҳтарам Президентимизнинг Ўзбекистон ёшлари билан олиб борган мулоқотида илгари сурган янгича ташаббуслари, йигит-қизларга кўрсатаётган юксак ғамхўрлик ва эътиборини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.

Хусусан, кейинги йилдан олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонларида энг юқори балл тўплаган 200 нафар ёш учун Президент гранти жорий этилади. Агар мавжуд Президент стипендияси фақат бир ўқув йили учун мўлжалланган бўлса, ушбу грант маблағлари тўрт йил давомида тўлаб борилади.

Шунингдек, келгуси йилда 100 дан зиёд шаҳар ва туманларда ахборот технологияларини чуқур ўргатадиган замонавий ўқув марказлари ташкил этилади. Ёшлар халқаро IT сертификатларини олиш ҳаражатларининг 50 фоизигача бўлган қисми қоплаб берилиши кўзда тутилган. Яқин икки йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 300 минг йигит-қизлар компьютер дастурлаш асосларига бепул ўқитилади.

Очиқ мулоқот давомида шаҳар ҳокими шу каби имтиёз ва рағбатларнинг ўзи мамлакатимизда ёшлар масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилганлигидан далолатлигини мамнунияти билан қайд этиб ўтди.

Очиқ ва самимий руҳда ўтган учрашув давомида ёшларга тааллуқли барча долзарб масалалар кенг ва тўлақонли қамраб олинди.

Марғилон шаҳар ҳокимлиги Ахборот хизмати