Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 27 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
МЕРОС
МАДАНИЙ МЕРОС
Марғилон вилоят ҳокимлиги

АССАЛОМ, БОҚИЙ БАЙРАМ, НАВРЎЗИ ОЛАМ!

×

 2018-03-30 10:28:25    507

PDF юклаш
Чоп этиш


Яна Наврўз келди

Ўзбекистонга,

Иқбол қўшиғини

бошлади қушлар…

Ҳа, бугун жаннатмакон она Ўзбекистонимиз бетакрор баҳорий зеболик оғушида. Борлиқ яшил, мовий пушти ва қизил кўйлак кийиб ясаниб олган нозанинлардек фусункор. Тонгдаёқ одамларни карнай-сурнаю, доира ва қўшноғоранинг жўшқин садолари Наврўзи олам шодиёнларига чорлади. Ҳаттоки, онаси ёки отаси кўтариб олган чақалоқлар юзи-кўзида қувонч, бугун ўзгача кўтаринки кайфиятда. Улар байрам қувончидан шодланаётган ота-оналарининг хушнуд чеҳраларига қараб жилмаядилар. Шаҳар Ёшлар хиёбони болалар, аёллар, отахону онахонлар билан гавжум…

Сўлим боғнинг маҳобатли дарвозасидан кираверишингиз биланоқ шаҳар ёшлар Иттифоқининг бир гуруҳ фаол ёшлари ижросидаги шўх наволару дилбар рақслар юрагингизга жўшқин ҳайрат улашади. Зум ўтмай ёшлар сафига шодиёна шодликларини қалбларига сиғдиролмаётган отахону онахонлар ҳам қўшилиб, давра кенгайгандан кенгайди.

– Шундай байрамда ўйнамай бўладими? Минг шукур осмонимиз мусаффо, болаларимизу набираларимиз бағримизда бахтиёр. Бу даврада худди йигирма яшар йигитнинг ғайрати бордек ҳис қилдим ўзимни. Аллоҳ бизга шундай мунаввар кунларни насиб этибдики, унинг шукри беададдир, — дейди меҳнат фахрийси Алижон Шукуров.

Атласу адраслар, рангин шарчалар билан безатилган узун йўлкаларнинг ҳар икки томонидан болажонлар ўз қўллари билан чизган суратлар ўрин олган. Мен маҳорат билан расм чизаётган қизалоқнинг ҳали сиёҳи қуримаган сувратини қўлимга оламан.

– Мен 9-Болалар мусиқа ва санъат мактабида таҳсил оламан. Бугун ўз суратимда Наврўзойни тасвирлаяпман дейди, — Мунирахон Фозилова. — Наврўз нақадар улуғ байрам. Уни нафақат аждодларимиз, балки биз ёшлар ҳам севамиз. Назаримда Наврўз айёми куни табиат янада гўзал бўлиб кетади. Мен ложувард осмон, яшил табиат, гуллаётан дарахтларни чизаётганимда турфа ранглардан фойдаланаман. Жуда иштиёқ ва қувонч билан расм чизганимдан бўлса керак ранглар уйғунлашиб, суратим ҳам жуда ажойиб чиқади.

– Бугун Наврўз айёми учун пазанда ва чаққон қизларимиз ёрдамида турли хил Наврўз таомлари тайёрладик. Кўк чучвара, кўк сомса, кўк манти ва патирлар ҳамда таомлар шоҳи сумалак ҳам пиширдик. Қувват бахш этувчи салатлар тайёрладик. Худди момоларимизга ўхшаб сочларимизга толбаргаклар ҳам тақиб олдик-дейди банк коллежининг бир гуруҳ суманбар қизлари.

– Наврўз нафақат гўзаллик байрами, балки у маърифат байрами ҳамдир. Биз бугун юртдош- ларимизга зиё улашиб, 100 дан зиёд янги бадиий асарлар олиб чиқдик. Қизиққанларни китоблар билан таништиряпмиз. Бизни қувонтирган нарса шуки, юртдошларимиз китобга бефарқ эмаслар. Биз китоб шайдоларини кутубхонамизга таклиф этдик- дейди коллеж АРМ мутахассиси Маҳфуза Шокирова.

– Фарзандим – спорт мактабида ўқийди. Бугун саҳнада ўз маҳоратларини намойиш этишади. Унинг иқтидорини кўриш ва уни янада рағбатлантириш мақсадида байрам намойишига ташриф буюрдим. Ўғлим келажакда худди Шаҳрам Ғиёсовдек машҳур боксчи бўламан, – дейди ёш боксчи Иброҳимбек Норбековнинг онаси Дилноза Норбекова.

– Карнай-сурнай садолари бизнинг Тошлоққа ҳам эшитилди — дейди ҳазиломуз бир онахон. Ёшим 68 да. Жон қўшнимиз марғилонликларнинг қувончларига шерик бўлгани набираларим билан ташриф буюрдик, — дейди Тошлоқ тумани фаоли Кимёхон Саидова. Мана набираларим ҳам жуда хурсанд. Илоҳим, шукуҳли кунларимиз кўп ва бардавом бўлсин. Энг олий неъматимиз тинчлигимизга кўз тегмасин..

– Мен ёшлигимдан гул парвариши билан шуғулланаман. Гул ўз номи билан гулда. Унга бир асир бўлсангиз, умрбод гуллар шайдосига айланасиз. У нафақат кайфиятни кўтаради, балки кишига эстетик завқ ҳам бағишлайди. Мен бугун бегоня, геран, агава, фикус каби ноёб ва жуда гўзал гул турларини кўргазмага олиб чиқдим-дейди гулчи Исломбек Обидов. Менимча одамлар орасида гулни севмайдигани бўлмаса керак. Гулларимга ҳамма ҳавас билан қараяпти.

Тош кўтараётган полвонлару, қилдек ингичка арғамчи устида турли тамошалар кўрсатаётган дорбозлар , эртак қаҳрамонлари қиёфасини яратиб олган қувноқ болакайлар ўйинлари, 10 турдан зиёд аттракционлар тонгдан то кечгача катталару кичикларга қувонч, байрамона кайфият улашди. Боғчалару мактаблар, коллеж ўқувчилари эса ўзларининг байрам кўргазмаларини намойиш этдилар.

Дарҳақиқат, Наврўз бу тинчлик, тотувлик, фаровонлик байрами. Бу байрам оддий байрам эмас, балки халқимизнинг тарихи, фалсафаси, тушунча тасаввурлари, қадриятларини ўзида мужассам этган, миллат билан ул-ғайиб, миллат билан бирга тараққий этган байрам. Кексаю ёш учун бирдек азиз шодиёна!

Дунёдаги жамики шодлик, меҳру оқибат, тинчлик ва фаровонлик туйғулари кўнгиллардан кўзларга, юзларга кўчгандек гўё. Қалбидаги бор қувончини варрагига қўшиб юксак самоларга баланд парвоз эттираётган, айниқса хиёбонда ташкил этилган турли аттракцион ва арғимчоқларда мириқиб учаётган бир-биридан ширин болажонларни кўрган кишининг вужуди эса алланечук ҳаяжондан ҳапқириб кетади… Байрам ярмаркалари дастурхонларини безаб турган сумалак, кўк сомса, кўк чучвара каби бир-биридан лаззатли баҳорий таомлар эса ўзининг ёқимли ҳиди билан киши иштаҳасини қитиқлаб юборади.

Бир томонда Марғилоннинг юзи, гўзал ҳусни саналган жилвакор хонатласу адрас каби миллий либослари хушбичим қоматига ярашган, бошларига баҳордек барқ уриб турган ироқи дўппилар кийиб олган кумушбибидек лобару дилбар қизлар бой миллий этнографик қўшиқларимиздан хиргойи қилиб, кўнгилларга янада ўзгача қувонч улашишган бўлса, яна бир томонда ота-боболаримиздан мерос бўлган оппоқ яктагу чопонлар кийган, белида белбоғи бор алпқомат йигитлар ўзбек миллий ўйинларимиздан саналган арқон тортиш мусобоқасида ўзаро беллашдилар.

Шаҳардаги бир қатор ибратли ва намунали маҳаллалардан ташриф буюрган мўйсафид, кўнг-ли болалардек беғубор нуроний отахонлар, сувратию сийратидан нур ёғилиб турадиган ҳожи оналарнинг дуойи фотиҳалари эса айёмга янада ўзгача руҳ бағишлади.

— Ёшим олтмишдан ошди, бироқ қувончи ичига сиғмай мириқиб ўйнаётган набираларимни кўриб беихтиёр ўзим ҳам бир зумга болалик чоғларимга қайтгандек бўлдим, -дейди байрам тадбири иштирокчиси Турғунбой Турсунов. – Минг шукр, ҳар куни чексиз шодиёналарга лиммо-лим бўлган мана шундай тинч ва фаровон, мустақил юртда фарзандлар, шириндан шакар набиралар ардоғида яшаяпмиз. Мусаффо осмон остида ўтаётган ҳар кунимиз Наврўз, ҳар кунимиз тўй-у тантана…

Ҳа, осуда кунлар, қадимий ва боқий байрам шукуҳи кекса-ю ёш кўнглида бирдек мавж урмоқда. Бутун борлиқда фусункор баҳорнинг латофатли ҳусни, ҳароратли нафаси ҳукмрон.

Байрам сайли давомида шаҳардаги боғча, мактаб ва коллежлардан ташриф буюрган мураббий, ўқитувчи ва ўқувчилар ноёб турфа гуллар, ўз қўллари билан ясаган ва тиккан юмшоқ ўйинчоқлар, ироқи дўппилару, атлас-адрас матолардан тикилган шарф, шаклли ёстиқчалар, чойнак тутқич ва ёпқич, елпиғич каби буюмлардан кўргазмалар намойиш этдилар.

Шунингдек, сўлим шоҳимардондан ташриф буюрган моҳир дарбозлар қилдек ингичка арқонлар устида, давраларда кураги ерга тегмаган номдор полвонлар муросасиз курашларда, барчага бирдек табассум улашадиган масхарабозлар эса турли кўнгилочар чиқишлари орқали томошабинларнинг олқишларига сазовор бўлдилар.

Байрам дастури вилоят, шунингдек пойтахтдан ташриф буюрган эл ардоғидаги бир гуруҳ хонандаларнинг дилтортар хонишлари, қизиқчию аскиячиларнинг кўнгилочар хандалари билан янада сермазмун тарзда ўтди. Айём муносабати билан моҳир ошпазларимиз томонидан дошқозонларда миллий таомимиз — палов тайёрланиб, байрам тадбири иштирокчиларига тарқатилди.

Шу куни Наврўз айёми чинакам халқ сайлига айланиб, ҳамшаҳарларимиз чексиз қувонч ва қадриятлар оғушида хуррамлик нашидасини сурдилар.

Қуёш зартолаларини она заминдан йиғиштириб олиб, ётоғига йўналганда ҳам боғдаги байрам тантаналари давом этаверди. Наврўз васфини, она диёрни, мустақилликни соҳир овозлари ила жўшиб мадҳ этаётган Марғилон ҳофизларининг дилбар наволари Водий осмонини тутди.. Барчанинг қалбида эса бир муштарак истак жўш урди.

Асло завол кўрма суюгим элим,

Гуллайверсин мангу боғингда баҳор!

Мастурахон Саидмуродова,

Абдубанноб МАНСУРОВ,

«Марғилон ҳақиқати» мухбирлари.

Абдуҳаким РАҲМОНОВ олган суратлар.