Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 6 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
МЕРОС
МАДАНИЙ МЕРОС
Марғилон вилоят ҳокимлиги

ҚАДИМГИ МАРҒИЛОН

×

 2018-07-07 17:53:33    369

PDF юклаш
Чоп этиш


Мерос

Фарғона водийси тўғрисида илк ёзма маълумот милоддан аввалги II-I асрларга тегишли бўлиб, Шицзи ва Хан-шу номли Хитой йилномаларида учрайди, ундан кўплаб маълумот қаторида Да-Юан (яъни, Фарғона) давлатида 70 та катта ва кичик шаҳар мавжуд бўлганлиги қайд этилган.

Ҳақиқатдан ҳам Жанубий Фарғонада хусусан Марғилонсойнинг қуйи оқимида жойлашган Марғилон ҳудудида сўнгги йилларда олиб борилаётган археологик тадқиқотлар юқоридаги маълумотни тасдиқламоқда. Археологик қазув ишлари натижасида Марғилон шаҳрининг ҳарбий қисмида жойлашган Маҳшад махалласи ўрнида 2000 йил муқаддам йирик шаҳар маркази мавжуд бўлганлиги аниқланди. Бу ерда 20-25 гектарлик майдондан ўша даврнинг турли моддий қолдиқларини ўз ичига олган маданий қатламлар топилди. Бу ўз навбатида қадимги шаҳарнинг майдони тўғрисида маълумот беради.

Қазув ишлари давомида маданий қатламлардан қўлга киритилган моддий қолдиқлар ичида чархда тайёрланиб махсус бўёқлар билан бўялган ва нақшлар билан безатилган юқори сифатли, нафис сопол идишлар, тошдан ясалган ёрғучоқ (қўл тегирмони), кели ва сурма тошлар, темирдан ясалган найза ўқлари, сопол урчуқ тошлар алоҳида эътиборга лойиқдир. Айниқса, топилган сопол идишлар, уларнинг сифати, идиш шаклларининг хилма-хиллиги ва ўта кўп миқдорда чиқарилганлиги милодимизнинг бошларида бу ерда йирик, иқтисодий ва савдо марказининг мавжудлигидан далолат беради.

Аҳолиси зич жойлашган бундай йирик марказнинг ўзига хос меъморчилик иншоотлари бўлиши табиийдир. Бу борадаги изланишлар давомида шаҳарнинг ҳарбий қисмида жойлашган ҳашаматли бино қолдиқларини учратилди. Бино баланд авал шаклига эга бўлган баланд пахса тагкурси (платформа) устига қурилган бўлиб, тагкурсининг баландлиги 2,7-3 метр, қуйи қисмидаги майдони 36х60 кв.м. Юқорига кўтарилган сари тагкурси майдони зина шаклида торайиб боради ва энг юқоридаги майдон 20х20 кв,м ни ташкил этади. Бу текисланган майдон устига бино қурилган бўлиб, марказда текисланган квадрат шаклидаги катта хона ва унинг атрофи айлана коридордан иборат бўлган. Хонанинг эни 6х6 кв.м, деворининг қалинлиги 1 метр бўлган, коридорнинг эни эса 1,6 метр ва ташқи деворининг қалинлиги 1,8 метр, хонанинг ўрта қисмида бир-бирига ёпиштириб қурилган иккита ўчоқ топилган. Ўчоқларнинг эни 50 см, узунлиги 70 см, демак, икки ўчоқнинг эгаллаб турган майдони 100х70 см. Ушбу ўчоқлардан ошхона эҳтиёжлари учун фойдаланиш ноқулай, шу билан бирга улар хонани иситиш мақсадида ҳам ишлатилмаган (чунки у бундай катта хонани исита олмас эди). Ўчоқларнинг функционал вазифаси иншоотнинг архитектурасидан келиб чиққан ҳолда ҳамда солиштирма тахлил ёрдамида аниқланган, яъни бу каби ўчоқлар, Фарғона водийсининг шарқий қисмидаги Султонобод ёдгорлигида мил. аввалги II-III асрларга оид оташпарастлар ибодатхонасидан топилган эди.

Марғилондан топилган шу иншоотнинг ҳам ўз вақтида оловга сиғинувчиларнинг ибодатхонаси вазифасини ўтаганлигига ишонч ҳосил қилинди. Бинонинг алоҳида баланд пахса тагкурси устига қурилиши тагкурси остида 50 см қалинликда сунъий ётқизилган тоза дарё қумининг мавжудлилиги, (оташпарастларнинг қарашларига кўра бу ибодатхонанинг доим тоза туриши учун махсус қилинган), бинонинг архитектураси ва умуман, ҳашаматли қилиб қурилганлиги бунинг ёрқин далилидир. Худди шу шаклда қурилган оташпарастларнинг ибодатхонаси Суғдиёнанинг қадимги вилояти Миёмқаладаги Қўрғонтепа шаҳар ҳаробаси ҳудудидан топилган ва унинг бир асрга тегишлиги аниқланган.

Марғилонсойнинг қуйи қисмида сўнгги йилларда олиб борилган археологик изланишлар қуйидаги хулосаларга олиб келди.

Марғилон шаҳрининг ғарбий қисмида бундай 2000 йил олдин майдони 20-25 гектарга тенг йирик шаҳар маркази мавжуд бўлган.

Бу шаҳар аҳолисининг деҳқончилик, ҳунармандчилик ва архитектура маданияти юксак даражада ривожланган бўлиб, маданиятини атроф ҳудудларга ҳам ёйган. Мазкур давр шаҳар аҳолисининг диний қарашларида оловга сиғиниш (оташпарастлик) асосий ўринни эгаллаган.

Фаррух МАДРАҲИМОВ

Марғилон давлат архиви директори.