Shrift o'lchami Rang Rasm

Эндиликда жисмоний шахслар ҳам банкрот деб топилиши мумкин

 2022-04-22 10:38:53    153

PDF yuklash
Chop etish


Хабарингиз бўлса, жорий йилнинг 12 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни имзоланди ва 2022 йил 13 апрель куни эълон қилинди.

Мазкур Қонун 17-боб, 249-моддадан иборат бўлиб, Қонуннинг мақсади юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши давлат муассасаларига ва бошқа нотижорат ташкилотларига нисбатан тадбиқ этилмайди, бундан матлубот кооперативи ёки ижтимоий фонд шаклидаги фаолиятни амалга ошираётган юридик шахслар мустасно.  

Қонунга кўра, тўловга қобилиятсизлик аломатлари қуйидагилардан иборат.

- вақтинча тўловга қобилиятсизлик – мажбуриятни 3 ойда бажара олмаслик (шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса 6 ой ичида бажаролмаслик);

- доимий тўловга қобилиятсизлик – судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетиши.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд томонидан кўриб чиқилади.Қарздор пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан унга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздорнинг ўзи ва кредитор эгадир.

Тўловга қобилиятсизлик аломатлари аниқланган тақдирда давлат солиқ хизмати, давлат статистика органлари ваколатли давлат органига устав фондида (устав капиталида) давлат улуши бўлган корхоналар ҳақидаги маълумотларни тақдим этиши шарт.

Тўловга қобилиятсизлик тартиб-таомиллари қўлланилаётганда барча кредиторларнинг манфаатларини кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси ҳимоя қилади.

Шунингдек, ушбу Қонун билан жисмоний шахсларни ҳам банкрот деб топиш мумкинлиги белгиланди.(Илгари қонунчиликда бундай тартиб-таомиллар назарда тутилмаган эди)

Жисмоний шахсга нисбатан тўловга қобилиятсизликтўғрисида иш қўзғатиш ҳақида судга ариза берган аризачи томонидан молиявий бошқарувчига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисоб варағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баровари миқдорида олдиндан пул маблағлари ўтказилади.

Тўловга қобилиятсизликнинг соддалаштирилган тартиби қўлланилганда, агар қарздор билан бошқача келишув белгиланган бўлмаса, суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш харажатларининг ўрни қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида ариза берган аризачи томонидан қопланади.

Бундан суд бошқарувчисига ҳақ тўлаш учун суднинг депозит ҳисоб варағига меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида олдиндан тўлов амалга оширилади. Суд бошқарувчисига ҳақ ҳар бир якунланган иши учун тўланади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги ваколатли давлат органидир.

Қарздорни давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш 12 ойдан 24 ойгача муддатга жорий этилади.Давлат томонидан ёрдам кўрсатган ҳолда судгача санация қилиш тартиб-таомилиунинг самарасизлиги аниқланганлиги муносабати билан бекор қилиниши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш суд мажлисида қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги иш қўзғатиш ҳақидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан 2 ойдан (аввалги қонунчиликда бу муддат 1 ой эди)ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши керак. Тўловгақобилиятсизлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда 1 ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги иш бўйича суд ҳужжатлари дарҳол ижро этилиши лозим.

Суднинг жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасини тасдиқлаш тўғрисидаги ажрими ёки жисмоний шахсни банкрот деб топиш ва унинг мол-мулкини сотиш тартиб таомилини бошлаш тўғрисидаги қарори чиқарилгунига қадар ундирувни гаровга қўйилган мол-мулкка қаратишга йўл қўйилмайди.

Жисмоний шахснинг мулкий ҳолати яхшиланган тақдирда, кредиторлар йиғилиши жисмоний шахснинг қарзини таркибий жиҳатдан ўзгартириш режасига ўзгартириш киритиш тўғрисидаги илтимоснома билан судга мурожаат қилишга ҳақли.

Ушбу Қонун кучга кириши билан 1994 йил 5 майдаги “Банкротлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни ўз кучини йўқотади.


Хусниддин БОЙНАЗАРОВ

Марғилон туманлараро иқтисодий

судининг судьяси