Юридик ва жисмоний шахслар томонидан веб сайт орқали бўлган мурожаатлар
Жами мурожаатлар: 38Ишонч телефони статистикаси
СЎЛИМ БОҒИМ, ГУЛИМБОҒИМ
2018-01-30 17:24:16 358
Истиқлол бунёдкорлиги кечаётган, янгича замонавий услуб ва миллийликни ўзида уйғунлаштирган ҳолда қад ростлаётган шаҳар истироҳат ва маданият боғига кириб борар экансиз, беихтиёр “сўлим боғим, гулим боғим” деган жўшқин сўзлар тилингиздан дилингизга кўчади.
Маҳобатли, олтинсимон пештоқли дарвозадан кириб бораверсангиз, бир текис ётқизилган плиткали кенг йўлаклар четларида саф тортган қрим арчаси, дуб, каштан ва лола дарахтлари эътиборингизни тортади. Боғнинг ўнг томонида бўй чўзган шарсимон шаклдаги музқаймоқ майдончаси, яна бироз юрсангиз икки қаватли шоир Эркин Воҳидов номидаги муҳташам музей, вилоят ёзувчилар уюшмаси, ёш ижодкорлар мактаби, мусиқий зал, ҳамда ёш ижодкорлар учун 50 ўринли турар жой (ётоқхона), салкам икки минг кишилик амфитеатр биноларида ички пардозлаш ишлари жадал суратларда олиб борилмоқда. Боғнинг чап томонида эса Нуронийлар уйи, ёғочли нақшинкор кўринишдаги миллий айвони, боғ маъмурияти бинолари қурилиши ниҳоясига етказилмоқда. Бундан ташқари, бунёд этилиши кўзда тутилаётган 4 та фаввораларнинг ҳам қурилиши авжида.
-Боғда иш ҳамиша қизғин. Қурувчи йигитлар ғайрат-шижоат билан боғимиздаги бунёдкорлик ишларида жонбозлик кўрсатиб меҳнат қилмоқдалар. Асосийси ҳар бир иш сифатли ва мукаммал амалга оширилмоқда. Элнинг кўнгилочар, севимли масканига айланадиган истироҳат боғини кўрганда кўзимизу кўнглимиз қувнайдиган чинакам дам олиш масканига айлантириш, кексалар, ёшлар, аёллар ва болаларга шодлик бахш этиш асосий мақсадимиздир. Меҳнаткашлар меҳнатдан сўнг ҳордиқ чиқариш учун ҳузурбахш, гўзал ва бетакрор гўшага ошиқадилар, — дейди қурувчи муҳандис Шуҳрат Усмонов. — Бу мафтункор боғимиз ҳам келажакда халқимиз орзу умидларини рўёбга чиқарадиган, шаҳримизнинг энг гавжум ва файзли масканига айланишига шак-шубҳа йўқ. Ахир у кундан-кунга чирой очиб, сеҳрли, ажиб тароватга тўлиб бормоқда.
Инсон қўли гул. Унинг меҳнати билан яратилган тарихий обидалар замонни мозий билан боғлайди. Истироҳат боғи ҳам нафақат замондошларимиз балки, келажак авлодларга ҳам завқ ва шавқ бағишлаши, уларнинг кўнгилли дам олишларига хизмат қилиши шубҳасиз. Ашурали Мирзаев, Келдибой Рўзиматов каби моҳир қурувчилар кунлик иш суръатини ошириб астойдил меҳнат қилмоқдалар. Улар бажараётган барча ишлар таҳсину олқишарга лойиқдир.
Кузнинг сўнгги кунлари бўлишига қарамай, қуёш ўз жамолини кўз-кўз айламоқда. Боғ йўлакларига унинг заррин нурлари тушиб, тангачалар ҳосил қилаётир. Қалбида куёш илиқлиги жо бўлган маҳоратли усталар яратилаётган биноларга кўрк ва ҳусн бағишлаб унинг янада жозибадор бўлиши йўлида фидойилик кўрсатмоқдалар.
Мастурахон САИДМУРОДОВА.
Д.РАҲМОНОВ олган сурат.