Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
“Дўстлик” – файзли гўшага айланади
2018-06-18 15:29:26 344
Жорий йилда шаҳримиздаги “Дўстлик” маҳалласида “Обод маҳалла” дастурига биноан ҳудудни комплекс янгилаш, ривожлантириш чора-тадбирларини амалга ошириш бошланди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган туб иқтисодий-ижтимоий ислоҳотлар, тобора кенг қамров касб этаётган ободонлаштириш режалари хусусан “Обод маҳалла” Дастури ижросини таъминлашга қаратилган саъй-ҳаракатларни Юртбошимизнинг “…халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди”, деган умидбахш даъватларининг амалий исботи бўлмоқда, десак асло муболаға бўлмайди.
Жумладан, шаҳар ҳокимининг қарорига кўра асосан фуқаролар йиғини ҳудудида “Обод маҳалла” дастури бўйича ишлаб чиқилган комплекс чора-тадбирлар жорий йил “Йўл харитаси”га киритилиб, амалга ошира бошланди.
— Қўшни туман билан чегарадош маҳалламиз ҳудудида сезиларли ижобий ўзгариш- лар қилиш, маҳалламиз қиёфасини замонавийлаштириш ва фуқароларимиз яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, турмуш даражасини юксалтириш мақсадида бошланган эзгу ишлар барчамизни беҳад қувонтириб юборди, — дейди, маҳалла фуқаролар йиғини раиси Салимахон Рустамова. -Зеро, маҳалламиз ҳудудида кўплаб ижтимоий муаммолар йиғилиб қолганди. Хусусан, кўчаларимизнинг деярли яроқсиз аҳволи, электр, табиий газ, ичимлик суви таъминотидаги камчиликлар, аҳолини иш билан таъминлаш, ёш оила ва тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, мактабгача тарбия муассасасини кенгаштириш билан боғлиқ муаммолар маҳалламиз аҳлини қийнаб келаётганди. Маҳалламизни замонавий, файзли гўшага айлантириш, инфратузилма объектларини қайта қуриб, таъмирталаб уй-жойлар, таълим, спорт, соғлиқни сақлаш муассасаларидаги шарт-шароитлар кескин янгиланиши ҳаммамизга мамнуният, эртанги кунга ишонч, ғайрат-шижоат бахш этмоқда. Шу боис, маҳалламиз аҳли — ёшу қари бирдек, амалга оширилаётган кенг қўламли ишларда фаол иштирок этишга бел боғлагани айниқса, қувончлидир.
Дарҳақиқат ишчи гуруҳи томонидан ўтказилган ўрганишлар жараёнида маҳалла ҳудудидаги 201 та уйнинг том қисми, 179 та хонадон дарвозаси, 1246 погонметр деворларни таъмирлаш, 52 погонметр янги деворлар барпо этишга эҳтиёж борлиги аниқланди. Биргина шу мақсад учун умумий ҳисобда “Йўл харитаси” асосида 608,9 миллион сўм маблағ ажратилди.
“Обод маҳалла” дастури доирасида маҳалла ҳудудидаги ижтимоий соҳа объект- ларида ҳам кенг қамровли ўзгаришлар юз беради. Мисол учун маҳалла ҳудудида янги тиббиёт ва мактабгача тарбия муассасалари қад ростлайди. Ҳозир ҳар икки қурилиш объектида ер майдонларини тайёрлаш ишлари якунланмоқда. Мазкур ижтимоий соҳа объектлари қурилишини жорий йил 1 ноябрга қадар якунлаш кўзда тутилмоқда. Бунинг учун турли молиявий манбаалардан жами 1,780 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Бундан ташқари “Дўстлик” МФЙда 535 миллион сўмлик маблағ эвазига замонавий спорт иншоати, кичик дам олиш боғи билан маҳалла гузари ҳам барпо этишга киришилди. Маҳалла фуқаролари ҳаёт тарзини яхшилаш мақсадида белгиланган режа асосида 2,7 километр ичимлик сув тармоғи реконструкция қилиниб, мукаммал таъмирдан чиқарилади. Ҳудуддаги 2 та электр тақсимлагич тармоғи ҳам мукаммал таъмирланиб, 1 та трансформатор янгиси ва қувватлироғига алмаштирилади. 6 км ҳаво симлари СИП кабелларига алмаштирилади, янги темир-бетон таянч устунлар ўрнатилади.
Бир сўз билан айтганда узоқ йиллар мобайнида маҳалла ҳудудида йиғилиб қолган муаммоларга барҳам беришга астойдил киришилди. “Обод маҳалла” дастури доирасида бу ерда “Йўл харитаси”да белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун қисқа фурсатда 5943,8 миллиард сўм маблағ сарфланиб ҳудуд хонадонларига файз, кўнгилларга ободлик, кўтаринкилик бахш этилади. Амалга оширилаётган бунёдкорлик, ободончилик ишлари “Дўстлик” МФЙ ҳудудига замонавий кўриниш, файз бера бошлагани бунинг ёрқин далилидир. Обод, файзли маконда яшаш завқи эса маҳалла аҳли кўнглида эртанги кунга умид, ишонч ва амалий интилишни кучайтирмоқда.
Муродилло МИРЗАЖОНОВ,
ўз мухбиримиз.
"Марғилон ҳақиқати"дан олинди.