Шрифт ўлчами Ранг Расм

<< Noyabr 2024 >>
DUSECHPAJUSHYA
    123
45678910
11121314151617
18192021222324
252627282930 

Янгиликларга обуна бўлиш


Хозир сайтда 29 нафар фойдаланувчи Ишонч телефони статистикаси
МЕРОС
МАДАНИЙ МЕРОС
Марғилон вилоят ҳокимлиги

ЮРАКЛАРГА ЖО БЎЛГАН МЕҲР

×

 2018-01-30 17:27:20    401

PDF юклаш
Чоп этиш


Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов таваллудининг 80 йиллигига

ЮРАКЛАРГА ЖО БЎЛГАН МЕҲР

(Эссе)

Дунёда шундай кишилар бўладики, улар томонидан амалга оширилган ишлар, эл-юрт тараққиёти йўлидаги улкан тарихий хизматлари йиллар ўтгани сайин сайқалланиб қадри ортиб бораверади. Ана шундай улуғ шахслардан бири шубҳасиз, Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, мустақил Ўзбекистон давлатининг тамал тошини қўйган буюк давлат арбоби Ислом Абдуғаниевич Каримовдир.

У кишининг дилбар Фарғонага, водийнинг такрорланмас тарихи, ўзига хос маданияти, сахий, саховатпеша кишиларига ўзгача меҳр-муҳаббати мужассам эди. Ҳар сафар бу гўшага ташриф буюрганларида “Мен бу заминга мутлақо бефарқ эмасман, тақдирим ҳам, ҳаётим ҳам чамбарчас боғлиқ” дея такрорлашдан сира чарчашмасди. Балки бундай фахр, ифтихор туйғуси у киши турмуш ўртоқлари, завжаи муборакларини айнан Фарғона дилбарлари орасидан танлаганликлари боисидандир.

Бундай дил иқрорларига у кишининг вилоятга ҳар галги сафар чоғларида Республика “Халқ сўзи” газетасининг вилоятдаги ўз мухбири, сўнгра вилоятнинг бош нашри “Фарғона ҳақиқати” газетасининг бош муҳаррири сифатида ҳамроҳлик қилганимда гувоҳ бўлганман.

Бундан ташқари 2012 йил 14 декабрда халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига у киши билан ёнма-ён ўтириб раислик қилганимда ҳамда 2016 йил Президент сайлови арафасида 11-Фарғона округ сайлов комиссиясининг раиси сифатида Президентликка номзод И.А.Каримов билан сайловчиларнинг учрашувини бошқарганимда муносабатлари нақадар самимийлигига, чин дилдан хапқириб халқ олдига чиққанлигига ишонч хосил қилганман.

Дарҳақиқат, Ислом Абдуғаниевич Республиканинг биринчи раҳбари сифатида вилоятларга илк сафарини ўта таҳликали, ўт ичида қолган Фарғонадан бошлаганлигини кўпчилик яхши эслайди. Асли узоқ йиллар
тўпланиб қолган можаролар сабаб, лекин месхети турклари билан қулупнай жанжалига боғланиб кетган Фарғона воқеалари авжига чиққан кунлари, Ўзкомпартия Марказий Комитетитининг биринчи котиби этиб сайланганлигининг эртасига эҳтирослар жунбушга келган, олов ичида инграётган Фарғонага келади.

Аэропортдан тўппа-тўғри месхети турклари зич истиқомат қиладиган Чекшўра қишлоғига йўл олади. Бири кабинетига, иккинчиси обкомнинг ертўласига яшириниб олган вилоят раҳбарлари у кишига ҳамрохлик қилишга ҳам улгурмайди. Можародан азият чекканлар билан ҳам, тўполонни бошқариб турганлар билан ҳам босиқлик, вазминлик, шарқона дипломатия усулини қўллаб суҳбатлашади. Марғилон, Риштон, Қўқон шаҳарларида бўлиб аҳолини, тарафкашларни тинчитиш йўлларини топади. Биринчи раҳбар билан юзма-юз суҳбатлашган аҳолида муаммоларни ҳал бўлишига ишонч пайдо бўлади. Секин-аста олов сув сепилгандай сўна бошлади.

Президент ҳар гал Фарғонага ташриф буюрганида албатта мамлакат миқёсидаги чигал муаммоларни, деҳқонларни, оддий одамларни ўйлантираётган ҳал қилиниши долзарб бўлган масалаларни ўрнида ҳал қилиб беришар эди. 1991 йилнинг кеч кузи. Мамлакат эндигина атак-чечак бўлаётган кезлар. Ислом Абуғаниевич Фарғона аэропортиданоқ у кишини кутиб олгани чиққан барча раҳбарларга, кузатувчиларга жавоб бериб юборади. Ҳокимият томонидан белгиланган ташриф йўналишига амал қилмай, яқиндаги хўжаликка бориш истагини билдиришди. Меҳмонлар кутилмаган маршрут бўйича Фарғона туманидаги Бобур номли жамоа хўжалигига йўл олишди. Хўжалик раиси Аловиддин Сатторов Саткак қишлоғи яқинидаги далаларда кузги-қишки ишларни бажарилишини назорат қилиб юрган экан. Президент раис билан қоқ шудгорнинг ўртасида суҳбат қурди. Мавзу пахтанинг харид нархи ҳақида борганида Аловиддин ака дадиллик билан “агар пахтанинг харид нархи оширилмаса, аксарий хўжаликлар банкрот бўлишини” далиллар билан исботлаб берди. Юртбоши ёнидаги ихчамгина дафтарчага раиснинг таклифларини эринмай ёзиб олди. Сўнг «катта раҳмат» айтиб хайрлашди.

Орадан бир ҳафта ўтар-ўтмай Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг пахтанинг давлат харид нархларини икки баробар ошириш, банкрот хўжаликларни қўллаб-қувватлаш тўғрисидаги қарори эълон қилинди. Бу тарихий қарор туфайли мамлакатдаги минглаб жамоа хўжаликлари иқтисодиёти жар ёқасидан тортиб олинди. Килкиллаб қолган хўжалик иқтисодий ҳаётига қайтадан жон бағишланди.

Маълумки, Биринчи Президентимизнинг мустақилликнинг дастлабки йилларидаги фаолияти осуда, бир текис кечмаган. Ўша пайтлардаги Олий Кенгашнинг ноябрь ойида бўлиб ўтган сессияси кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Ҳокимият илинжида бўлган бир гуруҳ маълун кимсалар, “бирликчилар” сессия минбаридан туриб у кишига нисбатан бўхтон ва туҳмат тошларини отишди.

Уларнинг қилмишларини бутун Ўзбекистон аҳолиси қаҳр, ғазаб билан кутиб олди. Фарғонада таниқли публицист, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Абдужаббор Хусанов раҳбарлигида “Президент шаънини ҳимоя қилиш гуруҳи” тузилди. Гуруҳнинг ташкилот ва корхоналардаги учрашувлари, тадбирлари ҳақида “Халқ сўзи” газетасида мақола ҳам берилди.

Куз кунларидаги ўша ташриф сўнггида вилоят ҳокимлигида йиғилиш бўлиб ўтди. Машваратда мен гуруҳ фаолияти ҳақида гапириб бердим. Ислом Абдуғаниевич мийиғларида ним табассум билан “хабарим бор” дея фикр билдиришди. Йиғилиш тугагач мени ҳокимнинг хонасида қабул қилишди. Гуруҳ фаолияти ҳақида атрофлича суриштиришди. Мен гуруҳ аъзолари иш режалари ҳақидаги маълумотларни олган эдим. У киши 27 кишидан иборат гуруҳнинг ҳар бир аъзосини бирма бир ким эканлигини, қаерда ишлашини эринмай суриштиришди. Пировардида ҳар бир аъзога ўзларининг миннатдорчиликларини етказиб қўйишни илтимос қилишди. Шу билан бирга “бирор киши қолиб кетса суриштираман” дея ўзбекона лутф ҳам қилдилар.

Ўтган асрнинг охирларида рўй берган табиий офат, сув тошқини – Шоҳимардон воқеаси нафақат водий, Ўзбекистон балки бутун Марказий Осиёни жунбушга келтирди. Тахликали воқеанинг эртасига тонг саҳарда Ислом Абдуғаниевич Фарғонага ташриф буюрди. Вилоятда фаолият кўрсатаётган бир гуруҳ журналистлар ҳамроҳлигида водийнинг Швецарияси деб тан олинган, лекин айни кунларда табиий офат исканжасида қолган Шоҳимардонга йўл олдик. Водил қишлоғидан ўтишимиз биланоқ кутилмаган офат қолдирган аёвсиз асоратлар кўзга ташлана бошлади. Азалдан тинч оқадиган Шоҳимардон сой қафасдан чиққан йўлбарсни эслатарди. Умбалоқ ошаётган қора бўтанали тўлқинлар дарё ўзанидан чиқиб кетадигандай ҳайқирарди. Маълумки, Шоҳимардонга қўшни Қирғизистоннинг ҳудудидан 22 километр йўл босиб борилади. Қизилжар қишлоғига борганимизда Шоҳимардонсойни ёқалаб кетган 3 километрлик йўлни тошқин бутунлай ювиб кетган экан. Машиналар эски тоғ йўли бағридан секин-аста юқорилаб борди. Баъзи жойларда пиёда юришга тўғри келди. Юртбоши ҳамма қатори тоғ сўқмоқларини оралаб Шоҳимардонга етиб борди.

Қишлоқ марказини умуман таниб бўлмас эди. Кучли сел тош-
қини тоғлардаги қулоч-қулоч, одам бўйи келадиган тошларни юмалатиб келган, асрий дарахтлар қулаб ҳаммаёқни вайрон қилиб юборган эди. Ислом Абдуғаниевич бирма-бир селдан азият чеккан хонадонларда бўлиб кўнгил сўради, уларни давлат ҳеч қачон ёлғиз қўймаслигини, ҳар томонлама ёрдам беришини қайта-қайта тушунтирди. Шундан сўнг марказдаги омон қолган ягона бино қишлоқ врачлик пункти ҳовлисида қишлоқ фаоллари, тошқинни бартараф этишга ёрдамга келган кўнгиллилар, ҳарбий қисмлар вакиллари билан йиғилиш ўтказилди. Бу ерда ҳам асосий масала аҳолини ҳимоя қилиш, етказилган зарарни қоплаш, тез кунларда табиий офат оқибатларини бартараф этиш тадбирлари ҳақида сўз борди. Йиғилиш пировардида Юртбоши “дарёнинг эски ўзани қаердан оққан деб сўраб қолишди”. Дабдурустдан берилган савол кўпчиликни ўйлантириб қўйди. Ҳақиқатдан ҳам бу масала ҳақида бирор бир киши ўйлаб кўрмаган экан. Шунда қишлоқнинг кўпни кўрган оқсоқолларидан бирини айтиб келишди. У киши дарё авваллари қишлоқ чеккасидаги тоғ ёнбағридан ўтганлигини, кейинчалик Оқсув ва Кўксув дарёларини марказнинг юқори қисмида бирлаштирилиб қишлоқнинг ўртасидан дарё олиб ўтилганлигини айтиб берди. Шунинг натижасида дарё суви ўз ўзанидан оқмай марказдаги ҳамда қуйида жойлашган хонадонларни сел ювиб кетганлиги кўпчиликка аён бўлди.

Шундан сўнг Ислом Абдуғаниевич шашт билан ўрниларидан туриб “Қани отахон бизни ўша эски ўзанга бошланг” деб тоғ бағрига қараб селдан кўпчиб ётган лойларга ҳам эътибор бермай тўпиғидан сув кечиб ота кўрсатган жойга қараб йўл олишди. Ҳақиқатдан ҳам тоғ ён бағрида Шоҳимардон сойнинг эски ўзани яққол кўзга ташланиб турарди. «Мен ирригатор эмасман, лекин ота-боболаримиз дарё эски ўзанидан янада албатта оқади деб айтишади. Дарёни энди мана шу эски ўзанига бурасизлар. Шунда сув хонадонларга ёйилмай бемалол ўз ўзанидан оқади” деб топшириқ беришди.

Ана шундай қилиб Шоҳимардонсой Юртбошининг оқил таклифи билан яна эски ўзанига бурилди. Икки дарё қўшилган жойда эса қишлоқнинг истироҳат боғи, суъний кўл, болалар майдончалари пайдо бўлди. Бу эса қишлоқнинг қиёфасини бутунлай ўзгартириб юборди.

Ислом Абдуғаниевич ўзининг бутун фаолияти давомида юртимизда ўтган улуғ алломалар, дин пешволари, мутафаккирлар, шоирлар, адибларнинг номларини тиклаш, уларнинг қолдирган меросларини авлодларга етказиш борасида ҳам асрларга татигулик ишларни амалга оширдилар. Биргина Аҳмад Фарғоний, Бурҳониддин Марғилонийларни ўз халқи бағрига қайтишини олсак, шу ишлари учун ҳам Президентимиз тарихдан абадий жой олади.

Маълумки, ўтган асрнинг охири ва XXI асрнинг бошларида юртимиз тарихидаги бу улуғ алломаларнинг юбилейлари ўтказилди. Президент юбилейлар олдидан тадбирларга қандай тайёргарлик кўрилаётганлигини ўз кўзлари билан кўриб, қимматли маслаҳатларини беришар эди. Аҳмад Фарғоний юбилейидан олдин у киши Қува туманида амалга оширилаётган тайёргарлик ишлари билан яқиндан танишишди. Алломага Қува тепалигида қўйилаётган ёдгорликни кўриб, бироз ўйланиб қолишди. Фарғона шаҳрида Аҳмад Фарғонийга юлдузлар жадвалини ушлаб турган ҳолдаги ҳайкал қўйиш режалаштирилган эди. Қувада эса рамзий қабр барпо қилиш кўзда тутилган. Шунда у киши бу ерга асосан ёшлар, меҳмонлар, айниқса янги ҳаётга қадам қўяётган келин-куёвлар ташриф буюради. Нима улар тепаликка чиқиб, рамзий қабрга сажда қилишадими, деб мутасаддиларга савол беришди. Ҳақиқатдан ҳам бу ҳақда ҳеч ким ўйлаб кўрмаган экан. У киши бу ерга ҳам улуғ бобомизнинг мўйсафид даврини эслатувчи, ҳасса таяниб узоқ-узоқларга юртининг бахтли келажагига қараб турган сиймо ҳайкалини
қўйишни тавсия қилишди. Кимдир қабрнинг атрофига саккизта колонна қўйилади, ҳайкални уни ичига қўйиш қандай бўлар экан деб қолди. Шунда Юртбоши макетдаги колонналарни олди қисмида турган иккитасини олиб ташлади. Миноранинг олди очилди. “Мана олтита колонна қолса ҳайкални ён томонидан безаб туради”. Боз устига ёдгорликнинг салобати ҳам ортади дея кулимсираб таклиф беришди.

Ҳозирги кунда Қува туманидаги Аҳмад Фарғоний мажмуасида Биринчи Президентимиз томонидан тавсия қилинган ҳайкал салобат солиб турибди. Унинг пойидан ёшлар, меҳмонлар, айниқса янги ҳаётга қадам қўяётган келин-куёвларнинг оёғи узилмайди.

Маълумки, Бурҳониддин Марғилоний таваллудининг 910 йиллигини ҳамда Марғилоннинг 2000 йиллигини ўтказиш ташаббуси ҳам Ислом Абдуғаниевичдан чиққан эди. Айтишларича дастлаб мажмуани шаҳарнинг марказий масканларидан бири – Гўриаввал маҳалласида барпо этиш режалаштирилган экан. Кейинчалик бу лойиҳага ҳам Биринчи Президентимиз ғоят қимматли таклифлар беришган. У киши мажмуани шаҳарнинг марказида эмас, балки кириш қисмида барпо этиш муҳимлигини чунки одамлар шаҳарга қадам қўйиш билан Бурҳониддин Марғилонийнинг кимлигини, у кишининг халқимиз фани, маданияти, олдидаги хизматларини яққол хис қилиб туришлари кераклигини айтишади. Ана шундай жойлардан бири сифатида вокзал олди майдони ва шаҳарнинг жанубий дарвозаси ҳисобланган йўлни тавсия қилишади. Чунки вокзалдан шаҳарга тушиб келган ҳамда Фарғона ва Қўқон шаҳарларидан ташриф буюраётган кишилар даставвал Бурҳониддин Марғилоний мажмуасини, унинг “Ал-Ҳидоя” китобини зиёрат этиб, сўнгра шаҳарга қадам қўйишларини кўзда тутган экан.

Мана ҳунармандлар ва тадбиркорлар шаҳрига қадам қўяётган юзлаб меҳмонлар, сайёҳлар албатта Бурҳониддин Марғилоний мажмуасини, унинг ҳадис илмининг гултожи бўлган “Ал-Ҳидоя” китобини зиёрат қилиб сўнг-ра шаҳарга кириб келишади.

Ўйлаб кўринг, мустақиллик йилларида юртимиздаги пойтахт, марказ мақомига эга бўлмаган қайси шаҳарда иккита йирик тадбирлар бўлиб ўтди. Бу ҳам албатта Юртбошини Марғилон шаҳрига, марғилонликларга буюк муҳаббатининг ифодаси эди.

Шу ўринда Биринчи Президентимиз томонидан асос солинган Фарғона шаҳрини бош режа асосида қайта қуриш тўғрисидаги тарихий қарорни эсламай ўтиш адолатсизлик бўлар эди деб ўйлаймиз. Чунки, 2011 йилнинг 15 ноябрь куни қабул қилинган бу тарихий ҳужжат водий маркази қиёфасини тубдан ўзгартириб юборди. Бундан атиги ўн йил аввал Фарғонага ташриф буюрган киши уни бутунлай таний олмаслиги мумкин. Чунки шаҳар ўзининг бир юз ўттиз йиллик тарихида иккинчи ҳаётини бошлади десак муболаға бўлмайди. Энг муҳими бундан беш-олти йил аввал учта, тўртта заводларнинг қора тутини бурқсиб ётган 26 гектар майдонда дунёдаги ривожланган мамлакатлар аҳолиси ҳам ҳавас қиладиган боғ пайдо бўлди. Бу ерда жаҳондаги ўнлаб мамлакатлардан келтирилган эллик хил турдаги минглаб манзарали ноёб дарахтлар барқ уриб ривожланяпти. Энг қувончлиси анашу Боғи эрам марказида Биринчи Президент томонидан тамал тоши қўйилган Ислом Каримов номидаги маданият ва санъат мажмуаси қад ростлаб турибди.

Биз сизларга юртимиз Биринчи Президентининг Фарғона билан боғлиқ воқеалардан бир шингилини ҳикоя қилдик холос. Бетакрор водий, унинг асрий шаҳарлари билан Ислом Абдуғаниевич номини узвий боғлаб турувчи яна ўнлаб, юзлаб лойиҳаларни, тадбирларни, воқеаларни санаб ўтиш мумкин. Бу тарихий ишларнинг барчаси улуғ йўлбошчини халқимиз қалбидан жой олишига, юракларга бетакрор меҳрни, ифтихорни жо бўлишига асос бўлган бўлса ажаб эмас.

Набижон СОБИРОВ,

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати.