Shrift o'lchami Rang Rasm

ДИНИЙ ЭКСТРЕМИЗМГА ҚАРШИ МАЪРИФИЙ КУРАШ ОЛИБ БОРИШ ЛОЗИМ

×

 2020-06-15 08:52:50    221

PDF yuklash
Chop etish


Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини чуқур ва атрофлича ўрганар эканмиз, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлади. 

Бугунги кунда диний экстремизм ва терроризм ҳозирги дунёнинг глобал муаммоси экани ҳеч кимга сир эмас. Шу сабабдан ҳам оламдаги барча маърифатпарвар кучлар қатори Ўзбекистонда ҳам унга қарши курашнинг турли кенг миқёсдаги фаолияти олиб борилмоқда. Лекин шунга қарамай бу борада яна нималарга аҳамият қаратиш лозим, деган савол ҳамиша ҳам долзарб. Шу сабабдан айрим масалаларга тўхталиб ўтишни жоиз деб топдик.

Терроризмга олиб борувчи диний экстремизмга қарши маърифий кураш олиб бориш лозим. Яъни, Президентимиз иборалари билан айтганда жаҳолатга қарши маърифат, ёки яна ҳам аниқроқ айтилса, бошқа ёт ғояларга нисбатан бўлгани каби диний экстремизмга қарши ҳам ёшлар онгида мафкуравий иммунитетни ҳосил қилиш керак. Бунинг учун экстремизмни муқаддас, маърифатли, бағри кенг ислом дини билан боғлашдек ҳавфли уринишларига қарши бориб, исломни обрўйини тушуришга қарши кенг кўламда халқаро кучларни бирлаштирган ҳолда кураш олиб бориш керак бўлади. Жумладан, Ўзбекистон аъзо бўлган БМТ, ЕХҲТ, МДҲ, ШҲТ, Марказий Осиё Ҳамкорлиги ташкилоти каби бир қатор минтақавий ташкилотлар доирасида қабул қилинган экстремизм ва терроризмга қарши курашга қаратилган шартномаларнинг изчил бажарилиши бу борадаги ишлар самарадорлигини оширади.Бугунги кунда экстремистик оқимлар учун мафкуравий бўшлиқ ва қандайдир бирон норози кайфиятдаги аудитория қолдирмаслик лозим. Жумладан, ёшлар учун янги иш жойларини яратиб, уларни иш билан банд этиш, улар фаолиятини давлат ва жамоатчилик томонидан иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш зарур. Бу борада ҳозирда кенг кўламда ишлар олиб борилмоқда.

Айниқса, ҳар йили Вазирлар Маҳкамасининг Қарори билан қарийиб бир миллион янги иш ўринлари яратилаётгани, корхона ва ташкилотларда ёшлар учун имкониятлар берилаётгани бу борадаги ўзига хос ҳаракатдир. Айниқса, қишлоқ жойларида узоқ муддатли ипотека кредитлари асосида ёш оилалар учун янги уй-жойлар қурилишига кенг миқёсда эътибор қаратилаётгани ҳам ана шу масалада қўл келади. Бу борадаги ишларни янада ривожлантириш экстремизмга қарши курашда ўзига хос ўрин тутатид десак хато бўлмайди.