Shrift o'lchami Rang Rasm

ЁШЛАРНИНГ МУАММО ВА ТАКЛИФЛАРИ ТИНГЛАНДИ

×

 2020-06-17 17:37:04    199

PDF yuklash
Chop etish


Вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниевнинг марғилонлик ташаббускор ёшлар билан бўлган бугунги учрашуви ҳар галгидан ўзгача, кўтаринки руҳда ўтди.

Унда вилоят ҳокими ўринбосарлари Мирзоҳид Убайдуллаев, Файзулла Зоҳидов, Марғилон шаҳар ҳокими Адҳамжон Зиявитдинов, Фарғона ҳақиқати ҳамда Ферганская правда газеталари бош муҳаррири Муҳаммаджон Обидов, Ўзбекистон халқ шоири Энахон Сиддиқова ҳамда шаҳардаги кўплаб ҳунарманд ва тадбиркорлар иштирок этди.

Ш.Ғаниев учрашув аввалида бугунги кунда бутун республикамиз, хусусан вилоятимизда ҳам ёшларга оид давлат сиёсати асосида навқирон авлоднинг билим олиши, спорт ва бошқа йўналишларда истеъдодини намоён этиши, жамиятда муносиб ўрин топиши йўлида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг самаралари, шунингдек бугунги кунда шаҳар ва туманларимизда қад ростлаётган қўшма корхоналар ва уларда ёшларимиз бандлигининг таъминланаётганлиги хусусида тўхталиб ўтди.

Очиқ мулоқот руҳида ўтган учрашувда ёшларимиз ўзларини қизиқтирган кўплаб масалалар, жумладан бизнес ғоялари асосида якка тартибдаги тадбиркорликларини бошлаш учун банклардан имтиёзли кредитлар олиш, ҳунармандчилик йўналишини янада кенгайтириш учун шаҳардаги бўш турган бино ва иншоотлардан мақсадли фойдаланиш сингари муаммо ва таклифлари билан вилоят ҳокимига тўғридан-тўғри мурожаат қилиб, саволларига амалий жавоблар олишди.

Шаҳардаги 1-умумий ўрта таълим мактаби ҳамда Эркин Воҳидов номидаги Ижод мактаби ўқувчилари Кумушбиби Маҳмудова ва Нилуфар Эргашеваларнинг ёшлик, эрк, истиқлолни мадҳ этувчи жўшқин шеърлари тадбирга янада кўтаринкилик улашди.

Учрашув якунида турли соҳаларда юқори натижаларга эришиб келаётган бир гуруҳ иқтидорли фаол ёшлар вилоят ҳокимининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.