Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
Кабутарли мозорнинг сирли ҳикмати...
2020-06-16 10:30:52 314
Жаннатмонанд юртимизнинг узоқ ўтмишлардан сўйлайдиган тариҳий, кўҳна муқаддас қадамжолари, ҳушманзара масканлари, ўзида ажиб мўъжизаларни акс эттирган ноёб ерлари кўп. Уларга йўлингиз тушса, қалбингизни бир олам ҳайрат ва ҳавас туйғулари эгаллаши шубҳасиздир. Фарғона вилоятининг Марғилон шаҳридаги “Йўрмадўз” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ҳам ана шундай бир ажиб маскан бор.
“Пири Сиддиқ” мажмуаси, яна бир номи “Кабутарли мозор” деб номланган ушбу муқаддас зиёратгоҳга келсангиз, зиёратгоҳ ҳовлисида учиб юрган жуда кўп кабутарларга кўзингиз тушади. Улар сизнинг ташрифингиздан беҳад ҳурсанд бўлгандек, ҳеч чўчимай ёнингизга учиб келиб қўлингиз ёки елкангизга қўниб олишади. Айтишларича, уларга яхши ният билан дон тутган кишининг кўнглидаги тилаги ижобат бўлар экан. Бу кўп бора исбот топган ҳақиқат. Одамлар эзгу ниятлар умидида, яъни дардига шифо сўраб, бефарзандлар фарзанд тилаб, кимдир ишини ривожини парвардигордан сўраб бу ерни бир сабабчи билиб, шу азиз масканга келишади.
Бу мўътабар тупроқда, шунингдек, улуғ авлиёлар, буюк аждодларимиз дафн этилган бўлиб, уларни мозорларини зиёрат этиб, қуръон тиловатлар қилиб кетишади. Бу улуғ даргоҳни зиёрат қилиш баробарида одамлар ўзларига руҳий тетиклик олади гўё. Она табиатга, қушларга нисбатан қалбларида меҳру муҳаббат жўш уради назаримда. Бу қутлуғ қадамжонинг тариҳи, ўзига хос сирлари билан танишиш мақсадида биз ҳам бу ерда бўлдик. Зиёрат чоғида мажмуада фаолият кўрсатаётган Абураҳмон ака Холматов билан суҳбатлашдик. Юзидан гўёки, нур ёғилиб турган отахон суҳбат давомида “Пири Сиддиқ” мажмуаси, яъни “Кабутарли мозор” тарихи ҳақида ўз билганларини сўзлаб бердилар.
Бу қутлуғ даргоҳнинг “Пири Сиддиқ” мажмуаси “Кабутарли мозор” деб номланишининг ўзига яраша ҳикмати бор. Мазкур табаррук масканга не- не улуғ бобокалонларимизнинг қадамлари етган. Муборак заминда улуғ аждодимиз фиқх илмининг султони Бурҳониддин Марғилоний Ал Риштонийнинг чиллахоналари жойлашган. Яна бир даҳмада биринчи халифа ҳазрати Абу Бакр розиёллоҳу анҳу бобомизнинг авлодлари дафн этилган.
Бурҳониддин Марғилоний Ал Риштоний бобомиз мелодий йил ҳисобида 1123 йил 23 сентябр кунида таваллуд топганлар. Оталари косибчилик билан шуғуллангани учун бобомиз ҳам косибчилик ҳунарини мукаммал эгалладилар. Амакилари ҳазрати Ҳисомиддин илмли, зиёли инсон бўлиб улардан илму маърифатни ўргандилар. Ана шу билим бир мақомга етганида 1178 йили, яъни XII асрда ушбу чиллахонага ташриф буюриб, чилла ўтириб, 13 йил кетма-кетига рўза тутиб, 13 йил давомида буюк асар “Ал Ҳидоя” асарини ёзганлар. “Ал Ҳидоя” ислом шариати қонуни аталиб, ҳозирда бутун ислом мамлакатларида нодир дарслик сифатида фойдаланилмоқда.
Бурҳониддин Марғилоний бобомиз 1197 йили муборак 74 ёшларида вафот этиб Самарқанд шаҳридаги Чокардиза қабристонига дафн этилганлар. Бу муқаддас даргоҳдаги кейинги даҳмада тарих манбаларига асосан, IX асрда Саудия Арабистонидан буюк халифа Абу Бакр Разиёллоҳу анҳунинг авлодлари, ака-сингил Шожалил ва Пошшабибилар шу муаззам даргоҳга келадилар. Улар бу ерда яшаб одамларни ислом динига даъват этишади. Улар ўзлари билан бирга икки ўргатилган оқ кабутарларни ҳам олиб келишган. Ўша кабутарлар асрлар давомида кўпайиб, бу ерни манзилу макон айлашган. Улардан ҳозирга қадар 3000 тадан ортиқ кабутарлар тарқаган.
Шунинг учун ҳам бу зиёратгоҳни қадимдан “Кабутарли мозор” деб атаб келишган. Ёзма ҳужжатларда “Пир Сиддиқ” номи билан қайд этилган мажмуа вақтлар ўтиши билан унинг атрофида масжид, минора, мақбарали ҳовли, дарвозахона ҳамда каптархонадан иборат архитектура комплекси пайдо бўлган. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, мақбара тўғри бурчак шаклида бўлиб пештоқ, равоқли, сағанали, тўртбурчак хона билан уйғунлик ҳосил қилади. Мақбара ичида иккита узунлиги 5 метрли қабрлар мавжуд. Улар қайд этилганидек Ҳазрати Абу Бакр Сиддиқнинг авлодлари Шожалил ва Пошшобибиларнинг мозори саналади.
Собиқ мустабид тузумнинг сиёсати диний меъморий ёдгорликлари қатори бу табаррук масканга ҳам ўз зарарини етказди. Мажмуанинг дарвозахонаси орқасидаги икки қаватли бино бузиб ташланди. Натижада дарвозахона пештоқи жиддий зарарланиб, ярим вайрона ҳолатига тушиб қолди. Мажмуанинг сақланиб қолган бинолари эса омборхона сифатида фойдаланилди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида эса бу биноларга Россиядан эвакуация қилинган аҳоли жойлаштирилган. Истиқлол йилларида, яъни Марғилоннинг 2000 йиллик юбилейи арафасида биринчи Президентимиз қарорига асосан бу муқаддас қадамжо ободонлаштирилиб кенг кўламда бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Хозирда зиёратгоҳдан зиёратчиларнинг қадамлари узилмайди. Узоқ-яқиндан ташриф буюриб, улуғ бобокалонларимиз қабрларини зиёрат этиб, кабутарларни кўриб ўзгача ҳайрат билан ортга қайтишади. Отахон билан дилдан суҳбатлашиб кўнглимдан шундай табаррук Ватанда туғилиб яшаётганимдан, буюк аждодларнинг авлоди эканимдан юксак фахр туйғусини туйдим. Зиёратгоҳни ҳар бир ерига қадам ташлар эканман бу муқаддас қадамжога қадами етган, унда яшаб буюк ва ўлмас асарлар яратган бобокалонларимиз ғойибона боқиб тургандек кўринди назаримда. Нима бўлса ҳам бу азиз масканга уларнинг мўътабар қадамлари етган.Улуғ аждодларимизни тез-тез ёдга олиш, бебаҳо, боқий, дурдона асарларини ўқиб, ўрганиб, юксак мзмун-моҳиятини келгуси авлодларга етказиш биз фарзандларнинг муқаддас бурчимиз эканлигини асло унутмаслигимиз керак.
Фотима ЎКТАМОВА.