Shrift o'lchami Rang Rasm

САНТА-ФЕДАГИ ҒУРУР!

×

 2020-06-16 15:41:29    279

PDF yuklash
Chop etish


Фурсат инсонни шошириб, турфа технологиялар билан ҳаётни қуршаб олаётган бир паллада ҳам аср ошиб яшаётган қадриятларимиз бор. Таъбир жоиз бўлса, бу абад қадриятларнинг ҳар бири мўъжизага тенг. Бундай қиёсга сабаб уларни ҳамон эъзозлашимизда, унга эҳтиёз сезишимизда. Минг йилларга тенгдош атласчилик анъаналарида ҳам ана шундай ҳикматни кузатиб ҳунарманд халққа таъзим қилгинг келади.

Курраи заминимизнинг кўплаб нуқталарида атлас деганда Марғилонни, Марғилон деса атласни кўз олдиларига келтиришади. Табаррук диёрда ҳар икки хонадоннинг бирида дўппи тикилиши, атлас тўқилиши шундан. Дониёржон Асқаров боболаридан ана шу барҳаёт сабоқларни тинглаб улғайган. Унинг тақдири ўспиринлик чоғиданоқ бебаҳо ипакларга туташиб кетган. Фарғона политехника олийгоҳининг иқтисодиёт мутахассислигини муваффақиятли якунласада юрагининг бир четида ҳунарга бўлган меҳр гуркираб тураверди. Истеъдод дегани шу: қаерда, қай соҳада бўлмасин ижодкор-яратувчи бўлишга чорлаб туради. Дониёржон ҳам абрбандчи уста бўлиш аҳдидан қайтмади. Ўз меҳнати билан халқаро эътироф топган, Марғилонлик тажрибали уста Расулжон Мирзааҳмедовнинг этагидан маҳкам тутди.

Абрли матолар халқаро тажрибада икат (индонезча “тўқимоқ”) номини олган. Икат кўплаб Шарқ мамлакатларида кенг тарқалган. Аммо, ўзбек абрли газламаларининг бўяш ва тайёрлаш усуллари ҳам, нақшларининг мазмуни ва рангларининг уйғунлиги ҳам ғоят ўзига хос. Бошқа икат матоларидан фарқли ўлароқ ўзбек абрбандларида фақат бўйлама толаларга ранг берилади. Айни шу услуб сирларини Дониёржон пухта ўзлаштирди.

Ҳунар ҳурмат келтиради, деган ҳикмат Дониёржонга тўла-тўкис тегишли. Бебаҳо атлас ва адрасга муҳаббат билан навқирон уста халқаро майдонларга ҳам дадил кириб борди. Устози Расулжон аканинг изидан бориб, бобомерос анъаналаримизнинг қайта кўз очишига ҳисса қўшди. Кунчиқар диёрга бўлган сафарни олайлик. Ўша ерда ҳам асл ва сифатли ипакларимизни, қўл меҳнатини Ўзбекистон маданият ҳафталигида донишманд япон халқи катта қизиқиш ва илиқ эътироф ила баҳолашди. Ҳунарманднинг қалб қўри ва заҳмати эвазига яратилган иш намуналари Туркиянинг Истамабул шаҳрида бўлиб ўтган матолар фестивалида ҳам жилва сочди.

Ўзга диёрларга сафар ҳунарманд учун шунчаки саёҳат эмас. Бу Дониёржонга улкан тажриба мактаби. Шу ҳақида суҳбатлашарканмиз қаҳрамонимиз Хитойдаги хотираларини шундай баён қилди:

– Хориж ва хорижликлар билан танишув ўз навбатида маҳорат алмашинуви менинг назаримда. Тайван провинсиясида матоларда ранг уйғунлиги бўйича ўтказилган машғулотлар мен учун ғоятда ҳамиятли. Унда ўрганганларимни миллий матоларимизга сингдирдим. Натижа кутилганидек бўлди – адрасларда ўзига хослик шаклланди. 

2018 йил, июль ойи, АҚШ. Ню-Мексика штатининг Санта-фе шаҳарчаси дунё ҳунармандлари ва санъат усталари ташрифидан файз олди. 53 давлатдан 150 нафардан зиёд ҳунармандни ўз бағрида тўплаган Санта-феда ўзбек декадасинини томоша қилиб, ғуруринг юксалади. Бухоро гиламлари, воҳа кашталари, Қўқон пичоқлари, Риштон кулолчилиги намуналари ва камалакрангда товланаётган Марғилон атлас ва адраслари. Дониёржон чет тилида сўзлаётган ҳунар ихлосмандларига бирма-бир юзланади. Адрас, аъло бахмал, шойи ва бошқалар ҳақида тўлкинланиб гапиради. Бу суҳбатларнинг ҳар биттаси бир олам илҳом. Ғарбда адрасга талаб ва эҳтиёж бор. Шу боис ҳам миллий анъаналаримиз номи сарбаланд, эъзозга лойиқ.

– Президентимизнинг тадбиркор ва ҳунармандларга бўлган юксак эътиборидан руҳланиб, бир четда жим ўтиришни ўзинга эп кўрмайсан киши. Имконият яратиб берилса, имтиёз бўлса қайси иш мушкул?! Ҳатто тадбиркорларни ўйлантириб келаётган энг кичик тўсиқларга ҳам чек қўйилди, – дея истиқболдаги режалардан сўз очади Дониёржон. – 2017 йил 17 ноябрь куни қабул қилинган “Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони фаолиятимизга янги мазмун бағишлади. Шундан келиб чиқиб онлайн савдо ташкил этиш ниятим бор. Бу ҳунармандчилигимизни интернетда ҳам таништириш, миллий анъаналаримизни кенг миқёсда намоён этиш дегани.

Асрлар асраб келган атлас Буюк ипак йўлига поёндоз бўлиб тўшалди. Сержилва ипак сеҳрининг оламаро шуҳрати ҳам шунда. Қалби орзу-мақсадлар билан тўлиб тошган ёш ҳунарманднинг ўзи ҳам бугун кўплаб ёшларга устоз. Ҳар қатим ипакка меҳрини қўшиб ҳунарда кашфиёт яратаётган бу ёшлар Марғилон тимсолларини – атлас ва адрасни дунёга ёйишда давом этадилар. Бинобарин, боболар мероси бардавом.

Мадаминжон СОЛИЖОНОВ.