Shrift o'lchami Rang Rasm

БИРИНЧИ ҚЎНҒИРОҚ САДОЛАРИ ЖАРАНГ СОЧДИ!

×

 2022-09-05 17:30:02    153

PDF yuklash
Chop etish


Эрта тонгдан шаҳримиз кўчалари юз-кўзларида қувонч билан мактаб сари ошиқаётган жажжи ўғил-қизлар, ўқувчи ёшлар билан гавжум.
Бутун республикамизда бўлгани каби шаҳримиздаги умумтаълим мактабларида ҳам “Биринчи қўнғироқ” тадбирлари “Янги Ўзбекистонда эл азиз, инсон азиз!” шиори остида ташкил этилди. 
Хусусан, шаҳардаги 9-умумий ўрта таълим мактабида билимлар куни икки карра қўшалоқ қувонч ила қарши олинди. Боиси, мактаб биноси капитал таъмирдан сўнг янада замонавий қиёфа касб этди. 
Ёзги таътил даврида мазкур мактабда 2млрд. 300 миллион сўмлик қурилиш ва таъмирлаш ишлари сифатли амалга оширилди. Энди ўқувчилар кенг, ёруғ ва шинам ўқув хоналарида илк машғулотларини бошлайдилар.
Мактабнинг тантанали очилиш маросимида шаҳар ҳокими Адҳам Зиявитдинов ҳамда вилоят Ҳунармандлар уюшмаси раиси Расулжон Мирзааҳмедовлар  иштирок этиб, ўқувчи ёшларга янги ўқув йилида улкан зафарлар тиладилар. 
- Бугун эрта тонгдан мактаб томон ошиқар эканмиз, қалбимизда ўқувчилар каби ҳаяжон бор. Ўз фарзандини узоқ вақт кўрмаган она каби уларни соғиндик. Янги ўқув йили замонавий қиёфа касб этган ўқув хоналарида бошлангани ҳам бизни қувонтирди. Бутун ўқув йили бугунги кун каби шодликларга бой тарзда ўтсин, - дейди 9-умумтаълим мактаби директори Маъмурахон Аминова. 
Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, бу йил шаҳардаги мактабларнинг 1-синфига  4500 нафар ўқувчилар қадам қўйди. Ўқувчиларга ўқув қуроллари, мактаб сумкаси, дарсликлар мажмуасидан иборат Президент совғалари топширилди.